Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 17 / Солиқ солиш

Доимий муассаса ҳисоботининг хусусиятлари

Доимий муассасалар қандай солиқлар ва ажратмалар бўйича ҳисоботлар топширади?

ДМ бош бухгалтери.

 

Норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муас­сасаси деганда норезидент мамлакатимиз ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган, шу жумладан фаолиятни ваколатли шахс орқали амалга ошираётган ҳар қандай жой эътироф этилади. Доимий муассаса деб Ўзбекистон ҳудудида ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида 183 календарь кунидан ортиқ давом этадиган тадбиркорлик фаолиятининг амалга оширилиши ҳам эътироф этилади. «Доимий муассаса» тушунчаси фақат солиқ соҳасидаги мақомни аниқлаш учун қўлланилади ва ташкилий-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас (Солиқ кодексининг (СК) 20-моддаси).

Фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган норезидентлар қуйидаги солиқлар бўйича тўловчилар, бинобарин, уларга доир ҳисоботларни ҳам топширувчилар ҳисобланади: юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи (СКнинг 126, 154-моддалари), сув ресурсларидан фойдаланганлик учун (агар улар Ўзбекистон ҳудудида сувдан фойдаланишни ёки сув истеъмолини амалга оширсалар) (СКнинг 257-моддаси), мол-мулк (СКнинг 265-моддаси), ер солиқлари (СКнинг 279-моддаси), ягона ижтимоий тўлов (СКнинг 305-моддаси), ЖШДС (СКнинг 169-моддаси), тўлов манбаида ушланадиган ЯИТ ва суғурта бадаллари (СКнинг 305-моддаси). Уларнинг баъзиларини батафсил кўриб чиқамиз.

 

ФОЙДАГА БОҒЛИҚ БЎЛМАГАН ФОЙДА СОЛИҒИ

Фойда солиғини ҳисоблаш ва тўлашда бир қатор жиҳатларга эътибор қаратиш керак. Чунончи, СКнинг 154-моддасида назарда тутилишича, Ўзбекистон Республикасида фаолиятни дои­мий муассаса орқали амалга ошираётган юридик шахс – Ўзбекистон Республикаси норезидентининг солиқ солинадиган фойдасини аниқлашда фойда солиғини ҳисоблаб чи­қариш мақсади учун солиқ солинадиган фойда суммаси ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган харажатлар суммасининг 10%идан кам бўлиши мумкин эмас. Яъни фойда солиғини ҳисоблаётганда фаолиятни ДМ орқали амалга ошираётган норезидент компания шуни назарда тутиши лозимки, агар солиқ солинадиган фойда харажатларнинг 10%идан камни ташкил қилса, солиқ ҳисоб-китоби харажатларнинг 10%ига тенг суммадан юритилади.

1-МИСОЛ.

ДМ фаолиятидан ялпи тушум 20 000 ш. б. ни ташкил қилди;

уни амалга оширишда қи­линган харажатлар суммаси – 18 500 ш. б.;

солиқ солинадиган фойда – 1 500 ш. б.

Харажатлар суммасининг 10%и – 1 850 ш. б. солиқ солинадиган фойдадан кўп. Шу сабабли ДМ орқали ишлайдиган норезидент компаниянинг фойда солиғи бўйича базаси 1 850 ш. б. суммаси бўлади.

Фойда солиғи:

1 850 х 9% = 166,5 ш. б. ни ташкил этади (уни ҳи­соблашда ҳисобот чиқариш санасида белгиланган ставка – 9% қўлланади).

 

2-МИСОЛ.

ДМ фаолиятидан ялпи тушум 20 000 ш. б. ни ташкил этади;

фаолиятни амалга ошириш чоғида қилинган харажатлар суммаси – 21 500 ш. б.;

ДМ фаолиятидан зарар – (–1 500) ш. б.

ДМнинг фаолияти зарар кўрган ҳолда олиб борилишига қарамай, солиқ солинадиган фойда қилинган харажатларнинг 10%идан, яъни 2 150 ш. б. дан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади.

Фойда солиғи:

2 150 х 9% = 193,5 ш. б. ни ташкил қилади.

