Фуқаролик ишлари бўйича судларда масалаларни кўриш жуда узоққа чўзилади деб эшитган эдим. Менинг никоҳим бекор қилинди, вояга етмаган икки болам билан қолдим, собиқ эрим эса бизга моддий жиҳатдан ёрдам бермаяпти. Болаларга алиментни қандай қилиб тезроқ ундириш мумкин?
Гулираъно В.
Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани.
– Сиз судга болаларга алимент ундириш тўғрисида суд буйруғи беришлари тўғрисида ариза билан мурожаат қилишингиз лозим.
Суд буйруғи суд муҳокамасини ўтказиш ва тарафларни чақиришсиз, соддалаштирилган тартибда чиқарилади.
Бунда агар аризада оталикни белгилаш ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғланмаган ҳолда вояга етмаган болаларга алимент ундириш талаби баён этилган бўлса, суд буйруғи чиқарилади.
Аризада келтирилган талабнинг моҳияти бўйича суд буйруғи судья томонидан ариза судга келиб тушган кундан бошлаб 3 кун мобайнида чиқарилади.
У чақирилгандан кейин судья дарҳол унинг нусхасини қарздорга юборади.
Қарздор суд буйруғининг нусхаси олинган кундан бошлаб 10 кун ичида буйруқ чиқарган судга арз қилинган талабга қарши эътироз юбориши мумкин.
Агар белгиланган муддатда қарздордан судга эътироз келиб тушмаса, судья ундирувчига суд муҳри билан тасдиқланган буйруқни ижрога тақдим этиш учун беради.
МИСОЛ. Фуқаро Н. фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга қарздор А.дан вояга етмаган боласи В.ни таъминлашга алимент ундиришни сўраб мурожаат қилди*.
Суд чиқарган суд буйруғида кўрсатилишича, Оила кодексининг (ОК) 96-моддасига мувофиқ ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
ОКнинг 99-моддасига кўра агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – 1/4 қисми, икки бола учун – 1/3 қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Юқорида баён этилганлар асосида, шунингдек Фуқаролик процессуал кодексининг 2382, 23811-моддалари ҳамда ОКнинг 96, 99-моддаларига мувофиқ суд қарздор А.дан Н. фойдасига вояга етмаган боласи В.ни таъминлашга қарздор иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент, шунингдек давлат даромадига 48,052 сўм миқдорида давлат божини ундириш тўғрисида буйруқ чиқарди.
*Буйруқ матнида тарафлар ундирувчи ва қарздор деб номланади.
Ленара ХИКМАТОВА,
юрист.