Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 24-25 / Ахборот-коммуникация технологиялари

Сиз олган товарнинг штрихли коди борми?

Ҳозир биз минглаб ахборотнинг исканжасида яшаётганга ўхшаймиз: телевидение, радио, интернет замонамизнинг энг илғор ахборот ташувчиларига айланган. Шулар қаторида товарларда ўрнатиладиган штрихли кодлар ҳам ўзига хос ахборот ташувчи манба ҳисобланади. Штрихли кодларнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб бериш учун биз «GS1 Uzbekistan» уюшмаси ижрочи директори Асқарали ҲАЙДАРОВ билан суҳбатлашдик.

 

– Асқарали ака, штрихли код деб аталувчи ахборот ташувчининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида қисқача гапириб берсангиз.

– Савдо жараёнларида истеъмолчиларнинг товарларни харид қилиш қобилияти савдонинг ўсишига ва ишлаб чиқаришнинг кенгайишига, қўйингки, иқтисодий ўсишга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Шундай экан, бугунги кунда автоматлаштирилган савдо марказлари ва супермаркетларда, ҳаттоки кичикроқ дўконларда ҳам товарлар штрихли кодлар орқали ўқилади ҳамда автоматик тарзда уларнинг ҳисоби юритилиши таъминланади. Муайян товарни харид қилиш-қилмаслигимизни ҳам баъзида ана шу штрихли код ҳал қилиши мумкин.

Товарларда штрихли кодларнинг бўлиши, биринчидан, уларнинг ҳисоби юритилишида жуда кам вақт сарфланишига, иккинчидан, харидорларнинг вақти тежалиши ва исталган товарларни тез фурсатда сотиб олишига, учинчидан, маҳсулотнинг савдо жараёнларида тез сотилишига имкон яратади. Бошқача айтганда, штрихли коднинг мавжуд бўлиши савдо иштирокчиларига савдо жараёнларида ўз манфаатларини тезкор ифода этишлари учун шарт-шароит ҳозирлайди.

– Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товар ва маҳсулотлар учун штрихли кодни олиш имконияти ҳақида сўзлаб берсангиз. Умуман, товарларда штрихли коднинг мавжудлиги нимани англатади?

– Албатта, Ўзбекистонда штрихли кодни олиш имконияти мавжуд. Бизнинг «GS1 Uzbekistan» автоматик идентификациялаш ва маҳсулотларни рақамлаш халқаро уюшмамиз айнан шундай фаолият билан шуғулланувчи ташкилот ҳисобланади. Уюшмамиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 999 йил 21 сентябр­даги «Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарларга штрихли кодлашни жорий этиш тўғрисида»ги 438-сон Қарори асосида Ўзбекистон товарларининг ички ва хорижий бозорларда рақобатбардошлилигини ошириш, товар ишлаб чиқарувчини товарларни рақамлашнинг халқаро тизимлари доирасида идентификациялаш, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, товарлар ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилган ҳисобини юритишни таъминлаш мақсадида ташкил этилган.

Уюшма республикамиз ҳудудида фаолият кўрсатувчи ихтиёрий аъзоликка асосланган нотижорат ташкилоти бўлиб, у «GS1» ягона халқаро тизимидан фойдаланувчи аъзо-корхоналардан ташкил топган. «GS1 Uzbekistan» уюшмаси «GS1» халқаро ташкилоти аъзоси ҳисобланади ва Ўзбекистонда 1998 йилдан бери фаолият юритади. Ушбу халқаро ташкилот томонидан Ўзбекистон учун 478-префикси таъсис этилган.

 

«GS1» тизими бу – бутун дунёда энг кенг тарқалган автоматик идентификациялаш ва товарларни рақамлаш стандартлари тизими бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 160 дан ортиқ давлатида 2 млн корхона GS1 стандартлари ва ечимларидан кундалик амалиётда фойдаланади. Ҳар куни 5 млрд дан ортиқ GS1 штрихли кодлар сканерланади. Шу рақамнинг ўзи бу тизимнинг савдо жараёнларидаги роли қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатмоқда.

«GS1 Uzbekistan» уюшмаси фаолиятининг асосий йўналиши эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида «GS1» халқаро автоматик идентификациялаш ва маҳсулотларни рақамлаш тизимидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўлиб, мазкур тизимнинг стандартлари ва ечимларига штрихли кодлаш, маълумотларни электрон узатиш ва синхронлаштириш, радиочастотали идентификациялаш ва бошқа соҳалар киради.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг барча соҳаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилиши, қолаверса «электрон ҳукумат» тизимини ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиқиб, «GS1 Uzbekistan» уюшмасида ҳам Уюшма ҳақида кенг маълумот олиш ва барча керакли ҳужжатларни электрон сайт орқали тўлиқ расмийлаштириш имконини яратувчи замонавий сайт яратилди. Мазкур сайт орқали барча тадбиркорлик субъектлари ўзаро мулоқотларни, шунингдек, ҳужжатлар алмашинувини амалга оширишлари мумкин.

– Штрихли кодга эга бўлиш унинг эгасига айнан қандай афзаллик беради?

– Штрихли кодларнинг энг қулай жиҳатларидан бири товар ишлаб чиқарувчи корхонада ишлаб чиқарилган, сотиладиган, омборда сақланадиган ва транспортда ташиладиган маҳсулотини идентификациялаш, яъни алоҳида маълумотлар базасини яратиш ва уни назорат қилиш имконини беришида кўринади. Бу эса корхонада қанча маҳсулот ишлаб чиқарилганидан тортиб, қанча маҳсулот сотилганигача ва омбордаги товарларнинг қолдиғигача бўлган маълумотларнинг автоматик ҳисобини юритиш ва маълумот олишга кўмаклашади.

«GS1 Uzbekistan» уюшмаси аъзо­лари бутун аъзолик даврида GS1 тизимининг стандартлари ва ечимларидан фойдаланишлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни штрихли кодлаш учун чекланмаган миқдорда GS1 тизимидаги идентификацияловчи рақамларни олиши, қўшимча тўловларсиз, аъзолик бадали ҳисобига барча бошқа хизматлардан фойдаланиши мумкин.

Халқаро қоидаларга кўра, «GS1 Uzbekistan» уюшмасига аъзо бўлиш ихтиёрий тарзда амалга оширилади. Корхонани ўз маҳсулотларига штрихли кодларни босишга мажбурловчи халқаро стандартлар ва келишувлар мавжуд эмас, шунинг учун маҳсулотларни штрихли кодлаш ва GS1 Миллий ташкилотига аъзо бўлиш ҳақидаги қарор қабул қилиш фақат корхона-ташкилотнинг ўзига боғлиқ.

 

«CБХ» мухбири
Нодир АЛИМОВ
суҳбатлашди.

Прочитано: 2989 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика