Пойтахтимизда 24 апрель куни «Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши: Ўзбекистон тажрибаси ва меҳнат соҳасидаги халқаро стандартлар» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Адлия вазирликлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анжуманда аҳоли бандлигини таъминлаш ва фуқаролар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, ходимлар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича амалга оширилаётган изчил ишлар ва бу борадаги халқаро ҳамкорлик самаралари ҳақида сўз юритилди.
Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган муассасаси бўлиб, ижтимоий адолат тамойилларини, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат соҳасидаги халқаро ҳуқуқларни илгари суриш йўналишида иш олиб боради. Ўзбекистон Республикаси ХМТга 1992 йилда аъзо бўлган ва ҳозиргача ушбу ташкилотнинг ўн учта конвенциясини ратификация қилган.
Ўзбекистонда фуқароларнинг муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этишда фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган икки юздан ортиқ қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунлари, Меҳнат кодекси шулар жумласидандир.
Конференцияда Ўзбекистонда шаклланган меҳнат соҳасидаги қонунчилик, ижтимоий-меҳнат муносабатлари йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар халқаро стандартларга тўла мос келиши, бу борада бошқалар ўрнак олса арзигулик юксак самараларга эришилаётгани алоҳида эътироф этилди. Хусусан, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш ҳуқуқлари тўла таъминланган бўлиб, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш ва уларга бола парвариши билан боғлиқ қўшимча таътиллар бериш ва бошқа имтиёз ва кафолатлар таъминланган.
Тадбирда Ўзбекистон ҳукумати, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишувнинг юксак самаралари хусусида батафсил фикр алмашилди. Ушбу келишув тармоқ ва ҳудудий келишувлар, корхоналар, ташкилот ва муассасаларда қабул қилинган жамоавий шартномаларнинг мазмун-моҳиятини янада яхшилаш имконини бераётир. Бу ҳужжатларда ходимлар, жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини уларнинг малака ва ихтисосига мувофиқ таъминлаш, корхона ва ташкилотларда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ишга жойлаштириш учун қўшимча иш ўринлари яратиш, ходимлар малакасини ошириш учун қайта ўқитишни ташкил этиш каби масалалар кўзда тутилган.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан ходимлар ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Касаба уюшмалари янги иш ўринларини яратишга оид давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашмоқда. Мазкур соҳада касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назорати амалга оширилмоқда.
Конференция иштирокчилари мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича шаклланган тажрибани юқори баҳолади. Хусусан, глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида иш кучига бўлган талабни рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимларини кенгайтириш, ижтимоий мулоқот олиб бориш ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича Ўзбекистонда катта муваффақиятларга эришилгани таъкидланди.
Халқаро конференцияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.
ЎзА материаллари асосида.