Турмуш ўртоғим йирик компанияда менежер бўлиб ишлайди. Уни Навоий шаҳридаги кўргазмага хизмат сафарига юборишди. Кўргазма дам олиш кунлари – шанба ва якшанбада ўтказилди.
Компания отгуллар бериши ёки ишланган дам олиш кунлари учун ҳақ тўлаши керакми?
Светлана.
Тошкент вилояти.
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида йўриқноманинг (МВ ва МАИМҚВнинг АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Йўриқнома) 1-бандига асосан хизмат сафари деб ходимни ташкилот, муассаса, бирлашма, корхона (бундан кейин – ташкилот) раҳбарининг фармойиши бўйича, ўзининг доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун бошқа жойга, маълум бир муддатга юборилиши (бориб келиш) тушунилади.
Ташкилотлар ходимларини хизмат сафарларига юбориш ушбу ташкилотларнинг бошлиқлари томонидан амалга оширилади, буйруқ ва сафар гувоҳномасини бериш билан расмийлаштирилади (Йўриқноманинг 2-банди).
Хизмат сафарига юборилган жойда ҳақиқатда ўтказилган вақт хизмат сафари гувоҳномасида хизмат сафари жойига келган кундан хизмат сафари жойидан кетган кун жойига белги қўйиш орқали аниқланади (Йўриқноманинг 5-банди).
Хизмат сафарига юборилган ходимнинг хизмат сафарида бўлган муддатида ва йўлда бўлган муддатда иш жойи (лавозими), ишбайлар учун ўртача иш ҳақи ёки мансаб маоши ёки ходимларнинг бошқа тоифалари учун ставкалари сақланиб қолади (Йўриқноманинг 8-банди).
Шуни қайд этиб ўтамизки, хизмат сафари даврида жўнаш, келиш, йўлда бўлиш кунлари ишни, меҳнат вазифасини бажариш кунларига киради, чунки ходимлар хизмат топшириғини бажариш учун иш берувчининг фармойишига кўра хизмат сафарига юбориладилар.
Ушбу даврга, хусусан ходимнинг йўлда, ишда бўлиш кунларига ва жўнаш кунига тўғри келадиган дам олиш кунлари учун, Меҳнат кодексининг (МК) 157-моддасига кўра, дам олиш кунларидаги иш сингари ҳақ тўланиши керак.
Агар ходим атайин дам олиш ёки байрам кунларида ишлаш учун хизмат сафарига юборилган бўлса, ушбу кунларда ишлагани учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ компенсация тўланади (Йўриқноманинг 7-банди иккинчи хатбошиси).
Шу тариқа, жўнаш куни, ходимнинг йўлда бўлиш, хизмат сафари даврида ишлаш кунларига тўғри келадиган дам олиш кунларига камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Ходимнинг хоҳишига биноан, яъни унинг аризаси бўлса, хизмат сафарининг кўрсатилган дам олиш кунлари учун ҳар бир ишланмайдиган кунга дам олиш куни берилган ҳолда бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади (МКнинг 157-моддаси).
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,
эксперт-юристимиз.