Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан norma.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
МАНСАБДОР ШАХСЛАРНИНГ ХОРИЖГА ЧИҚИШИГА ДОИР
Президентнинг 5.03.2014 йилдаги ПҚ-2142-сон Қарори билан хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг тегишли хизматлари билан махсус келишувни талаб қиладиган мансабдор шахсларнинг рўйхати тасдиқланди.
Хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши Президент билан махсус келишувни талаб қиладиган мансабдор шахсларнинг рўйхати 25 лавозимдан иборат. Улар қаторида Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Сенат Раиси ва Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси Спикери, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Марказий банк бошқаруви раиси ва унинг ўринбосарлари, республика Бош прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ва бошқалар бор. Мазкур Рўйхатда кўрсатилган мансабдор шахслар ўриндошлик асосида бошқа лавозимларни эгаллаган тақдирда, ўриндошлик асосида эгаллаган лавозими йўналиши бўйича чет элга хизмат сафарига чиқиши ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти билан махсус келишиш талаб этилади.
Хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан махсус келишувни талаб қиладиган мансабдор шахсларнинг рўйхати 15 лавозимни ўз ичига олади. Булар Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи аппарати ахборот-таҳлил департаментларининг (бошқармаларининг, бўлимларининг) раҳбарлари ва масъул ходимлари, Миллий ахборот агентлиги бош директори, Миллий телерадиокомпания раиси ва унинг ўринбосарлари, Бадиий академиянинг раиси, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари (Тошкент шаҳри бундан мустасно) ва бошқалардир. Мазкур Рўйхатда кўрсатилган мансабдор шахслар ўриндошлик асосида бошқа лавозимларни эгаллаган тақдирда, ўриндошлик асосида эгаллаган лавозими йўналиши бўйича чет элга хизмат сафарига чиқиши учун ҳам Вазирлар Маҳкамаси билан махсус келишиш талаб этилади. Ҳужжатда Вазирлар Маҳкамасига чет элга хизмат сафарига чиқиши ҳукумат билан махсус келишувни талаб қиладиган қўшимча лавозимларни ҳам белгилаш ҳуқуқи берилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, умумий юрисдикция ва хўжалик судлари судьялари, ИИВ, Адлия вазирлиги, ДБҚ давлат олий таълим муассасаларининг раҳбарлари (ректорлари), шунингдек уларнинг ўринбосарлари (проректорлари), Ташқи ишлар, Ички ишлар, МХХ, МХХ ДЧҲҚҚ, адлия, мудофаа, фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Олий суд, Бош прокуратура, ДБҚ, ДСҚ, шунингдек уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларининг масъул ходимлари халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг (БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқалар) расмий тадбирларида қатнашиш учун ва бошқа лавозимдагилар тасдиқланган учинчи Рўйхатга мувофиқ хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқишда Президент девони тегишли хизматлари билан махсус келишиб оладилар. Агар мансабдор шахслар ўриндошлик асосида бошқа лавозимларни эгаллаган бўлса, уларнинг ҳам Президент девони тегишли хизматлари билан махсус келишиши талаб этилади.
Мансабдор шахсларнинг халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг расмий тадбирларида қатнашиши Ташқи ишлар вазирлиги орқали келишилади.
Ҳужжатда қайд этилишича, «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги Қонун (7.05.1993 йилдаги 848-XII-сон) билан давлат сири ёки ҳарбий сирни ташкил этувчи маълумотлар билан ишлаётган ёки ишлаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари уларнинг ёзма равишда берган розиликлари билан чекланиши мумкинлиги белгиланган. Шу муносабат билан давлат сири ёки ҳарбий сирни ташкил этувчи маълумотлардан хабардор мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиши белгиланган тартибда махсус келишувга асосан амалга оширилади.
Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, уларнинг девонлари масъул ходимларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиши тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия қилинган.
