Norma.uz

Мақсадга эришилди. Энди нима қилайлик?

КОМИССИЯ ЧОРА КЎРАДИ

Амалда тугатиш жараёни тегишли ижро варақаси берган ҳолда суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин бошланади. Агар тайинланган тугатиш комиссияси суднинг ҳал қилув қарорини бажармаган ёки жамоат фонди органлари ёхуд мансабдор шахсларидан бирортаси уни тугатишга тўсқинлик қилган ҳолдагина бундай жараённи ўтказиш зарурдир. Қолган ҳолларда суд ижрочилари тугатишда амалда иштирок этмайдилар ҳамда ушбу жараённи ўтказиш тугатиш комиссияси ва фонднинг ишлайдиган ходимлари зиммасига тушади.

Жамоат фондларини тугатиш тартиби тўғрисида алоҳида низом назарда тутилмаганлиги боис амалиётда уларни тугатиш чоғида Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида низом (Президентнинг 27.04.2007 йилдаги ПҚ-630-сон Қарори билан тасдиқланган) ­меъёрлари қўлланади.

Чунончи, юқорида кўрсатилган Низомга мувофиқ суднинг ҳал қилув қарори ва (ёки) васийлик кенгаши (муассислар) баённомасига биноан тугатиш комиссияси суд томонидан жамоат фондини тугатиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилингандан кейин:

а) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда корхона ходимлари билан меҳ­натга оид ҳуқуқий муносабатларни тўхтатиш чора-тадбирларини кўради;

б) фонднинг активлари ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хатловдан ўтказади, шу жумладан фонд қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари реестрини тузади;

в) йил бошидан бошлаб суд томонидан тугатиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган санагача бўлган даврда фонд томонидан тўланадиган барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тузади;

г) фонднинг дебиторлик қарзларини олиш, шунингдек тасдиқнома олган ҳолда кредиторларни аниқлаш ва унинг тугатилиши тўғрисида уларни ёзма равишда хабардор қилиш чора-тадбирларини кў­ради;

д) бир ёки бир неча даврий босма нашр­ларда фонднинг тугатилиши тўғрисида эълонлар берилишини ташкил қилади, эълонларда қуйидагилар кўрсатилади:

фонднинг тўлиқ ва қисқартирилган номи (шунингдек корхонанинг тугатишдан олдинги йил мобайнида ўзгартирилган барча тўлиқ ва қисқартирилган номлари кўрсатилади);

фонднинг жойлашган жойи (почта манзили), солиқ тўловчи идентификация тартиб рақами (СТИР);

рўйхатдан ўтказилган санаси ва рўй­хатдан ўтказган орган тўғрисидаги маълумотлар;

тугатиш тўғрисида қабул қилинган қа­рор тўғрисидаги маълумотлар (муассислар ёки васийлик кенгаши мажлиси баённомаси ёхуд суд ҳал қилув қарорининг санаси ва тартиб рақами кўрсатилади);

кредиторларнинг талаблари кўрса­тилган ҳолдаги аризаларни қабул қилиш муддати, ушбу муддат эълон чоп этилган вақтдан бошлаб 2 ойдан кам бўлмаслиги керак.

Тугатиш комиссияси раисини тайин­лаш ва тегишли ишончнома билан унга комиссия қабул қилган қарорлар доирасида барча ҳужжатларни имзолаш ваколатини бериши мақсадга мувофиқдир.

Рўйхатдан ўтказувчи орган жамоат фон­дини тугатиш тўғрисида суднинг ҳал қи­лув қарори нусхаси олингандан сўнг кейинги кундан кечиктирмай ННТ давлат реестрига фонд тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади ҳамда бу тўғрида у давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати ва статистика органларини хабардор қилади. Амалиётда, адлия органларида аниқ меъёрий кўрсатмаларнинг йўқлиги боис, юқорида кўрсатилган маълумотлар фондларнинг ўзлари томонидан юборилади.

Фонд рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ хизмати адлия органининг билдиришномаси олинган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида молия-хўжалик фаолиятини текширишга (тафтиш қилишга) киришади, унинг муддати 30 календарь кундан ошмаслиги керак.