 

Қонун ҳужжатлари билан белгиланган шакллар бўйича тақдим этилган ҳисоботларга (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 1-илова, бундан ке­йин – 2439-сон Қарор) ДМ эркин шаклдаги фаолият тўғрисидаги ҳисоботни илова қилиши керак. Йиллик ҳисоботни тақдим этиш муддати, агар ДМнинг фаолияти тугамаган бўлса, хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар учун бўлганидек, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартидан кечиктирмай белгиланган (Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низомнинг1 2-банди).

Фаолият тугатилган тақдир­да 1 ой мобайнида қонун ҳужжат­ларида назарда тутилган фойда солиғининг барча ҳисоб-китоблари тақдим этилади. Шун­га эътибор қаратиш лозимки, ДМ фаолиятини тугатиш муддати деб қуйидаги кунлардан энг кейин келувчи кун ҳисоб­ланади:

бажарилган ишлар, кўрса­тилган хизматлар далолатномаси имзоланган кун;

норезидентнинг доимий муас­сасаси томонидан бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлашга охирги тўловнома тақдим этилган кун;

солиқ органларига юридик шахсларнинг фойда солиғи якуний ҳисоб-китоби ҳақиқатда тақдим этилган кун.

Доимий муассасанинг фойда солиғини тўлаш тартиби СКнинг 164-моддасида белгиланган. Унда белгиланишича, Ўзбекистон норезидентининг доимий муассасаси юридик шахсларнинг фойда солиғи, шунингдек соф фойдадан солиқни йилига 1 марта, ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кейин бир ой мобайнида жорий тўловларни тўламасдан тўлайди.

 

АВВАЛ ИНВЕНТАРИЗАЦИЯ ҚИЛИНАДИ

Доимий муассаса фаолияти билан боғлиқ асосий воситалар қиймати ва (ёки) унга мулк ҳуқуқида тегишли бўлган, унинг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган кўчмас мулк, агар Ўзбекистоннинг халқаро шарт­номаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мол-мулк солиғини ҳисоблаш учун база бўлиб ҳисобланади (СКнинг 265-моддаси).

Шунга эътибор қаратиш лозимки, агар норезидент ДМ орқали ишлаганда ўзининг мол-мулкидан фойдаланса, унинг ҳисоби Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мувофиқ юритилиши керак. Яъни мол-мулкнинг бошланғич қийматини белгилаш (масалан, резидентнинг ўз маълумотномаси ёки БЮД асосида, агар унда олиб кириладиган мол-мулкнинг қиймати кўрсатилган бўлса) ва амортизацияни ҳисоблаб ёзиш лозим. СКда белгиланган амортизация ставкалари фақат со­лиқ солиш мақсадида – фойда солиғи ҳисоб-китоби учун қўл­ланишини назарда тутиш керак. Шу сабабли норезидент бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни амортизациялашнинг исталган бошқа ставкалари ва усулларини белгилаши мумкин (5-сон БҲМС «Асосий воситалар»2).

СКда белгиланган ставкаларни қўллаш тавсия қили­нади, чунки унинг 144-мод­да­сида юқорироқ ставкалар қўлланганда амортизация СК ставкалари бўйича қайта ҳисоб­ланиши назарда тутилган.

Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни солиқ органлари ҳисоблаб чиқарадилар. Бунинг учун Ўзбекистонда доимий муассаса орқали фаолиятини амалга оширувчи норезидент ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 январидан кечиктирмай ўзи солиқ ҳисобига олинган жойдаги солиқ органига мавжуд солиқ солинадиган мол-мулк тўғрисида маълумотнома тақдим этиши шарт. Унинг асосида ДСИ 10 кун ичида юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқни ҳисоб-китоб қилади ва тўлов хабарномасини ёзади.

Мулкида кўчмас мулк бўлган норезидентларга кўчмас мулк жойлашган жойдаги солиқ органи солиқ тўловчи ёки кўчмас мулкка ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида тўлов хабарномаси ёзади.

Юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқни норезидентлар йилда 1 марта ҳисобот солиқ давридан ке­йинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай тўлайдилар.

 

ҲИСОБОТ БЕРИШНИ ҲАМ УНУТМАНГ

Фойда ва мол-мулк солиқ­ларидан ташқари норезидентнинг доимий муассасалари қуйидагиларни тақдим этадилар:

● Ер солиғининг ҳисоб-китоби (2439-сон Қарорга 8-илова) – уларга мулк, эгалик қилиш ёки фойдаланиш ҳуқуқида қарашли ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органига – жорий солиқ даврининг 15 февралига қадар (СКнинг 285-моддаси);

● Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китоби (2439-сон Қа­рорга 6-ило­ва) (агар улар Ўзбекистон ҳуду­дида сувдан фойдаланган ёки сувни истеъмол қилган бўлсалар) (СКнинг 257-моддаси) – йилига 1 марта солиқ давридан кейинги йилнинг 25 январигача, сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш жойидаги солиқ органига (СКнинг 263-моддаси).

Бундан ташқари, агар ДМ ишига жалб этилган резидентлар ва норезидентлар (Ўзбекистон резиденти мақомини олганлар) респуб­лика ҳудудида иш ҳақи ёки бошқа даромадларни доимий муассаса орқали олсалар, унда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлови, Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ва ШЖБПҲга ажратмалар тўлаш мажбурияти, уларни тўлов манбаида ушлайдиган солиқ агентлари сингари, юзага келади. Ушбу мажбурий тўловларни амалга ошираётган ДМ Ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадалларининг ҳисоб-китобини (2439-сон Қарорга 10-илова) рўйхатдан ўтказиш жойидаги солиқ органига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда солиқ ҳисобига олиш жойидаги солиқ органига тақдим этади (СКнинг 310-моддаси).

Шунингдек у йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатида солиқ ҳисобига олиш жойидаги ДСИга Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларни (2439-сон Қарорга 2-илова) ва йил тугаганидан кейин 30 кун мобайнида – асосий бўлмаган иш жойида даромад олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши шарт (СКнинг 187-моддаси).

P.S.

 Агар хорижий компания – норезидент Ўзбекистонда бир нечта доимий муассасага эга бўлса, уларнинг ҳар бири фаолият кўрсатиш жойидаги тегишли ҳудудий солиқ органида ҳисобга туриши ва ўз ҳисоботини белгиланган тартибда топшириши шарт.

Биргина хорижий компаниянинг бир нечта доимий муассасаси бўйича ҳисоботи ва солиқ ҳисоб-китобларини жамлашга ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ.

 

Қонун чиқарувчининг ён дафтарига!

Доимий муассасалар томонидан фойда солиғини ҳисоблаш ва тўлаш бўйича солиқ қонунчилиги меъёрларининг қўлланиши амалиёти услубий жиҳатдан тартибга солинмаган баъзи ҳолатларни аниқлади, уларни норезидент компаниялар турлича ҳал қиладилар. ДМ ҳисобга қўйилгунга қадар норезидентга даромад тўлаш чоғида резидент ушлаган солиқнинг ҳисобга олиниши бундай вазиятга мисол бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ҳисоб-китобда ҳам, бундай ҳисобга олиш тартибида ҳам тақдим этиш тартиби, шунингдек бундай ҳисобга олиш мумкин бўлган давр белгиланмаган.

Бир контрактга доир қилинган харажатларнинг кейинги ҳисобот даврига кўчирилиши бошқа бир мураккаб масаладир. Бу ҳолатда мураккаблик шундан иборатки, фаолият бошланганда норезидент одатда унга мувофиқ даромад йўқ бўлса ҳам, харажат қилади. Давр охирига келиб эса одатда харажатлар улар учун даромад жуда юқори бўлган шароитда анча кам бўлиб чиқади. Узоқ муддатли контрактларнинг ижро этилишига хос бўлган бундай вазият тартибга солинмаганлиги солиқ солишнинг даражаси ошишига олиб келади ва лойиҳанинг даромадлилигини камайтиради.

 

1МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.07.2000 йилда 942-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

 

Гўзал ГАЛИМОВА,

«BAKER TILLY TASHKENT» МЧЖ АЖ бошқаруви раиси.

Ноила МУҚМИНОВА,

экспертимиз.

Прочитано: 3028 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика