Ходимамизга унинг ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан навбатдаги таътил берилиши муносабати билан менинг таътилдан мўлжалланган даврда фойдаланиш ҳуқуқим бузилди.
Иш берувчининг ушбу ҳаракатлари устидан шикоят қилишим мумкинми?
Е.Басова,
Тошкент вилояти.
– Меҳнат кодекси (бундан кейин – МК) 144-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади.
Тасдиқланган жадвал ходим учун ҳам, иш берувчи учун ҳам мажбурий, яъни барча таътиллар унга қатъиян риоя этган ҳолда берилиши керак.
Бироқ ходиманинг хоҳишига кўра ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин жадвалдан ташқари йиллик асосий таътил (МК 143-моддасининг учинчи қисми) берилади.
Шунингдек МК 144-моддасининг учинчи қисми билан таътил ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда бериладиган ходимларнинг тоифаси белгиланган.
Уларга қуйидагилар киради:
14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз она (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналар) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари;
I ва II гуруҳ ногиронлари;
1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахслар;
18 ёшга тўлмаган шахслар;
таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганлар (МКнинг 250-моддаси);
жамоа шартномасида назарда тутилган ҳолларда бошқа фуқаролар.
Бироқ иш берувчи сизнинг таътилингизни бир тарафлама тартибда кўчириш ҳуқуқига эга эмас.
Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар у бошлангунга қадар бошланган бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади (МК 145-моддасининг иккинчи қисми).
Юқорида айтилган нормаларни бажармаслик меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш сифатида баҳоланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасида назарда тутилган, мансабдор шахсга давлат меҳнат инспекцияси томонидан энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Сиз ўзингизнинг меҳнат ҳуқуқларингизни тиклаш учун Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси, иш берувчи жойлашган жойдаги прокуратура ёки судга мурожаат қилишга ҳақлисиз.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.