Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси («Ергеодезкадастр») томонидан ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер тузишни ва ерлар мониторингини ташкил қилиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, ошириш ва қайта тиклаш борасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
«Ергеодезкадастр» ва унинг ҳудудий бошқармаларида Ер кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш, ердан фойдаланиш ва бу борада йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда жорий йилнинг I чорагида 90 га яқин хўжалик юритувчи субъектнинг қарийб 80 минг гектар ер майдони текширилди. Натижада 72 минг гектардан ортиқ майдонда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан жазо чоралари қўлланилди.
Мутахассисларнинг айтишича, айрим фуқаролар ўз кўчмас мулкига бўлган ҳуқуқини тўла таъминлаш, яъни давлат кадастр рўйхатидан ўтказиш мажбуриятига эътиборсиз қарамоқда. Мисол учун, 45 тумандаги аҳоли томорқаларида йўқлама олиб борилганда, қарийб 106 минг хонадон томорқадан тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.
Давлат кадастрлари ягона тизимини яратиш тадбирларида соҳага ахборот-коммуникация ва геоахборот технологиялари, интерфаол давлат хизматлари босқичма-босқич татбиқ этилаётгани хусусида ҳам сўз юритилди.
ЎзА материали асосида.