Вазирлар Маҳкамасига Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларини ташкил этиш қоидаларини тасдиқлаш топширилди. Ушбу ҳужжатда режа-топшириқ ва хизмат сафари натижалари бўйича ҳисобот тузиш тартиби, хизмат сафарига юборилаётган мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан, хизмат сафарининг мақсади ва вазифаларини самарали амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, расмий ва норасмий маросимларни ўтказиш пайтида бўлиб турган мамлакат қонунчилигига ва умумэътироф этилган юриш-туриш қоидалари (этикет)га риоя этиш, шунингдек давлат сирларидан хабардор шахсларнинг чет элга чиқиши муносабати билан махфийлик режимини таъминлаш назарда тутилган бўлиши лозимлиги таъкидланган.
Хизмат сафарларининг асослантирилганлиги, самарали ташкил этилиши ва натижадорлиги, хизмат сафари харажатлари учун ажратилган маблағларнинг мақсадли ва оқилона сарфланиши, юқоридаги талабларнинг бажарилиши учун шахсий жавобгарлик давлат ҳокимияти ва хўжалик органлари раҳбарлари зиммасига юклатилди.
Адлия вазирлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунга хилоф равишда чет элга чиққанлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
МЕЪЁРИЙ ҲУЖЖАТ ТАЙЁРЛАШГА ВАКОЛАТЛАР
Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 28.02.2014 йилда 2565-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари тасдиқланди.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни (НҲҲ) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қабул қилиши лозимлиги белгиланди. Идоравий НҲҲни қабул қилиш, агар кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар билан вазирлик ва идорага уларни қабул қилиш бўйича ёки тегишли муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ваколати берилган бўлса, уларнинг ваколатига киради.
Вазирлик ва идораларнинг таркибий бўлинмалари ва ҳудудий органлари идоравий НҲҲлар қабул қилишга ҳақли эмас, вазирлик ва идоралар эса НҲҲларни қабул қилиш бўйича берилган ваколатни бошқа органларга, шунингдек ўзларининг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига беришга ҳақли эмас.
Мазкур Қоидаларда НҲҲ лойиҳаларини тайёрлаш ва расмийлаштириш, уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, келишиш, қабул қилиш, давлат рўйхатидан ўтказиш, НҲҲга ўзгартиришлар киритиш, уларнинг тузилиши, турлари ва кучга кириш тартибини белгилайди. Чунончи, НҲҲ лойиҳаси вазирлик ва идораларнинг юридик хизмати томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шартлиги белгиланган.
Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларини бажариш юзасидан НҲҲ қабул қилиш муддати, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, 1 ойдан ошмаслиги лозим.
НҲҲ буйруқ ва қарорлар тарзида қабул қилинади.
Буйруқлар вазирлар томонидан ёки идора номидан қарорлар қабул қилиш якка тартибда амалга ошириладиган идоралар раҳбарлари томонидан қабул қилинади. Қарорлар давлат қўмиталари томонидан ёки идора номидан қарорлар қабул қилишни мазкур идоранинг коллегиал органи амалга оширадиган идоралар томонидан қабул қилинади. Икки ёки ундан ортиқ вазирлик ва идораларнинг НҲҲлари ҳам қарорлар тарзида қабул қилинади.
Қоидаларга кўра, буйруқлар ва қарорлар билан ушбу НҲҲнинг таркибий қисми бўлган низомлар, қоидалар, йўриқномалар ва бошқа ҳужжатлар тасдиқланиши мумкин. Бинобарин, битта буйруқ ёки қарор билан бир нечта низомлар, қоидалар ёки йўриқномалар тасдиқлашга йўл қўйилмайди.
Қабул қилинган ҳужжатда тайёрланаётган НҲҲларнинг номи, мазмуни ва тил меъёрларига талаблар ҳам белгиланган. Шунингдек идоравий ҳужжатларни тайёрлаш намуналари келтирилган. Бундан ташқари, Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлмаган ҳужжатларнинг рўйхати келтирилган.
Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 10.03.2014 йилдаги 10 (614)-сонида расман чоп этилган кундан бошлаб кучга кирган.
Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.