Norma.uz

Ваколатлар бўлмаса шартнома ҳам бўлмайди

ИШНИНГ МОҲИЯТИ 

Хусусий фирма (Харидор) ва МЧЖ (Сотувчи) 2011 йил мартида жами 50 млн сўм миқдорида етказиб бериш шартномаси туздилар. 2011 йил ноябрида улар қўшимча битим туздилар, унга кўра шартноманинг умумий суммаси 85 млн сўмга қадар кўпайди. Сотувчи ўзининг мажбуриятларини бажарди ва 85 млн сўмлик товар етказиб берди. Харидор қолган қисмга ҳақ тўламаганлиги боис Сотувчи 2011 йил декабрида хўжалик судига 35 млн сўм асосий қарз, тўловни кечиктирганлик учун 3 млн сўм пеня, 380 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилди.

Хўжалик судининг 2012 йил 1 февралдаги ҳал қилув қарори билан МЧЖнинг даъво талаблари тўлиқ қондирилди.

Ҳужжатларнинг ички текширувини ўтказиш давомида қўшимча битим қонун ҳужжатларини бузган ҳолда тузилганлиги аниқланди. Шу сабабли 2012 йил апрелида хўжалик суди Харидорнинг даъво аризасига кўра уни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Шу муносабат билан 2012 йил май ойида Харидор хўжалик судига янги очилган ҳолатларга кўра хўжалик судининг 2012 йил 1 февралдаги ҳал қилув қарорини қайта кўриш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди.

Хўжалик суди Харидорнинг аризасини қондирди ва янги очилган ҳолатлар бўйича суднинг 2012 йил 1 февралдаги ҳал қилув қарорини бекор қилди ҳамда ишни моҳиятига кўра янгидан кўриб чиқиб, даъво талабларини қондиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига қўшилмаган даъвогар апелляция шикояти берди. Апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини эса қондиришсиз қолдирди. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарорига қўшилмаган даъвогар кассация шикояти берди. Кассация инстанциясининг қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори ўзгартиришсиз, кассация шикояти эса қондиришсиз қолдирилди.

 

ХФнинг ПОЗИЦИЯСИ

ХФ директори йўқлигида қўшимча битимга унинг ўринбосари имзо чеккан. Бироқ у ўз ваколатлари доирасидан чиқиб кетган, чунки ишончномада директор ўринбосари 30 млн сўмгача миқдордаги битимларни тузишга ҳақлилиги аниқ қайд этилган. Мазкур ҳолатларни ҳисобга олиб, 2012 йил апрелида хўжалик суди ХФнинг даъво аризасига кўра ўзининг ҳал қилув қарори билан 2011 йил ноябрида тузилган қўшимча битимни ҳақиқий эмас деб топди.

2012 йил май ойида аризачига маълум бўлмаган жиддий ҳолатларнинг мавжудлиги боис ХФ хўжалик судининг 2012 йил 1 февралдаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисида ариза билан хўжалик судига мурожаат қилди.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

МЧЖ ХФ директорининг ўринбосари қўшимча битимни имзолаш учун зарур ваколатларга эга эмаслигини билмаган. МЧЖ ўзининг шартномавий мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажарди ва 85 млн сўмлик маҳсулот етказиб берди, шу сабабли мазкур ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни, ХФ аризасини эса қондирмасликни сўрайди.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини, учинчи шахснинг фикрини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, қуйидаги далилларни тасдиқлади:

1) 2011 йил мартида ХФ ва МЧЖ жами 50 млн сўм суммасида етказиб бериш шартномасини тузганлар;

2) 2011 йил ноябрида қўшимча битим тузилган ва унинг умумий суммаси 85 млн сўмга қадар кўпайтирилган;

3) Сотувчи ўз мажбуриятларини бажарган ва жами 85 млн сўмлик товар етказиб берган, Харидор эса 35 млн сўмни бермаган;

4) Сотувчи 2011 йил декабрида хўжалик судига 35 млн сўм (асосий қарз), 3 млн сўм (тўловни кечиктирганлик учун пеня), 380 минг сўм (давлат божи) ва 7 200 сўм (почта харажатлари)ни ундириш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди;

1) хўжалик судининг 2012 йил 1 февралдаги ҳал қилув қарори билан МЧЖнинг даъво талаблари тўлиқ қондирилди;

2) 2012 йил 12 апрелида Харидорнинг даъво аризаси бўйича хўжалик суди 2011 йил ноябрида тузилган қўшимча битимни, ХФ директорининг ўринбосари унга ишончнома билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиққанлиги боис, ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хўжалик процессуал кодексининг (бундан кейин – ХПК) 204–207-моддалари талабларини ҳисобга олиб, хўжалик суди суднинг ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисида ажрим чиқарди ва ХПКнинг 208-моддасига асосан ишни янгидан кўришни тайинлади. ХФ 2011 йил мартидаги етказиб бериш шартномаси бўйича етказиб берилган товар суммасини 50 млн сўм миқдорида тўлиқ тўлаганлиги муносабати билан суд даъво талабларини қондиришдан бош тортди. Давлат божи ва почта харажатларини тўлашни суд даъвогар (ХФ) зиммасига юклади.

Биринчи инстанция судининг важ-далиллари асосида апелляция ва кассация инстанциялари судлари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирдилар.

 

ШАРҲ

Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 382-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, агар ФКда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши мумкин.

Иш ҳолатларидан кўринадики, суднинг 2012 йил 12 апрелдаги ҳал қилув қарори билан қўшимча битим ҳақиқий эмас деб топилган. Мазкур ҳолат ХПК 204-моддасининг иккинчи қисми 1-бандига кўра янги очилган ҳолатлар бўйича 2012 йил 1 февралдаги ҳал қилув қарорини қайта кўриш учун асос бўлади.

МЧЖ аризаси ХПК талабларини ҳисобга олган ҳолда берилган, яъни:

1) хўжалик судига аризани жавобгар (МЧЖ) берган;

2) суднинг қўшимча битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори 2012 йил 14 майдан кучга кирган, қайта кўриш тўғрисидаги ариза эса 2012 йил 24 майда, яъни ҳал қилув қарорини қайта кўриш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар очилган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмай берилган;

3) аризачи МЧЖ аризасининг нусхаси жўнатилганлиги асос-далилини тақдим этди ва почта харажатларини тўлади;

4) етказиб бериш шартномасига қўшимча битимнинг ҳақиқий эмас деб топилиши иш учун муҳим ҳолатдир, у аризачига маълум эмас эди ва маълум бўлиши мумкин ҳам эмас эди, ушбу ҳолат 2012 йил 1 февралда ҳал қилув қарорини қабул қилаётганда хўжалик судининг хулосаларига таъсир кўрсатди.

ХПКнинг 207-моддасига мувофиқ хўжалик суди аризани у тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда кўради. Хўжалик суди қабул қилинган аризани кўриб, уни қаноатлантиради ва суд ҳужжатини бекор қилади ёхуд қайта кўришни рад этади, бу ҳақда ажрим чиқаради (ХПКнинг 208-моддаси).

ХПКнинг 208-моддаси учинчи қисмига кўра, 2012 йил 1 февралдаги ҳал қилув қарори бекор қилинганидан кейин, хўжалик суди ишни биринчи инстанция учун белгиланган қоидалар бўйича янгидан кўради. Шу сабабли суд мазкур ишни моҳиятига кўра янгидан кўрган. ХФ 2011 йил мартидаги етказиб бериш шартномаси бўйича 50 млн сўм миқдоридаги етказиб берилган товар суммасини тўлиқ тўлаганлигини ҳисобга олиб, суд даъво талабларини қондиришдан бош тортди ҳамда давлат божи ва почта харажатларини тўлашни даъвогар (ХФ) зиммасига юклади.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд 2011 йил декабрида билдирилган даъво талабларини қондиришни ҳаққоний ва асосли равишда рад қилган.

Мазкур вазиятда МЧЖ (Сотувчи) ўзининг шартномавий мажбуриятларини ҳалоллик билан бажарган, Харидорга 85 млн сўмлик товар етказиб берган. Шу сабабли, агар етказиб бериш далили, хусусан, юкхатлар ва ҳисобварақ-фактуралар билан тасдиқланса, у ФКнинг 1023-моддасига асосан хўжалик судига ХФнинг асоссиз равишда бойиганлиги тўғрисида даъво билан мурожаат қилишга ва Харидор (ХФ) амалда қўшимча битим бўйича товар олганлиги муносабати билан қарз суммасини ундириш талабини билдиришга ҳақлидир. Бундан ташқари, ФКнинг 1028-моддасига мувофиқ МЧЖ етарли далиллар мавжудлигида олинмаган даромадлар қопланишини талаб қилишга ҳам ҳақли.


Павел СИЛЬНОВ,

адвокат. 

 

Прочитано: 2112 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика