Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 17 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Воқиф бўлиб туришнинг 7 усули

Иш берувчиларнинг фикрича, билимдон бухгалтер деганлари қонун ҳужжатларини миридан-сиригача билиши лозим. Тажрибали бухгалтер Марина ЭСОНОВА бу фикр­га кўшилмайди. У энг қийини солиқ ва бухгалтерия ҳисобига оид тартиботлардаги ўзгаришлардан хабардор бўлиб боришдир деб ҳисоблайди. Бунинг уддасидан чиқиш мумкин экан. Мухбиримизнинг у билан мусоҳабасида гап ана шунга эришишнинг йўллари ҳақида борди.

– Қонун ҳужжатларидаги ўзгариш­ларни бухгалтер билиши шунчалик муҳимми? Улардан юрист бохабар бўлиб туришининг ўзи етарли эмасми?

 

– Тўғри, жамики қонунлар ва қо­нуности ҳужжатларини юрист, таъбир жоиз бўлса, сув қилиб ичиб юборган бўлиши керак. Аммо юрист билан бухгалтернинг вазифалари ҳам, улар олдига қўйилган мақсадлар ҳам бир-биридан фарқ қилади. Бухгалтер молиявий оқимларни назорат қилиб бориш, солиқ ҳисобини юритиш, солиқ органлари вакиллари билан муносабатда бўлиш учун ҳам қонун ҳужжатларини билиши лозим. Бухгалтернинг ана шу йўналишдаги мажбуриятларини бажаришни ҳуқуқ бобида билими ҳамин қадар бўлган мутахассис эплай олмайди.

Бир пайтлар тажрибасизлигимга бориб, бизнинг касбда энг асосийси таҳлил қилишга ақл, рақамлар билан ишлашга эса қизиқиш бўлса кифоя деб юрардим. Пешонам тақ этиб урилгач, фикрим бутунлай ўзгарди. Ҳақиқий бухгалтер ўз фаолия­тининг ҳамма қирраларини корхонанинг ўзига хос хусусиятлари билан узвийликда тушунмоғи лозим. Солиқ ҳисобини юритаётган бўлсанг, демак Солиқ кодексини шунчаки билиш эмас, балки унинг моддаларини яхши тушуниш, уларни қўлланиш ёки қўлланмаслик оқибатларини кўз олдига келтира олиш лозим. Асосий вазифаларидан бири – даромадларга солиқ солиш ишини мақбуллаштиришда бухгалтер қонунларни билиш бобида унча-мунча юристга сўз бермаслиги керак. Бухгалтер, табиийки, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­нинг ҳамма нормаларини билиши шарт эмас, аммо иқтисодий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилган моддаларни карра жадвалини билгандек билиши шарт.

Тажриба ортгани сари мутахассис нимага кўпроқ эътибор ва нималарга алоҳида урғу кераклигини англай бошлайди. Тажрибамдан шуни яхши биламанки, ҳамма бухгалтерлар ҳам қонун ҳужжатларимиздаги ўзгаришларни кузатиб, билиб борадилар деб бўлмайди. Қонун талабларига риоя этмаганлик учун жарима тўлаб жазолангандан кейингина улар янгиликлардан воқиф бўлиб бориш ҳаракатига тушадилар. Бу хил иш тутадиган бухгалтерларнинг хизмат пиллапоясида юқорироқ ўринларга кўтарилиши даргумон. Улар унча кўп бўлмаган маошга қаноат қилиб юраверадилар, хатоларга йўл қўйишни канда қилмайдилар. Охир-оқибат қаттиқ панд ейдилар.

– Бухгалтер учун қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат энг муҳим ҳисобла­нади?

– Шогирдларимдан бири бу соҳада янгилиги учунми, Бухгалтерия фаолияти тўғрисидаги қонунни энг муҳим ҳужжат деб ҳисоблар экан. Бу тўғри эмас, албатта. Бухгалтерлик кўп билим ва кўникма талаб қиладиган, бу борадаги бисотни муттасил бойитиб боришни тақозо этадиган мураккаб касбдир. Бухгалтер учун ғоят муҳим ҳуқуқий ҳужжатларнинг қандайдир аниқ бир рўйхати йўқ. Ҳаммаси у ишлаётган корхонанинг ихтисослашуви ва фаолият турига боғлиқ. Агар вазифангиз иш ҳақини ҳисоблаб чиқиш бўлса, Меҳнат кодексини билиш зарур. Борди-ю, директор йўқлигида компанияга бошчилик қилиш масъуллигини ҳам зиммага оладиган бўлсангиз, албатта хўжалик ҳуқуқини ўрганиб чиқиш лозим бўлади. Корхона сарф-харажатларини имкон қадар камайтиришни ихтиёр қилган бўлсангиз, ишлаб чиқариш технологиясини яхшилаб ўрганишингизга тўғри келади. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, мамлакат Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг иқтисодий йўналишдаги қарорлари борасидаги билимларсиз умуман бухгалтерияда ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Бинобарин, ҳақиқий бухгалтер ҳар тарафлама билимдон бўлиши, юқорида айтиб ўтилган ҳамда бошқа йўналишдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни билиши ва теран тушуниши лозим. Ўзини буларга тайёр деб билмаган одам бу соҳада ишлашни орзу қилмагани маъқул.

– Сизни Солиқ кодексини ёддан билади, барча моддаларидан бемалол иқтибос келтира олади дейишади, шу ростми?

(Кулади). Мен «Евгений Онегин»ни ҳам ёддан биламан. Солиқ кодекси иш столимдан муқим жой олган. Сир бўлса ҳам айта қолай, ўрнимнинг тепасидаги столчада ҳам ҳамиша Кодекс туради. Солиқ солиш ишига жиддий қарайман. Бу мураккаб соҳага ҳурматсизлик бағоят салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

– Қонун ҳужжатларидаги ўзгариш­ларни кузатиб боришда бухгалтерга ёрдам берадиган бирон-бир тавсия ёки йўл-йўриқ борми?

– Бунақаси йўқ. Ҳар ким ахборот олиш усулини ўзи танлайди. Мен шундай мақсадга эришишнинг бир неча усулини кўрсатиб ўтган бўлур эдим.

1-усул. Компаниянинг юридик хизмати.

Йирик бир компанияда бош бухгалтер бўлиб ишлаганимда ишхонамда юристлар, аудиторлар, ҳуқуқшунослардан иборат алоҳида хизмат бўлгани сабабли ундан ўз сўровимга керакли жавобларни тезкорлик билан олардим. Бу қулай, вақт нуқтаи назаридан эса тежамкор усул эди. Лекин унинг муайян камчиликлари ҳам бор эди. Ҳақиқий мутахассис, энг аввало, ўзига, ўз билимига ишонади. Шу сабабли ҳам жавоб олгач, уни қайта текшириб кўришдан сира эринмасдим. Дарэҳтиёт қабилидаги бу ишим бир неча марта жонимга оро кирган. Яна бир гап. Тайёр жавоб олишга одатлангач, одам танбаллашиб, ўз билимини оширишни ўйламай қўяди.

Бухгалтернинг ҳуқуқий соҳада билимдон бўлиши ҳар қандай иш берувчи олдида унинг обрўсини оширади. Бундан ташқари, вақти келиб, юристлари бўлмаган компания­да бухгалтерлик қилишга тўғри келиши мумкинлигини ҳам унутмаслик лозим.

2-усул. Ихтисослаштирилган адабиётлар ва оммавий ахборот воситалари.

Бу усулни эски тажрибамдан келиб чиқиб айтаётирман. Ўз вақтида тез-тез фойдаланганлигим учун ҳам у менга ҳам севимли, ҳам одатий усул ҳисобланади. Шогирдларимнинг ҳаммасига ахборотни шу йўсинда олишни, яъни керакли адабиётлар, қўлланмалар, газеталарга обуна бўлиш ва ўқиб боришни тавсия қиламан. Сизларнинг газетангизни жуда яхши кўраман, 20 йилдирки унга обуна бўламан ва бир сонини ҳам қолдирмай, ўқиб бораман. Бир дугонам катта альбом тутиб, унга «СБХ» ва «Норма маслаҳатчи» газеталаридан қирқимларни ёпиштириб боради. Дарвоқе, бу жуда самарали усул. Солиқ бўйича қирқимларни алоҳида, бухгалтерия ўтказмалари бўйича қирқимларни алоҳида йиғиб бориш мумкин. Ихтисослаштирилган матбуотнинг яна бир яхши жиҳати унда қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ўзгаришлар тезкорлик билан кузатиб борилади ва газетхонлар эътиборига ҳавола этилади. Электрон оммавий ахборот воситалари, ҳуқуқий маълумотлар ва янгиликлар бериб бориладиган сайтлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу аслида жуда қулай ва тезкор усул, афсуски баъзилар Интернетдан фойдаланишни билмайди ёки хуш кўрмайди. Бундай сайтлар, қолаверса босма ва электрон нашрлар бизда ҳамон камлигини айтмасак, бу усулнинг камчилиги йўқ.

3-усул. Мустақил экспертлар ёки ауди­торлар билан маслаҳатлашувлар.

Ҳозирги кунда кўплаб компаниялар шундай хизматларни кўрсатиб келмоқда. Шахсан ўзим уларга бир неча бор ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Уларнинг ёрдами, айниқса солиқ текширувлари даврида жуда қўл келди. Бироқ, ҳамма раҳбарлар ҳам экспертлар билан маслаҳатлашувлар учун ҳақ тўлашга рози бўлади деб бўлмайди. Улар ўз бухгалтерларини қўлидан ҳамма иш келадиган мутахассис деб билганликлари учун чиқимга жилла рағбат қилмайдилар. Ёрдам ёки маслаҳат сўраб кимга мурожаат этиш кераклигини аниқлаб олиш, менимча, жуда муҳимдир.

4-усул. Молия вазирлиги ва солиқ органларининг маслаҳатлари.

Бу – керакли ахборот олишнинг яхши усули. Баъзан солиқ солиш масаласида энг тўғри жавобни фақат солиқ идоралари ва бошқа нуфузли органларнинг вакиллари бериши мумкин. Бу йўсиндаги маслаҳатларга амал қилиш хатоликларнинг олдини олишга ёрдам беради, текширувларда биронта камчилик чиқиб қолади деган ҳадикдан халос этади.

5-усул. Электрон-ҳуқуқий маълумотномалар ҳамда дастурлар.

Ўз иш жойида ўтириб ахборот олишнинг бухгалтерлар ўртасида жуда оммалашган усулидир бу. Кўнгилга ўтиришмайдиганроқ жиҳати, бундай дастурлар қимматлиги ҳамда фойдаланувчининг компьютер билан ишлашдаги билимсизлигидир. Ҳар қандай мутахассис билимсизлик билан курашмоғи даркор. Ҳадемай электрон дастур энг оммавий ресурс бўлиб қолишига ишончим комил. Раҳбарни бу йўналишда харажат қилишга кўндириш ҳам осон эмас. Бундай дастурларни сотиб олиш бизнес ишида фойдали эканлигига бошлиқни ишонтира билиш керак.

6-усул. Ихтисослаштирилган курслар ва семинарлар.

Бу керакли ахборот олишнинг яхши усули эканлигидан ташқари ҳамкасабалар билан танишишнинг яхши имконияти ҳамдир. Бундай танишувнинг профессио­нал фаолиятда ёрдами тегиши турган гап. Шундай учрашувларда одам ўзини кўпдан бери қийнаб келаётган саволини ўртага ташлаши, ишда учраб турадиган ҳодисани муҳокама этиши, муайян вазиятга ойдинлик киритиши мумкин. Чиқим жиҳатидан бу усул ҳуқуқшунос билан бўладиган шахсий маслаҳатлашувдан маъқулроқ. Камчилиги эса вақт чекланганлиги билан боғлиқдир. Лектор бошқаларга нисбатан сизга кўпроқ вақт ажрата олмайди, албатта. Лекин саволни аниқ айтсангиз, аниқ ва фойдали жавоб олишингиз тайин. Исталган вақтда ёрдам олиш мумкин эмаслиги ҳам бу усулнинг салбий жиҳати саналади. Мен бу усулни ўз билими ва малакасини ошириш истагидаги ҳар бир бухгалтер учун фойдали қўшимча усул деб тавсия этган бўлур эдим.

7-усул. Бухгалтерия консалтинги бў­йича ихтисослашган компанияларга мурожаат қилиш.

Моҳиятан бу 3-усулга ўхшашдир. Фарқи шундаки, бундай компания амалда корхонанинг бутун бухгалтерия ишини қамраб олади ва муайян вақт мобайнида шу ишни ўзи юритади. Бу усул Европа мамлакатларида кенг ривожланган. Назаримда, у тадбиркорларга қимматлик қилади, қолаверса уларга нафи кам.

 

Бухгалтерия жабҳасини танлаган мутахассис муттасил ўқиб-ўрганиб бориши керак. Билим доирасининг кенг бўлиши, шак-шубҳасиз, иш берувчи олдида ҳам, ҳамкасабалари олдида ҳам бухгалтернинг обрўсини оширади, келгуси ишида хато ва нуқсонларга йўл қўймаслигига ёрдам беради.

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

 

Мухбиримиз ҳисоб соҳасидаги амалиётчи мутахассисларга ахборотни қай йўсинда оласиз, деган савол билан мурожаат қилди.

Н.ЯЦКИХ, «Curatio Pharm» МЧЖ бош бухгалтери:

– Қонун ҳужжатлари соҳасидаги барча керакли ахборотларни, шу жумладан янгиликларни norma.uz сайтидан ҳамда «СБХ» ва «Норма маслаҳатчи» газеталарининг саҳифаларидан билиб оламиз. Ана шу манбаларнинг барчаси иш учун етарлича миқдорда ахборот беради. Торроқ доирадаги ёки нозикроқ масалалар чиқиб қолса, юрисконсультга мурожаат қиламиз.

С.МЎМИНОВА, «Ҳамидов Р.М» хусусий корхонаси бош бухгалтери:

– Ахборотларни босма нашрлардан, энг аввало, «Солиқ ва божхона хабарлари»дан олишни маъқул кўраман. ДСИ ва «NORMA» компанияси томонидан ташкил этиладиган семинарлар ва бошқа тадбирларда қатнашиб тураман. Бундай анжуманларда ўзим учун керакли ахборотларни олишдан ташқари саволларимга жавоб оламан, шунингдек мутахассислар ўз маслаҳатларини аямайдилар. Булар билим доирасини кенгайтириб, касб савиясини оширишда менга ёрдам бермоқда.

Г.НИКИТИНА, бош бухгалтер:

– Ўзида барча зарур ахборотларни мужассам этган беназир ресурслар – norma.uz ва fms.uz сайтлари орқали қонун ҳужжатларидаги янгиликларни билиб оламан. Бунга албатта «Солиқ ва божхона хабарлари»ни ҳам қўшиш керак. Бу йўналишдаги масалаларда газета жуда керакли, унинг фойдаси ҳам катта.

К.КИНЧУК, «UN-LID TRANS» МЧЖ бош бухгалтери:

– Қонун ҳужжатларидаги ўзгаришларга тааллуқли янгиликларни Узнетдан билиб оламан. Барча янгиликлар, шу жумладан қонун ҳужжатлари билан боғлиқ янгилик­лар ила мени изчил таништириб бораётган gazeta.uz сайтидан миннатдорман. Яна шуни ҳеч бир муболағасиз айтишим керакки, norma.uz сайтига ҳам меҳрим баланд. У ёки бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тааллуқли барча материалларни шу сайтдан топиш мумкин. У ҳужжатларни излаш учун ҳам қулай. Масалан, ягона солиқ тўлови қандай ҳисоблаб чиқарилишини билмаган пайтимда айни norma.uz менга муфассал жавоб бергани, мисоллар ҳам келтиргани кўпинча ёдимга тушади. Зарур ахборотни излашда Google ҳам яхши кўмакчи, ёрдами кўп тегади. Лекин энг қизиғи шундаки, Google кўпинча norma.uz га ҳавола қилади.

М.ОЛТИНБЕКОВА, бухгалтер:

– Гапнинг рости, омадим чопган. Турмуш ўртоғим юрист, ишимда ёрдамлашиб туради. Барча муҳим ахборотларни у кишидан оламан десам ҳам бўлаверади. Маслаҳат сўраб ДСИга мурожаат қилишга тўғри келадиган ҳоллар ҳам бўлади. Зотан, иш асносида чиқиб қоладиган баъзи саволларга фақат солиқ солиш соҳасидаги экспертларгина тўғри жавоб бера оладилар...

Прочитано: 1460 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика