Уйдаги умумий мол-мулкни мукаммал таъмирлаш учун кредитдан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилган ширкатлар нималарни билишлари керак? Ушбу тартибни Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини тижорат банклари томонидан миллий валютада кредитлаш тартиби тўғрисида низом1 (бундан кейин – Низом) белгилайди.
– Тижорат банклари ХУМШга кредитларни қандай мақсадларга ажратадилар?
– Низомнинг 4-бандига кўра тижорат банклари ширкатларга кредитларни қуйидаги мақсадларга ажратади:
турар жойларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини ва умумий фойдаланиладиган жойларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирини амалга оширишга;
жорий ва капитал таъмирлашни амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник захираларни, жиҳозлар ва ускуналарни сотиб олишга.
– Кредитлар қанча муддатга берилади?
– Низомнинг 5-бандига мувофиқ кредитларни бериш муддатлари кредитланадиган тадбирларнинг қопланиш муддатларига боғлиқ бўлади, шу жумладан:
турар жойларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини ва умумий фойдаланиладиган жойларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирини амалга оширишни молиялашга кредитлар, муддатини узайтириш ҳуқуқисиз, 24 ойгача муддатга берилиши мумкин;
бошқа мақсадлар учун бериладиган кредитлар муддати, кредитланаётган фаолият турининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, банклар томонидан мустақил белгиланади.
– Кредит олиш учун ҳужжатлар пакети нималарни ўз ичига олади?
– ХУМШ кредитини олиш учун, Низомнинг 8-бандига кўра, банкка қуйидаги ҳужжатларини тақдим этиши шарт:
кредит буюртмаси;
уй-жой мулкдорлари йиғилишининг кредит олиш зарурлиги ҳақидаги, белгиланган тартибда расмийлаштирилган баённомаси;
қарз олувчининг банк ҳисобрақамига пул тушуми (пул оқими) хомчўти албатта кўрсатилган бизнес-режа;
маҳаллий (туман) давлат солиқ хизмати органи тасдиқланган охирги ҳисобот даврига бухгалтерлик баланси (1-шакл) ва дебиторлик ва кредиторлик қарздорлик ҳақидаги маълумотнома (2а-шакл) ҳамда 90 кундан ошган қарздорлик бўйича таққослаш далолатномаси, молиявий натижалар ҳақида ҳисобот (2-шакл);
кредит қайтарилиши таъминоти шакли.
– ХУМШга кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилаётганда банклар нималарга эътибор қаратадилар?
– Кредит беришда банк мижознинг кредитни қайтара олиш қобилияти билан бир қаторда, кредит битимининг бошқа ҳар хил жиҳатларини, шу жумладан, тақдим этилган таъминотнинг харидоргирлигини, қарз олувчининг кредит тарихини, унинг раҳбари обрўсини (олдинги иш жойлари, малакаси, илгари олинган кредитларни ўз вақтида қайтарилишини таъминланганлигини ва ҳ.к.) эътиборга олади (Низомнинг 13-банди).
– Кредит бериш ва ссудани сўндиришнинг тартиби қандай?
– Кредитлар алоҳида ссуда ҳисобрақами очиш ва ушбу ҳисобрақамидан қарз олувчининг тўлов топшириқномаси асосида тўловни амалга ошириш йўли билан берилади. Кредит ҳисобидан тўланиши лозим бўлган тўлов топшириқномаларига, ушбу кредитни олиб борувчи кредит ходими томонидан розилик имзоси (виза) қўйилади. Бунда у ссуда ҳисобварағидан амалга ошириладиган тўловларнинг мақсадли йўналишини қатъий назорат қилиб бориши лозим. Кредитни қарз олувчининг талаб қилиб олингунча депозит ҳисобрақамига ўтказиш қатъиян тақиқланади (Низомнинг 15-банди).
Низомнинг 16-бандига кўра ссуда ҳисобрақамидан капитал таъмирлашни молиялаштириш ХУМШ томонидан банкка ХУМШ билан пудратчи ташкилотлар ўртасида тузилган шартномадаги манзил дастурида кўзда тутилган барча ишлар ҳажмига ҳамда объектга ажратилган маблағлар ёйилмаси кўрсатилган шартноманинг алоҳида шартлари тақдим этилганидан кейин амалга оширилади.
Пудрат ташкилотини танлаш танлов савдолари (тендер) натижалари бўйича амалга оширилади.
– Кредит маблағларини ўзлаштириш мониторинги қандай амалга оширилади?
– Тижорат банклари кредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида доимий мониторингни амалга ошириб борадилар. Мониторинг жараёнида мижознинг хўжалик-молиявий фаолияти, унинг тузилган шартномалар (буюртмалар)га мувофиқ хизматлар кўрсатиш бўйича мажбуриятларини бажариши, кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатлари ва йўқотишлари, муомала харажатлари, фойдаси, ўз айланма маблағларининг мавжудлиги динамикаси, товар-моддий бойликлари захиралари аҳволи, айланма маблағларининг айланиши таҳлил қилинади. Банк қарз олувчининг кредитга лаёқатлилиги бўйича доимий мониторингни амалга оширади ва унинг кўрсаткичларини кредит йиғмажилдида тизимлаб боради. Банкка тақдим этилган гаровнинг ҳолатига ва кредитдан самарали ҳамда мақсадли фойдаланилиши кредит шартномасида келишилган шартларга мувофиқ жойида ўрганилади. Капитал таъмирлаш ва бошқа ободонлаштириш ишларини молиялаштиришга ажратилган кредитлар бўйича, амалга ошириладиган мониторинг жараёнида банк кредитланган объектда бажарилган ишлар ҳажмининг назорат ўлчовини кредит шартномасида белгилаб қўйилган шартлар ва муддатларда амалга оширади (Низомнинг 19-банди).
– Агар банк бажарилган ишларнинг ҳажми оширилганлиги ёки кредитдан мақсадга мувофиқ фойдаланилмаганлигини аниқласа, нима қилиш керак?
– Бу сумма банк томонидан кредит шартномасида белгиланган тартибда муддати ўтган ссудалар ҳисобрақамига ўтказилади ва ундириб олинади. Унда кредитдан мақсадга мувофиқ фойдаланмаганлик учун, шу жумладан, бажарилган ишлар ҳажмининг ошириб кўрсатилганлиги учун, жарима санкциялари кўзда тутилган бўлиши керак (Низомнинг 20-банди).
Берилган кредитлардан бошқа мақсадларда фойдаланганлик ҳолати аниқланганда, банк кредит шартномасида белгиланган тартибда кредитнинг номувофиқ ишлатилган қисмини қарз олувчининг талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан муддатидан олдин ундириб олиш ҳуқуқига эга (Низомнинг 21-банди).
1МБ бошқарувининг АВ томонидан 18.04.2002 йилда 1126-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.