Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 20 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан norma.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

АКЦИЯДОРЛАР МАНФААТЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИБ

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун (6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон) билан унинг янги таҳрири тасдиқланди. Қонун жорий йилнинг 7 майидан кучга кирди.

Қонуннинг янги таҳриридан очиқ ва ёпиқ акциядорлик жамиятлари деган тушунча чиқариб ташланди.

Жамиятга жойлашган ерини давлат рўйхатидан ўтказилган жойга эмас, балки уставига мувофиқ белгилаш ҳуқуқи берилди. Шунингдек жамият электрон почта манзилига эга бўлиши лозим, электрон поч­та манзили ўзгарган тақдирда бу ҳақда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларни хабардор этиши шарт.

Акциядорлар сотаётган акцияларни олишга доир акциядорлар ва (ёки) жамиятнинг имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш муддати қисқартирилди. Муддат акциялар сотувга қўйилган пайтдан эътиборан 10 кундан кам ва 30 кундан кўп бўлиши мумкин эмас (илгари бу ҳуқуқ 30 кундан 60 кунгача бўлган даврда амал қилган). Агар акциядорларнинг сони 50 нафардан ошмаса, жамият уставида имтиёзли ҳуқуқ назарда тутилиши мумкин.

Таъсис йиғилишининг қарорлари жамиятнинг барча муассислари томонидан имзоланадиган баённома билан расмийлаштирилади. Бир муассисдан иборат бўлган жамиятда таъсис йиғилиши ўтказилмайди.

Давлат ташкилотини акциядорлик жамияти этиб ўзгартириш давлат мулкини тасарруф этишга ваколатли орган томонидан қабул қилинадиган қарор асосида таъсис йиғилишини ўтказмасдан амалга оширилади.

Давлат томонидан жамиятни бошқаришда иштирок этишга бўлган махсус ҳуқуқ («олтин акция») жорий этилаётган жамият уставида давлатнинг мазкур махсус ҳуқуқдан фойдаланиши тўғрисидаги қоидалар кўрсатилиши керак.

Жамият давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан кўпи билан 3 ой муддатда акциядорларнинг умумий йиғилиши тўғрисидаги, жамиятнинг кузатув кенгаши, ижроия органи ҳақидаги (тегишинча директори, бошқаруви, ишончли бошқарувчи тўғрисидаги) ва тафтиш комиссияси (тафтишчиси) тўғрисидаги уларнинг фаолият тартибини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек жамиятнинг мазкур органлари томонидан қарорлар қабул қилиш тартиб-таомилини белгиловчи низомларни тайёрлаши ҳамда акциядорларнинг умумий йиғилишида тасдиқлаши шарт (илгари бу ички ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун 6 ой ажратилар эди).

Шунингдек Қонун билан белгиланишича, жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акциядорлар олган жамият акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади ва Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ифодаланади.

Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) ошириш тўғрисидаги қарор жамиятнинг тегишли бош­қарув органи томонидан қабул қилинагн қўшимча акцияларни чиқариш ёки акцияларнинг номинал қийматини ошириш тўғрисидаги қарор ҳисобланади.

Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) ошириш қуйидагича амалга оширилади:

Акцияларнинг номинал қийматини ошириш йўли билан – фақат жамиятнинг ўз капитали ҳисо­бидан;

қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан – жалб қилинган инвестициялар, жамиятнинг ўз капитали ва ҳисобланган дивидендлар ҳисобидан.

Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) унинг ўз капитали ҳисобидан қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтиришда бу акциялар барча акциядорлар ўртасида тақсимланади. Бунда ҳар бир акциядорга қайси турдаги акциялар тегишли бўлса, айни ўша турдаги акциялар унга тегишли акциялар сонига мутаносиб равишда тақсимланади. Қонун билан жамиятнинг устав фонди (устав капитали) кўпайтирилиши натижасида кўпайтириш суммасининг битта акциянинг номинал қийматига мувофиқлиги таъминланмайдиган бўлса, бундай кўпайтириш тақиқланади.

Агар акция умумий мулк ҳуқуқи асосида бир неч­та шахс­га тегишли бўлса, бу шахсларнинг барчаси бир акциядор деб эътироф этилади ва акция билан тас­диқланган ҳуқуқлардан ўзларининг умумий вакили орқали фойдаланади.

Оддий акцияларни имтиёзли акцияларга, корпоратив облигацияларга ва бошқа қимматли қоғозларга айирбошлашга йўл қўйилмайди.

Қонун билан акцияларнинг энг юқори номинал – 5 000 сўмдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди (илгари акцияларнинг энг кам номинал қиймати – 100 сўм деб белгиланган эди).

Бундан ташқари, Қонуннинг янги таҳририда миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамиятда улардан таркиб топган қўмитасини ташкил этилиши назарда тутилган. Миноритар акциядорлар қўмитасининг таркибига жамиятнинг директори, бошқарув аъзолари, шунингдек жамиятнинг кузатув кенгашига ва тафтиш комиссиясига (тафтишчиси этиб) сайланган шахслар кириши мумкин эмас.

Қонун билан бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилди.

 

ТЕКИНГА, БИРОҚ ШАРТЛИ АСОСДА

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкидан самарали фойдаланишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (2.05.2014 йилдаги 111-сон) билан давлат органлари моддий-техника базасининг мустаҳкамлаш, шунингдек давлат мулкидан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида:

давлат органларига тасдиқланган рўйхат бўйича 8 объектни тезкор бошқарув ҳуқуқида беришга қарор қилинди. Улар орасида қурилиши тугалланмаган икки турар жой ҳам бор. Уларни маҳаллий бюджет ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қурилишини якунлаш, муҳандислик тармоқларига ва коммуникацияларга улаш, умумий фойдаланишдаги ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш шартлари билан берилади;

уларни очиқ савдоларда баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланган қиймат бўйича, 10 объектни Қарор билан тасдиқланган рўйхат бўйича сотиш. Бунда ҳужжатда белгиланишича, сотиш даврига қадар объектлар давлат мулки учун белгиланган ставкалар бўйича, шу жумладан аввал 2014 йил учун тегишли ижара шартномаларига эга бўлган ташкилотларга даврий нашрларда чоп этиш заруриятисиз, Давлат рақобат органи ва Савдо-саноат палатасининг веб-сайтларида фойдаланишда бўлмаган давлат мулкини ижарага бериш тўғрисидаги эълонни жойлаштирмасдан, ижарага берилиши мумкин. Шунингдек ҳужжатда кўрсатилган рўйхатдаги 2 та объект функционал вазифаларидан келиб чиқиб қисмларга бўлиб сотилиши мумкинлиги белгиланган.

 

ДАРСЛИКЛАР – ҲАР БИР МАКТАБГА

Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг қарори (АВ томонидан 28.04.2014 йилдаги 2577-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (илгари амал қилган Низом (АВ томонидан 14.01.2010 йилда 2064-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўз кучини йўқотган деб эътироф этилди).

Янги Низомнинг муҳим жиҳатларидан бири – умумтаълим мактаблари сирасига давлат умумий ўрта таълим мактаблари, интернат-мактаблар ва ихтисослаштирилган мактаблар билан бирга махсус мактаблар ва нодавлат умумий таълим мактаблари ҳам киритилиши бўлди.

Янги Низомда давлат раҳбари томонидан илгари қабул қилинган қарорларида бўлганидек, қуйидагилар назарда тутилган:

барча синф ўқувчилари ва ўқитувчиларини дарслик­лар ва чет тиллари бўйича ўқув-методик комплекслари билан таъминлаш бепул амалга оширилади;

умумтаълим мактабларининг кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами намунавий ижара шарт­номаларига мувофиқ ихтиёрийлик асосида берилади.

Шунингдек белгиланишича, нодавлат умумтаълим мактабларида 2–9-синф ўқувчиларини Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилинган дарсликлар билан таъминлаш ижара тўлови асосида амалга оширилади (чет тиллари бўйича дарсликлар бундан мустасно).

Илгаригидек, 1-синф ўқувчилари, «Меҳрибонлик» уй­лари, махсус мактаб ва мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари бўлган ўқувчилар, шунингдек ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилалардаги ўқувчилар умумтаълим мактаби кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади.

Президентининг «Умумтаълим мактаблари ўқувчи­ларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (31.05.2006 йилдаги ПҚ–362-сон) мувофиқ умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчилари учун дарсликлар ҳар йили, 2—4-синфлар учун — 2 йилда 1 марта ва 5—9-синфлар учун — 4 йилда 1 марта янгиланади.

Янги Низомга мувофиқ 2—4-синф ўқувчилари учун чет тиллари бўйича дарсликларнинг иш дафтарлари ҳар йили янгиланади.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 5.05.2014 йилдаги 18 (622)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

ТАДБИРКОР ВА БАНК: ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАР СОДДАЛАШДИ

Марказий банки Бошқарувининг қарори (АВ томонидан 30.04.2014 йилда 1948-8-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага1 ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

Хусусан, кўриб чиқилаётган ҳужжатга Президентнинг «Ўзбекистон республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон) талабларидан келиб чиқадиган қоидалар киритилди, улар қуйидагилардир:

кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундирилмайди;

мижозларга ҳисобварақлар очиш ва ёпиш, шунингдек ҳисобварақлардан маблағларни ҳисобдан чиқариш амалларини вақтинча тўхтатиб туриш ҳамда уларни қайта ҳаракатга келтириш шу куннинг ўзидаёқ амалга оширилиб, Банк депозиторларининг Миллий ахборотлар базаси орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига узатилади (илгари бундай ахборот кейинги куни шакллантирилар ва жўнатилар эди).

Бундан ташқари, энди хўжалик юритувчи субъектдан асосий ҳисобварақни бошқа банкка ўтказиш учун солиқ органининг бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдида солиқлар ва бошқа тўловлардан қарзи мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномасини тақдим этиш талаб қилинмайди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 5.05.2014 йилдаги 18 (622)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристларимиз Елена ЕРМОХИНА ва
Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 2306 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика