Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 17 / Солиқ солиш

Лицензия олибоқ, бўнакни тўланг

Корхонамизнинг асосий фаолияти озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан иборат (ХХТУТ бўйича коди – 18192). Қўшимча фойда олиш мақсадида улгуржи савдони амалга оширишга лицензияни расмийлаштирдик.

Тушунтириб берсангиз, агар ўз маҳсулотимизни сотишдан олинган тушум умумий реализация қилиш ҳажмида устун бўлса, Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низом бизга нисбатан қўлланадими?

 

– Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғ­рисидаги низомда (МВ, ДСҚ ва МБ бош­қарувининг АВ томонидан 14.01.2010 йилда 2065-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 2065-сон Низом) тижорат банкларининг улгуржи савдони амалга оширадиган корхоналардан ЯСТ бўйича бўнак тўловларини ушлаб қолишлари тартиби назарда тутилган, бундан қуйидагилар мустасно:

улгуржи дорихона ташкилотлари, Улгуржи савдо корхоналари уюшмаси тизимига кирувчи ихтисослаштирилган улгуржи база-конторалари ва уларнинг ҳудудий базалари;

айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, банк ҳисобварақларига келиб тушадиган пул маблағларининг тақсимланишига бошқача тартиб белгиланган корхоналар (акциз солиғи тўловчилари).

Корхонага улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия берилганда ҳокимлик департаменти маълумотларни солиқ органларига топширади. Улар бундай ахборот олинган кундан бошлаб 3 кун муддатда ушбу корхоналарнинг асосий ва иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очилган тижорат банк­ларига хабарнома юборади.

Улгуржи савдо фаолиятини амалга оширишга лицензиянинг мавжудлиги, реализациянинг умумий ҳажмида савдо фаолиятидан олинган тушумнинг улушидан қатъи назар, ЯСТ бўйича бўнак тўловларини тўлаш учун асос ҳисобланади. Уни олиб, сиз ЯСТ тўловчиси сифатида бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда умумий тартибда ЯСТ тўлайсиз.

2065-сон Низом татбиқ этиладиган корхоналарга келиб тушадиган барча маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади: 5% – ЯСТ бўйича бўнак тўловлари сифатида ва 95% – асосий ва иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақларига ўтказилади ва корхоналарнинг ихтиёрига биноан фойдаланилади.

Қуйидаги маблағлар тақсимланмайди:

илгари тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларининг қай­тиши кўринишида бюджетдан ва давлат мақсадли жамғармаларидан келиб тушган маблағлар;

чакана савдодан инкассация қилинган тушум;

Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида тушаётган мақсадли маблағлар;

илгари жойлаштирилган депозитларнинг қайтиши;

бир юридик шахснинг асосий талаб қи­либ олингунча депозит ҳисобварағидан иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига, иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига ёки битта иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан бошқа иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига келиб тушадиган маблағлар;

илгари конвертация учун йўналтирилган маблағларнинг конвертация қилинмаган қисмининг қайтиши;

устав фондига (устав капиталига) улуш сифатида келиб тушган маблағлар;

фоизлар ва дивидендлар;

грантлар;

хато ўтказилган маблағларнинг қайтган қисми.

Агар тижорат банклари томонидан бўнак тўловлари ушланиши натижасида ЯСТ суммаси ҳисоб-китоб суммасидан ошиб кетса (масалан, ЯСТ солиш объектлари бўлиб ҳисобланмайдиган суммалардан ушлаш ҳисобига ёки сиз Солиқ кодексига (СК) мувофиқ солиқ ставкасини камайтириш бўйича имтиёзга эга бўлсангиз), ортиқча тўлов ЯСТ бўйича бўлғуси тўловлар ҳисобига инобатга олинади ёки СКнинг 10-бобида белгиланган тартибда ёзма аризаси асосида солиқ тўловчига қайтарилади.

Бироқ агар жорий йил якунлари бўйича сизнинг асосий фаолият турингиз ишлаб чиқариш бўлса, яъни СКнинг 350-моддасига кўра сиз улгуржи савдо корхоналарига кирмасангиз, кейинги йили солиқ органлари хизмат кўрсатувчи банкка сизни улгуржи савдо корхоналари рўйхатидан чиқариш тўғрисида хабарнома юборадилар. Шунга асосланиб, банк кейинги йилда ЯСТ бўйича бўнак тўловларини ушламайди.

 

Мария САБИРОВА,

экспертимиз.

Прочитано: 1022 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика