Ташкилотимизда ўртача йиллик таътил 26–30 кунни ташкил қилади, шу жумладан асосий таътил – 15 кун. Кунларнинг қолган миқдори иш стажи ва тариф разрядини ҳисобга олган ҳолда жадваллар бўйича ҳисобланади.
Асосий шартнома бўйича ишлайдиган ўқитувчиларга таътилнинг ушбу жадваллар бўйича ҳисоблаб ёзилиши тўғрими? Ёки уларнинг таътили ўқитувчиларнинг ўзлари талаб қилаётганидек, 48 кунни ташкил қилиши керакми?
И.Абдуллаев,
Келес ўқув-спорт техник клуби бошлиғи.
– Юқори даражадаги ҳис-ҳаяжон, ақлий зўриқиш, асаб танглиги билан боғлиқ, яъни алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги айрим тоифадаги ходимлар учун (тиббиёт ходимлари, педагоглар ва бошқалар) иш вақтининг муддати ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. Бундай ходимлар рўйхати ва улар иш вақтининг аниқ муддати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади (Меҳнат кодекси (МК)нинг 118-моддаси). Алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги қисқартирилган иш куни белгиланадиган ходимлар рўйxатига (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 4-илова) педагог ходимлар ҳам киритилган.
МКнинг 135-моддасига мувофиқ эса айрим тоифадаги ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларини ҳамда бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ узайтирилган таътиллар белгиланади.
Бироқ педагог ходимлар меҳнат таътилининг қанча давом этиши Меҳнат кодекси билан белгиланмган.
Шу тариқа, сиз Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига ташкилотингизнинг ўқитувчилар таркибига меҳнат таътиллари бериш масаласи билан мурожаат қилишингиз керак.
Маълумот учун: 48 кундан иборат бўлган ушбу таътиллар ССЖИ Олий таълим вазирлигининг 1949 йил 6 майдаги «Илмий-тадқиқот ўқув ва маданий-маърифий муассасалар ходимларининг таътиллари тўғрисида» Д-56-сон Йўриқномавий хати билан белгиланган.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.