Турар жой ижараси шартномасини расмийлаштириш пайтида юзага келадиган саволларни тушунтириб берсангиз.
Бундай шартноманинг тасдиқланган шакли мавжудми ёки уни тарафларнинг ўзи тузиши мумкинми?
Тарафларнинг имзолари нотариал тасдиқланиши етарлими ёки тасдиқлашнинг бошқа тартиби амал қиладими?
– Уй-жой кодекси (УК) 86-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ турар жой фуқаролар ва юридик шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ижара шартномаси (бундан кейин – шартнома) асосида берилиши мумкин. Турар жойдан фақат яшаш учун фойдаланиш мумкин.
Турар жой ижараси шартномасининг тасдиқланган иккита шакли мавжуд:
Хизмат турар жойини ижарага олиш намунавий шартномаси1;
Турар жойни ижарага бериш намунавий шартномаси2.
Турар жой умумий асосларда ижарага бериладиган шартномага келсак, унинг тасдиқланган шакли мавжуд эмас.
Юқорида кўрсатилганларга тааллуқли бўлмаган турар жойлар УКнинг 86-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларида белгиланган шартларни ўз ичига оладиган шартнома асосида ижарага берилиши мумкин. У ёзма асосда тузилади, бу УКнинг 86-моддаси иккинчи қисми ва Фуқаролик кодекси (ФК) 603-моддасининг биринчи қисмида мустаҳкамланган. Бироқ бу битим фуқаролар ўртасида тузилса, у мажбурий нотариал тасдиқланиши керак (УКнинг 86-моддаси учинчи қисми; ФКнинг 603-моддаси иккинчи қисми).
Кўринадики, бундай битим оддий ёзма (бунда лоақал бир тараф – юридик шахс бўлади)3 ёки нотариал шаклда (иккала тараф – жисмоний шахс) тузилиши мумкин.
Нотариал шаклда тузиладиган битимларда Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқнома4 (бундан кейин – 2090-сон Йўриқнома) 45-бандининг битимлар матнида тегишли маълумотларни кўрсатиш зарурлигига тааллуқли талабига риоя этиш зарур.
Шартнома лойиҳаси битим тарафларининг ўзлари (ёки улардан бири) томонидан, у оддий ёки нотариал шаклда тузилишидан қатъи назар, тузилиши мумкин. Тарафлар ёки уларнинг бири юридик шахс бўлганда шартноманинг оддий шаклини тузиш чоғида нотариусга мурожаат қилишга зарурат йўқ, бу унинг матнини ўзлари тузишлари мумкинлигини англатади. Мажбурий (ёки тарафларнинг хоҳишига кўра) нотариал тасдиқланадиган шартномага худди шундай имкониятни «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг (26.12.1996 йилдаги 343-I-сон) 35-моддаси тақдим этади. Унга кўра нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган ҳужжатларни, шунингдек қаламда ёзилган ҳужжатларни қабул қилмайди.
Шу тариқа, шартнома тарафларининг ўзлари мазкур ҳужжатни тузишга ҳақлилар, унда УКнинг 86-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган шартлар бўлиши ҳамда у юқорида баён этилган талаблар ва бошқа тегишли қонун қоидаларига жавоб бериши керак.
Агар шартнома мажбурий (ёки тарафларнинг хоҳишига кўра) нотариал тасдиқланиши керак бўлса, баъзи ҳолларда тарафларнинг имзоларигина бўлиши етарли эмас. Кўпинча айрим шахсларнинг (шерик мулкдорлар, оиланинг вояга етган аъзолари, гаров тутувчилар, ҳомийлик ва васийлик органлари ва ҳоказо) розилиги талаб қилинади. Бу 2090-сон Йўриқноманинг 136 ва 137-бандларида янада батафсил тартибга солинган.
1ВМнинг «Хизмат турар жойлари бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Қарорига (27.01.2000 йилдаги 24-сон) 4-илова.
2Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 2.08.2010 йилдаги 164-сон Қарори билан тасдиқланган) илова.
3Нотариуслар қонун ҳужжатларига биноан нотариал шаклда тасдиқланиши мажбурий қилиб қўйилмаган битим томонларининг хоҳишига кўра битимни тасдиқлаши мумкин («Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддаси).
4Адлия вазирининг АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Камол МУЗАФФАРОВ,
эксперт-юристимиз.
ТУЗАТИШ
«Бир шахс икки лавозимда» материалида (3.06.2014 йилдаги «Норма маслаҳатчи»нинг 22 (463)-сони) учинчи хатбошининг ўнинчи сатрини қуйидагича ўқинг:
«Хусусан, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда) 79-моддасининг ўнинчи қисмида», кейин матн бўйича;
тўртинчи хатбошининг ўн тўққизинчи сатри:
«Худди шундай меъёрлар «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 85–88-моддаларида ҳам назарда тутилган».