Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 24-25 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Истеъдодингни хор қилма, йигит!

Эндиликда ҳар хил дискотека ва кўнгилочар жойларда нур-ранг жилоси ила янграётган мусиқа ҳеч кимни ажаблантирмайди. Яқин-яқинларгача шундай мусиқа қурилмаси ноёб буюм саналарди. Унга эга бўлиш учун баъзилар жиноятдан ҳам тап тортмасдилар.

 

Тергов амалиётимда бу иш ёдимда сақланиб қолганлиги боис ўшанда хизмат бурчини бажариш талаби ва жиноят йўлига кириб қолган ёш истеъдод эгасига ачиниш ҳиссиёти бироз муддат тараддудга солиб қўйган эди мени.

Бир куни эрта тонгда трамвай-трол­лейбус бошқармаси ходимлари трамвайнинг охирги бекатидаги кичик станция батамом ғорат қилинганлигини аниқ­ладилар. Кириш эшиги бузиб вайрон қи­линган, ичкарида талайгина деталлар йўқолган эди. Терговчи тариқасида менга барча керакли ҳужжатлар қатори уларнинг тўлиқ рўйхати тақдим этилган эди. Сўроқ вақтида мутахассислар хавотирланганликларини яшира олмаган ҳолда ана шу йўқолган қисмлардан бемалол радиостанция йиғиш мумкинлигини айтиб бердилар.

Ўғирланган нарсаларнинг қиймати бузғунчилик оқибатида етказилган умумий зарар суммасини ҳам қўшганда йирик миқдордаги ўғриликка тенглашиб қолар эди. Давлат корхонасига зарар етказилганлиги боис, бу жиноят учун қаттиқ жазо назарда тутилган – узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиш мумкин эди.

Терговчи сифатида ўз вазифамни бажардим, бинобарин воқеа содир бўл­ган жойни кўздан кечирдим, зарур ҳуж­жатларни тўпладим, ишга дахлдор барча кишиларни сўроқ қилдим, керакли экспертизаларни тайинладим. Бу орада тезкор ходимлар жиноятчини (ёки жиноятчиларни) қидириш билан машғул бўлдилар. Иш ўғри топилгунча шу зайил – жадал давом этди. Ўғри ранг-нур жилоси ила янграйдиган мусиқа қурилмасининг ашаддий шайдоси бўлган ёшгина йигит экан. Зарур деталларни сотиб олишга қурби етмагани учун кичик станцияга ўғриликка тушган ва керакли нарсаларни ўмарган. Балоғат ёшига етган – ўн саккиз яшар йигит оғир жиноят содир этаётганлиги ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаган. Қўлга олинган куни у ранг-нур таралувчи мусиқа қурилмасини йиғиб улгурган ва ўз қурилмаси билан дўстларини, севган қизини хушнуд этаётган экан. Агар жиноий қилмиш содир этмаганида бу йигитни ноёб қобилияти учун ҳурмат қилса арзирди.

Йигит биринчи сўроқдаёқ ҳеч нарсани рад этмади. Содир этган жинояти тўғрисида тўлиқ ва очиқ-ошкора кўр­сатма берди, тергов тугаганига қадар кўрсатмаларини ўзгартирмади. Буни ҳар қандай терговчи ва судья жиноятчининг чин кўнгилдан пушаймонлиги далили сифатида эътиборга олади. Жиноят кодексининг оғир жазо назарда тутилган моддаси билан жавобгарликка тортилаётганини айтганимда, гапнинг рости, йигитча довдираб қолди. Ўғирлик содир этаётганлигини тушуниб турса-да, қилмиши учун қанақа жазо назарда тутилганлиги хаёлининг бир учига ҳам келмаган экан. Лекин қонунни билмаслик, маълумки, жавобгарликдан озод этмайди. Қолаверса, бировнинг нарсасини олиш, яъни ўғирлаш мумкин эмаслиги болаликданоқ ҳар кимнинг қулоғига қуйиб келинади.

Жиноятчига нисбатан судга қадар эҳтиёт чорасини танлаш менинг ихтиёримда эди. Таъкидлаш жоизки, яшаб турган жойидан четга чиқмаслик ҳақида тилхат бериш ёки ҳибсга олиш ўша кезлари асосий эҳтиёт чораси саналарди. Кодекснинг унча оғир бўлмаган жиноятлар тўғрисидаги бир хил моддаларида жазо тариқасида турли чоралар (жарима ва ахлоқ тузатиш ишларидан унча кўп бўлмаган муддатларга озодликдан маҳрум қилишга қадар бўлган жазо чоралари) назарда тутилган бўлса, терговчи судга қадар эҳтиёт чорасини танлаш имкониятига эга эди.