Кредиторлар томонидан талаблар тақ­дим этилиши учун белгиланган муддат тугагач ва солиқ хизмати томонидан ўтказилган текшириш натижаларини, шунингдек тузилган ижро ҳужжатлари реестрини ҳисобга олган ҳолда оралиқ тугатиш баланси лойиҳаси тузилади. У тугатиш комиссияси (тугатувчи) томонидан тасдиқланади. Тасдиқлангандан кейин кредиторларга қуйидаги навбат бўйича пул суммаларини тўлаш амалга оширилади:

биринчи навбатда – фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, алиментларни ундиришга ва муаллифлик шартномалари бўйича пул тўловларига доир талабларини, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигига етказилган зарар учун фонд тегишли вақтбай тўловларни соқит қилиш йўли билан жавоб берадиган талабларини қондириш;

иккинчи навбатда – бюджетга тўлов­лар;

учинчи навбатда – бошқа кредиторларнинг талаблари.

Барча кредиторларнинг талабларини қондириш учун маблағлар етарли бўл­маган тақдирда фонднинг мол-мулки кимошди савдосида реализация қили­нади.

Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тугаллангандан, шунингдек фонд қарз­дор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатлари амалда ижро этилгандан кейин, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, молиявий санкциялар суммаси, шу жумладан, текширишлар якунлари бўйича тўлангандан кейин, фонднинг мол-мулки «Жамоат фондлари тўғрисида»ги Қонун (29.08.2003 йилдаги 527-II-сон) 37-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ мақсадларга берилганидан кейин тугатиш комиссияси тугатиш балансини тузади. У давлат солиқ хизмати органига топширилади, у тугатиш балансини қабул қилганидан кейин солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз бўлмаган тақдирда, 1 иш куни мобайнида тугатувчига бу тўғрисида хулоса бериши шарт.

Солиқ хизматининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисидаги хулосаси олингандан кейин тугатиш комиссияси фонднинг қолган пул маблағлари ва мол-мулкини васийлик кенгаши баённомасидаги (суднинг қал қилув қароридаги) кўрсатмаларни ҳисобга олиб, ўхшаш устав мақсадлари ва вазифаларига эга бўлган ташкилотга ёки хайр-эҳсонга беради. Сўнгра банкка асосий ҳисобрақамни ёпиш тўғрисидаги ариза-топшириқнома билан мурожаат қи­лади. Банк 1 иш куни мобайнида фондга тегишли бўлган ҳисобрақамни ёпади ва асосий ҳисобрақамнинг ёпилгани тўғ­рисида маълумотнома беради.

Тугатиш комиссияси асосий ҳисобрақам ёпилгандан кейин 3 иш куни мобайнида давлат архивига фонднинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларини топширади.

Шундан кейин тугатиш комиссияси фонднинг муҳр ва штампларини йўқ қилиш учун ички ишлар органларига топширади ва тегишли маълумотномани олади.

Юқорида кўрсатилган барча таомиллар бажарилганидан кейин тугатиш комиссияси қуйидаги ҳужжатларнинг нусхаларини судга, аслини эса адлия органларига юборади:

● бир ёки бир неча даврий босма нашр­ларда чоп этилган фонднинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги эълонни;

● давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;

● фонднинг барча ҳисобрақамлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномаларини;

● агар мавжуд бўлса, барча лицензиялар (рухсатномалар, патентлар)ни;

● давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисидаги хулосасини;

● фонд ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани;

● корхонанинг муҳр ва штамплари йўқ қилинганлиги тўғрисида маълумотномани.

Юқорида кўрсатилган ҳужжатлар олинганидан кейин адлия органлари ННТ давлат реестрига жамоат фонди тугатилганлиги тўғрисидаги ёзувни киритадилар ҳамда фонднинг тугатилганлиги тўғрисида давлат солиқ хизмати ва статистика органларини хабардор қиладилар, фондга берилган лицензия ва рухсатномаларни уларни берган органларга топширадилар.

 

Устав мақсадлари ва вазифаларига эришганлиги муносабати билан жамоат фондларини тугатиш жараёнини кўриб чиқдик, бу борада фикр-мулоҳаза ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Тўғри, ҳозирги пайтда ҳали тартибга солинмаган масалалар кўп. Бироқ биз баён этган, ҳуқуқни қўллаш амалиётида юзага келган ННТнинг мазкур ташкилий-ҳуқуқий шаклини тугатишнинг намунавий таомили ҳозирданоқ энг асосий масалаларни ҳал этишда ёрдам бериши, кейинчалик эса қонун чиқариш даражасида мазкур таомилни муфассал тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши мумкин деган фикрдамиз.

 

Алексей НИЯЗМЕТОВ,

Темур МЎМИНОВ,

эксперт-юристларимиз.

 

*Охири. Боши «Норма маслаҳатчи»нинг 3.06.2014 йилдаги 22 (463)-сонида.

Прочитано: 2153 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика