Тушлик танаффус вақтида 5 дақиқа мобайнида иш билан боғлиқ бўлмаган масалаларни ҳал этиш учун Интернетдан фойдаланганлигим учун мени мукофотдан маҳрум этишди. Иш берувчи тўғри иш қилдими, ахир бу ҳақда буйруқ бўлмаган эди?
Юзага келган вазиятда нима иш қилишим кераклигини тушунтириб берсангиз.
Зиёев.
Андижон шаҳри.
– Меҳнат кодексининг (МК) 153-моддасига кўра меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади.
Одатда мукофотлаш бўйича тасдиқланган локал ҳужжатда ходимларга мукофотларни ҳисоблаб ёзиш тартибини алоҳида қайд этиш керак.
Ана шу бўлимнинг ўзида мукофотлаш шартлари ва мукофот тайинланмайдиган ёки камайтириладиган ишлаб чиқариш хатолари рўйхати кўрсатилади. Масалан:
интизомий жазонинг ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг 30%идан кўп бўлмаган миқдорда жарима (ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиш ҳоллари назарда тутилиши мумкин), меҳнат шартномасини бекор қилиш сингари интизомий жазо чоралари (МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари);
ходимнинг лавозим йўриқномасида назарда тутилган вазифалари билан боғлиқ камчиликлар, ходимнинг ўз вазифаларини бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги;
ички меҳнат тартиби қоидаларини, техника хавфсизлиги ва ёнғиндан ҳимоя қилиш қоидаларини бузиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқариш санитарияси талабларини қўпол равишда бузиш;
раҳбариятнинг буйруқ ва фармойишларини ҳамда корхонанинг бошқа ташкилий-фармойиш бериш ҳужжатларини бажармаслик ва ҳоказо.
Мукофот миқдори қатъий суммада ёки муайян базага фоизли нисбатда белгиланиши мумкин.
Агар низом билан мукофотлашнинг муайян фоизи, масалан, режадаги топшириқни бажарганлик учун лавозим маошининг 50%и белгиланган бўлса, иш берувчи мукофот миқдорини ўзининг хоҳишига кўра камайтириши мумкин эмас. Ходим мукофот миқдори камайтирилишига олиб келадиган ишлаб чиқариш хатосига йўл қўйган тақдирдагина шундай қилиш мумкин.
Қонун ҳужжатларида ходимларни мукофотдан тўлиқ маҳрум қилиш тартиби назарда тутилган. МК 180-моддасининг тўртинчи қисмига кўра интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида (МКнинг 183-моддаси) ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди. Ҳаммаси мазкур мукофот меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида қай йўсинда назарда тутилишига боғлиқ. Агар у меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига тааллуқли бўлса, у интизомий жазонинг бор-йўқлигидан қатъи назар тўланиши керак (МК 180-моддасининг учинчи қисми). Бу корхона бўйича буйруқ билан расмийлаштирилиши керак.
Шу тариқа, саволга жавоб олиш учун сиз ўзингиз ишлаётган ташкилотнинг локал меъёрий ҳужжатлари (жамоа шартномаси, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисида низом, мукофотлаш тўғрисидаги низом ва бошқалар) билан танишишингиз керак.
Агар сиз ҳуқуқингиз бузилган деб ҳисобласангиз:
иш берувчи устидан шикоят билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва кузатувини амалга оширадиган Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига мурожаат қилишингиз мумкин. Инспекция текширув ўтказиши шарт, агар мукофот асоссиз равишда тўланмаганлиги далили тасдиқланса, иш берувчига ҳуқуқларингиз бузилганлигини бартараф этиш тўғрисида кўрсатма берилади ва сизга тегишли мукофотни тўлашга мажбур этилади;
фуқаролик ишлари бўйича туман судига ариза билан мурожаат қилишингиз ҳам мумкин, бироқ бунда иш берувчи сизни мукофотдан маҳрум этиб, ноқонуний ҳаракат қилганлигини исботлаб беришингиз керак бўлади.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.