Юқорида сўз юритилаётган ҳолатда, афсуски, эҳтиёт чорасини танлашда иложсиз эдим. Мен тергов олиб бораётган жиноятчи айбланаётган моддада анчагина муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Демак, йигитни судга қадар ҳибсга олишим керак. Бироқ биринчи кунги сўроқнинг ўзида у яшаш жойини рухсатсиз тарк этмаслик ҳақида тилхат бериб уйида қолдиришимни илтижо билан сўради: онаси касалхонада ётиғлиқ экан. Аёл юрак хасталиги хуружи билан даволанаётганлиги боис, ўғлининг қамалганлиги унга ёмон таъсир этиши мумкин эди.

Мабодо, рўпарамда айбини тан олмаётган ашаддий жиноятчи турганида, мен унинг яшаш жойини рухсатсиз тарк этмаслик ҳақидаги тилхатини олиб, уйида қолдиришга асло кўнмаган бўлар эдим. Лекин қаршингда ёш, ғўр, истеъдодли йигит кўзлари жиққа ёш ҳолда, илтижоли мўлтираб тургач, иккиланиб қоларкан киши. Ундан шифохонадан маълумотнома келтириб беришини сўрадим. Эртасигаёқ у шундай маълумотнома олиб келди.

Тилхатни расмийлаштирар эканман, жиноят иши қўзғатилган кундан эътиборан икки ой ўтгунига қадар мен ишни судга оширишим ва айбланувчини қамоққа олишим шарт эканлиги ҳақида уни огоҳлантирдим, акс ҳолда қоидани бузганлигим учун ўзимга жазо беришади. У қўнғироқ қилганим ҳамони, юклари билан дарҳол етиб келишга ваъда қилди.

Иш амалда бу муддатдан олдинроқ якунига етди, лекин йигитчанинг онаси касалхонадан шифоланиб чиқмагунча, ишни судга оширмадим. Айблов хулосасини имкон қадар холислик билан баён этдим, айбланувчи жиноятни, гарчи қасддан қилган бўлса-да, қилмишнинг бутун оғирлигини англамаган ҳолда содир этганлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим.

Бошқа ишлар билан машғул бўлар эканман, баъзи-баъзида тилхатни эслаб йигит ваъдасини бузмаётирми деб суриштириб қўярдим. Зотан, бу раҳмдиллигим учун ўшанда ишимдан маҳрум бўлишим ёки қаттиқ жазо олишим мумкин эди.

Тайинланган куни азбаройи ҳаяжон­ланганимдан ҳавонинг авзойига қарай­ман. Айтилган вақтга 20 дақиқа қолганида, прокуратура олдидаги ўрин­диқда уни бир қиз билан ўтирганини кўриб бирам енгил тортдимки... Ёнларига чиқиб, онаси тузалганлигини ва ҳозир уйда эканлигини билдим. Ўғлининг қилмишидан ҳам воқиф бўлибди. Йиғи-сиғи қилган бўлса-да, жазо муддатини омон-эсон ўтаб келишини яратгандан сўраётган экан. Мен йигитни хизмат хонамга олиб кирмадим, очиқ ҳавода, севган қизи ёнида яна бир оз муддат бўлишига қўйиб бердим.

Туман милиция бўлимига қўнғироқ қилиб, айбланувчини ҳибсга олишим зарур эканлигини маълум қилгач, қамоққа олиш тўғрисидаги қарор билан прокурор ҳузурига санкция олиш учун йўл олдим. Шундай модда билан айбланаётган шахс ҳанузга қадар тилхат асосида очиқда юрганлигини билиб, унинг кўзлари косасидан чиқиб кетгудек бўлди. «Қамоққа олиш учун мен уни энди қаердан қидираман?!», – деди прокурор бўғилиб. Айбланувчи бинонинг олдида қамоққа олинишини кутиб ўтирганини айтганимда, прокурор анграйиб қолди. Мен бор гапни, вазиятни тушунтирар эканман, бунақа раҳмдиллик билан сизлар мени бир кун инфаркт қиласизлар, деди.

Хуллас, ҳаммаси хайрли тугади.

 

Ольга МАРШАНСКАЯ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси

марказининг давлат суд эксперти.

Прочитано: 2273 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика