Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 23 / Сўраган эдингиз – жавоб берамиз

Оддий ва бошқа турдаги шартнома

Турар жой ижараси шартномасини расмийлаштириш пайтида юзага келадиган саволларни тушунтириб берсангиз.

Бундай шартноманинг тасдиқланган шакли мавжудми ёки уни тарафларнинг ўзи тузиши мумкинми?

Тарафларнинг имзолари нотариал тасдиқланиши етарлими ёки тасдиқлашнинг бошқа тартиби амал қиладими?

 

– Уй-жой кодекси (УК) 86-мод­дасининг биринчи қисмига му­вофиқ турар жой фуқаролар ва юридик шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ижара шартномаси (бундан ке­йин – шартнома) асосида берилиши мумкин. Турар жойдан фақат яшаш учун фойдаланиш мумкин.

Турар жой ижараси шартномасининг тасдиқланган иккита шакли мавжуд:

Хизмат турар жойини ижарага олиш намунавий шартномаси1;

Турар жойни ижарага бериш намунавий шартномаси2.

Турар жой умумий асосларда ижарага бериладиган шартномага келсак, унинг тасдиқланган шакли мавжуд эмас.

Юқорида кўрсатилганларга тааллуқли бўлмаган турар жойлар УКнинг 86-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларида белгиланган шартларни ўз ичига оладиган шартнома асосида ижарага берилиши мумкин. У ёзма асосда тузилади, бу УКнинг 86-моддаси иккинчи қисми ва Фуқаролик кодекси (ФК) 603-мод­дасининг биринчи қисмида мус­таҳкамланган. Бироқ бу битим фуқаролар ўр­тасида тузилса, у мажбурий но­тариал тасдиқланиши керак (УКнинг 86-моддаси учинчи қис­ми; ФКнинг 603-моддаси иккинчи қисми).

Кўринадики, бундай битим оддий ёзма (бунда лоақал бир тараф – юридик шахс бўлади)3 ёки нотариал шаклда (иккала тараф – жисмоний шахс) тузилиши мумкин.

Нотариал шаклда тузиладиган битимларда Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғри­сида йўриқнома4 (бундан ке­йин – 2090-сон Йўриқнома) 45-бандининг битимлар матнида тегишли маълумотларни кўрсатиш зарурлигига тааллуқли талабига риоя этиш зарур.

Шартнома лойиҳаси битим тарафларининг ўзлари (ёки улар­дан бири) томонидан, у оддий ёки нотариал шаклда тузилишидан қатъи назар, тузилиши мумкин. Тарафлар ёки уларнинг бири юридик шахс бўлганда шарт­номанинг оддий шаклини тузиш чоғида нотариусга мурожаат қи­лишга зарурат йўқ, бу унинг матнини ўзлари тузишлари мумкинлигини англатади. Мажбурий (ёки тарафларнинг хоҳишига кў­ра) нотариал тасдиқланадиган шартномага худди шундай имкониятни «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг (26.12.1996 йилдаги 343-I-сон) 35-моддаси тақдим этади. Унга кўра нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган ҳужжатларни, шунингдек қаламда ёзилган ҳуж­жатларни қабул қилмайди.

Шу тариқа, шартнома тарафларининг ўзлари мазкур ҳужжатни тузишга ҳақлилар, унда УКнинг 86-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган шартлар бўлиши ҳамда у юқорида баён этилган талаблар ва бошқа тегишли қонун қоидаларига жавоб бериши керак.

Агар шартнома мажбурий (ёки тарафларнинг хоҳишига кў­ра) нотариал тасдиқланиши ке­рак бўлса, баъзи ҳолларда тарафларнинг имзоларигина бўлиши етарли эмас. Кўпинча айрим шахсларнинг (шерик мулкдорлар, оиланинг вояга етган аъзолари, гаров тутувчилар, ҳомийлик ва васийлик органлари ва ҳоказо) розилиги талаб қилинади. Бу 2090-сон Йўриқноманинг 136 ва 137-бандларида янада батафсил тартибга солинган.

  

 

1ВМнинг «Хизмат турар жойлари бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарорига (27.01.2000 йилдаги 24-сон) 4-илова.

2Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 2.08.2010 йилдаги 164-сон Қарори билан тасдиқланган) илова.

3Нотариуслар қонун ҳужжатларига биноан нотариал шаклда тасдиқланиши мажбурий қилиб қўйилмаган битим томонларининг хоҳишига кўра битимни тасдиқлаши мумкинНотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддаси).

4Адлия вазирининг АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

эксперт-юристимиз.

 

ТУЗАТИШ

«Бир шахс икки лавозимда» материалида (3.06.2014 йилдаги «Норма маслаҳатчи»нинг 22 (463)-сони) учинчи хатбошининг ўнинчи сатрини қуйидагича ўқинг:

«Хусусан, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳу­қуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда) 79-моддасининг ўнинчи қисмида», кейин матн бўйича;

тўртинчи хатбошининг ўн тўққизинчи сатри:

«Худди шундай меъёрлар «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 85–88-моддаларида ҳам назарда тутилган».

Прочитано: 3154 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика