Norma.uz

Декрет вақтида ишлаганлик учун иш берувчи жавоб бермайди

Ташкилот ходимаси декрет таътилига чиқди. 2014 йил 3 мартгача ишлади ва шу йилнинг феврали учун иш ҳақи олди. Бироқ бухгалтерияга тақдим этилган ҳомиладорлик ва туғиш бўйича касаллик варақаси 6 февралдан 11 июнгача очилган эди.

Агар у 6 февралдан 2 мартга қадар ишлаган ва иш ҳақи олган бўлса, ушбу даврга ҳақ тўланадими?

 

– Ҳомиладорлик ва туғиш таътили (амалиётда у кўпинча «декрет таътили» дейилади) берилиши аёллар учун жуда му­ҳим кафолат бўлиб, ишни оналик билан бирга юритишни, она ва боланинг соғлиғини ҳимоя қилишни таъминлайди.

Меҳнат кодексининг (МК) 233-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, аёлларга туққунга қадар 70 календарь кун ва туққанидан кейин 56 календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – 70 календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг1 (бундан кейин – 1136-сон Низом) 40-бандида мус­таҳамланган ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (бундан кейин – варақа) асос бўлади. Унинг 42-бандига кўра ушбу нафақа (шу жумладан, ҳомила тушган ҳолларда ҳам) варақада кўрсатилган барча давр учун тўланади.

Сиз кўрсатган вазиятни ҳал этиш учун қуйидаги ҳуқуқий ­меъёр­ларни ҳисобга олиш зарур.

МКнинг 149-моддасида ижтимоий таътиллар, шу жумладан ҳомиладорлик ва туғиш таътили санаб ўтилган. МКнинг 151-моддаси учинчи қисмида белгиланганидек, улардан асли ҳолида фойдаланилади ва уларни пуллик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди. Агар ишловчи аёл варақа очиб, уни иш берувчидан яширса, туғишгача қанчадир вақт мобайнида ишласа, иш берувчи ушбу ҳолда унга ҳомиладорлик ва туғиш таътилини ўз вақтида бермаганлик учун жавобгар бўлмайди. МКнинг 16-моддаси иккинчи қисмига кўра, ҳар бир ходим ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш ҳуқуқига эгадир. Демак, иш берувчи ҳомиладор аёлга варақа амал қилишининг муайян даврида ишлаганлиги учун иш ҳақи тўлаши шарт. Хатдан кўринадики, ташкилотингиз қонун кўрсатмасини бажариб, ҳомиладор ходимага февралдаги меҳнати учун ҳақ тўлаган.

Ходимангизга 126 календарь кун давом этадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътили, варақада белгиланган вақтдан қатъи назар, 2014 йил 3 мартдан берилиши керак. Бундай муддатли таътил беришнинг зарурлиги МКнинг 233-моддаси иккинчи қисмида бевосита кўрсатилган. Унда белгиланишича, таътил жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади. Бошқача айтганда, ҳатто ходима туғишидан 70 календарь кундан кам вақт олдин варақа келтирса ҳам, иш берувчи ходимага жами (126 кун2) ҳисобда ва тўлиқ ҳажмда туққунга қадар (70 кун) ва туққанидан кейин (56 кун3)таътил бериши шарт.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномаларни бериш тартиби тўғрисида йўриқнома4 (бундан кейин – 873-сон Йўриқнома) 30-бандининг олтинчи хатбошисини ҳам ҳисобга олиш лозим, унга кўра ҳомиладор аёл ҳомиладорлик ва туғиш таътилини расмийлаштириш учун ўз вақтида мурожаат этмаган ҳолда варақа мурожаат қилинган кундан бошлаб, агар мурожаат туғишдан сўнг кўпи билан 6 ойдан кейин қилинган бўлса, берилади. Демак, ўз вақтида мазкур таътилни расмийлаштириш учун мурожаат қилмаган ходимангиз туғиш кунидан бошлаб 6 ойлик муддатдан кечиктирмай варақани олиши ва тақдим этиши мумкин.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасига келсак, МКнинг 286-моддасида кўрсатилганидек, у ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даврида тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади. Демак, нафақа таътилнинг бирор-бир қисмига эмас, балки таътилнинг бутун даврига тўланади. Нафақа меҳнат қобилияти тикланган, ногиронлик белгиланган, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган, вафот этган ёки бола туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат қилинганда тўланади (1136-сон Низомнинг 5-банди).

Ходимангиз варақасидаги маълумотлар унга таътил беришнинг реал муддатларига зид бўлиб қолади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг муддати ва уни бериш тартиби МК билан белгиланишини эътиборда тутиш лозим.

Шундан келиб чиқиб, 873-сон Йўриқноманинг қоидаларига қараганда юқорироқ юридик кучга эга бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида МКнинг ­меъёрларига амал қилиш ке­рак. Юқорида таъкидланганидек, МКда ҳомиладорлик ва туғиш таътилини тўлиқ ҳажмда, уни пуллик компенсация билан алмаштирмасдан асли ҳолида бериш белгиланган. Таътил иш берувчининг тегишли қарори (буйруғи) билан расмийлаштирилади. Ходима меҳнат фаолиятини амалга оширган давр (2014 йил февраль ойи) учун таътил беришга, албатта, йўл қўйилмайди.

Ниҳоят, 873-сон Йўриқноманинг 30-банди олтинчи хатбошисидан келиб чиқилса, тегишли тиббий муассаса ходимангизга янги варақа бериб, унда ҳақиқатда берилган таътил даврини кўрсатиши мумкин.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

Тимур МУМИНОВ,

эксперт-юристларимиз.

Прочитано: 6005 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика