Никоҳда бўлган даврда банкдан кредит олиб, автомобиль сотиб олгандим, уни аёлим номига расмийлаштиргандим. Энди биз ажрашмоқчимиз. Харид қилинган автомобиль биргаликда орттирилган мол-мулк ҳисобланадими, биз ажрашган тақдирда кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар аёлимга татбиқ этиладими?
Эргаш К.,
Тошкент шаҳри.
– Оила кодексининг (ОК) 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, эр-хотиннинг қайси бири номига харид қилинганлигидан қатъи назар, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Агар орттирилган ашёлар оила эҳтиёжлари учун ишлатилган бўлса, эр-хотиндан бирининг кредит бўйича мажбуриятлари эр-хотиннинг умумий мажбуриятлари деб ҳисобланади (ОКнинг 34-моддаси иккинчи қисми).
Шу тариқа, сиз мол-мулкни ҳам, кредит бўйича мажбуриятларни ҳам бўлишга ҳақлисиз. Бунда бўлиш никоҳ даврида ҳам, уни бекор қилиш ҳолатида ҳам амалга оширилиши мумкин. Мол-мулк ва мажбуриятларни бўлиш чоғидаги эр-хотин ихтилофлари суд томонидан ҳал қилинади.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.