Солиқ кодексининг 186-моддасига кўра, йил мобайнида асосий иш (хизмат, ўқиш) жойи ўзгарган тақдирда, жисмоний шахс жорий йилда ўзига тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисидаги маълумотномани бухгалтерияга дастлабки иш ҳақи ҳисоблангунига қадар тақдим этиши шарт. Маълумотнома ёки солиқ тўловчининг идентификация рақами тақдим этилмаган тақдирда, ЖШДС белгиланган энг юқори ставка бўйича ушлаб қолинади. Маълумотнома ёки СТИР кейинчалик тақдим этилган тақдирда, солиқ суммаси илгариги асосий иш (хизмат, ўқиш) жойида олинган даромадлар инобатга олинган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Ходим 2008 йил ўртасида ташкилотдаги ишга қабул қилинди, илгариги иш жойидан даромадлар тўғрисида маълумотномани тақдим этди, бироқ СТИР берилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхасини тақдим этмади. Бундай вазиятда СТИР берилганлиги тўғрисида маълумотларнинг йўқлиги жисмоний шахслардан даромад солиғини энг юқори ставкада ушлаш учун асос ҳисобланадими?
Е.Тазетдинова.
– Солиқ кодексининг (СК) 78-моддасига кўра, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) юридик ва жисмоний шахслар томонидан тузиладиган меҳнат шартномаларида албатта ёзиб қўйилади. Яъни меҳнат шартномасини тузиш чоғидаёқ ходим унга яшаш жойидаги ДСИда бериладиган СТИРни тақдим этиши керак.
Йил мобайнида асосий иш жойи ўзгарган тақдирда, жисмоний шахс жорий йилда ўзига тўланган даромадлар ва улардан ушлаб қолинган солиқ суммалари тўғрисидаги маълумотномани янги асосий иш жойидаги бухгалтерияга дастлабки иш ҳақи ҳисоблангунига қадар тақдим этиши шарт (СКнинг 186-моддаси). У МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган шаклда тақдим этилади. 2008 йилда у МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 21.01.2008 йилда 1760-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган шаклда берилган. Маълумотномада, ходим тўғрисидаги асосий маълумотлардан ташқари, унинг СТИРи кўрсатилади.
Агар ходим унинг йил бошидан олган даромадлари ва улардан ушланган солиқларни тасдиқлайдиган маълумотномани тақдим этса, ЖШДС унинг календарь йил бошидан илгариги ва янги асосий иш жойи бўйича олинган жами даромадидан белгиланган шкала бўйича (йил бошидан ортиб борувчи якун билан) ҳисобланади.
Шуни эслатиб ўтамизки, солиқ органи солиқ даври тугаганидан кейин 5 йил ичида солиқларни ҳисоблаши ёки ҳисобланган суммани қайта кўриб чиқиши мумкин (СКнинг 38-моддаси). Сизнинг ҳолатингиз 2008 йилга тааллуқли бўлганлиги боис солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати тугаган, 2008 йил учун ЖШДС қайта ҳисобланмайди.
Шундай бўлса-да, бухгалтерия ҳам, кадрлар бўлими ҳам барча ходимларнинг СТИРига эга бўлиши лозим. Бугунги кунда у кўп маълумотларни тақдим этиш чоғида, масалан, банк пластик карточкасини расмийлаштириш, жисмоний шахснинг депозит ҳисобварағини очиш ва бошқа ҳолларда албатта кўрсатилиши керак.
Ноила МУҚМИНОВА,
экспертимиз.