Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 11 / Аудитор хабарномаси

Текширувдан кейин

Ҳаммамиз ҳам хато қиламиз, бухгалтерлар ҳам бундан истисно эмас. Албатта, бухгалтерларни батартиб, бухгалтерия ҳисоби масалаларида етти ўлчаб бир кесадиган кишилар деб ҳисоблаймиз, бироқ уларда ҳам кўп учрайдиган хатолар мавжуд, хизмат бурчига кўра бундай хатоларга тез-тез тўқнаш келадиган аудиторлардан айнан улар ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилдик.

 

МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ

Аудиторлик текширувлари чоғида бухгалтерларнинг ягона ижтимоий тўлов (ЯИТ), Пенсия жамғармасига ажратмалар солинадиган базани белгилаши ҳамда қўшимча ҳақ ва рағбатлантирувчи тўловларни чегириладиган ёки чегирилмайдиган харажатлар таркибига киритиши масаласи долзарблигича қоляпти. Бу кўп жиҳатдан Солиқ кодексига (бундан кейин – СК) мувофиқ тўловлар формулировкаси ва классификацияси бир неча маротаба ўзгартирилганлиги оқибатидир. Бироқ корхоналарда ушбу жиҳатлар эътиборга олинмайди, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш тўғрисидаги низомларга ўзгартиришлар киритилмайди. Текширувларда корхонада тўловларнинг турли хиллари бўйича 20 га яқин низом амал қилиши аниқланади, бу ҳолатда чалкашмаслик мумкин эмас.

 

Кўпинча харажатлар моддалари бўйича классификациялашда муаммо туғдирадиган тўловларнинг қуйидаги формулировкаларини учратиш мумкин:

 

Корхонанинг формулировкаси

 

Солиқ кодексининг моддалари бўйича классификация

 

Таътилга моддий ёрдам (бундай формулировка СКда қабул қилинган иккита турлича тушунчани ўз ичига олади)

 

Таътилга қўшимча ҳақ – СКнинг
173-«Рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар» моддаси 4-«таътилга қўшимча ҳақлар» банди

 

Моддий ёрдам – СКнинг 178-«Бошқа даромадлар» моддасининг 16-«моддий ёрдам тариқасида:...» банди

 

Овқатланиш (йўл) қийматини қоплаш учун моддий ёрдам (бундай формулировка СКда қабул қилинган иккита турлича тушунчани ўз ичига олади)

 

Овқатланиш (йўл) қийматини қоплаш – СКнинг 174-«Компенсация тўловлари (компенсация)» моддасининг 13-«озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қиймати ёки озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қийматини қоплаш» банди

 

Моддий ёрдам – СКнинг 178-«Бошқа даромадлар» моддасининг 16-«моддий ёрдам тариқасида:...» банди

 

   

Яъни корхоналарда тўловларнинг баъзи турларига «моддий ёрдам» олд қўшимчасини қўшсак, уларга ЯИТ ва Пенсия жамғармасига ажратмалар солмаса бўлади деган хато тушунча мавжуд. СКнинг моддалари бўйича классификациялашда мураккаблик туғдирадиган бошқа тўловлар ҳам учрайди. Бунда корхона одатда ўн йил аввалги меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантирувчи тўловлар тўғрисидаги ички низомни рўкач қилади.

Ҳозирги вақтда СКда тўловлар, қўшимча ҳақлар, компенсацияларнинг барча формулировкалари моддалар бўйича пухта қайд этилган ва классификацияланган. Шу сабабли солиқ солинадиган базани аниқлаш ва назорат қилувчи органлар текшируви чоғида муаммоларга дуч келмаслик мақсадида меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги ички низомлардаги атамалар ва тушунчаларни Кодексга мувофиқлаштирган мақбулдир. СКнинг 171-моддаси биринчи қисми ва СКнинг 172–178-моддаларида жисмоний шахслар даромадларининг барча турлари санаб ўтилган. СКнинг 171-моддаси иккинчи қисмида эса – юридик шахслар амалга оширадиган, жисмоний шахснинг даромади сифатида қаралмайдиган харажатлар кўрсатилган. СКнинг 306-моддасига биноан ЯИТ солиш объекти бўлиб СКнинг 172-моддасида кўрсатилган тўловлар ҳисобланади. Уларга СКнинг 173–175-моддаларида саналган тўловлар киради. Тегишинча, СКнинг 171-моддаси иккинчи қисми, СКнинг 176–178-моддалари бўйича тўловларга ЯИТ солинмайди. Шунингдек СКнинг 179-моддаси бўйича жисмоний шахсларнинг даромадларига солиқ солинмайди.

 

СКнинг 171-моддаси иккинчи қисмига алоҳида эътибор бериш керак. Бу ерда кўрсатилган 15 позиция бўйича харажатларни меҳнатга ҳақ тўлаш фондига (МҲТФ) киритиш, уларга ЯИТ ва Пенсия жамғармасига ажратмалар, даромад солиғи солиш керак эмас. Мазкур харажатлар бошқа харажатлар сифатида ҳисобга олинади.

 

Тўловларнинг баъзи моддалари ЯИТ, Пенсия жамғармасига ажратмалар солиш ҳамда фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайдиган ёки чегириладиган харажатларга киритиш бобида кўпинча бухгалтерларда саволларни юзага келтиради.

 

СКнинг 175-моддаси 5-бандида кўрсатилган тўловларни кўриб чиқамиз:

 

қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишларга жалб қилинадиган ходимларнинг асосий иш жойи бўйича сақлаб қолинадиган иш ҳақи. Унга ЯИТ ва Пенсия жамғармасига ажратмалар солинади. Фойда солиғи ҳисоб-китобида уни чегирилмайдиган харажатлар таркибига киритиш ёки киритмасликка келсак, бунда, фикримизча, СКда қарама-қаршиликлар бор:

 

чегириладиган харажатлар СКнинг 143-моддаси 7-банди «д» кичик бандида белгиланган – қишлоқ хўжалиги ишларига ва бошқа ишларга жалб қилинадиган ходимларнинг асосий иш жойи бўйича сақлаб қолинадиган иш ҳақи;

 

чегирилмайдиган харажатлар СКнинг 147-моддаси 17-бандида белгиланган – маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган ишларни бажаришга (хизматларни кўрсатишга) (шаҳарлар ва шаҳарчаларни ободонлаштириш ишлари, қишлоқ хўжалигига ёрдам кўрсатиш ва бошқа турдаги ишлар) сарфланган харажатлар.

 

Қарама-қаршиликни бартараф этиш учун СКга ўзгартиришлар киритиш керак, СКнинг 147-моддаси 17-бандини эса чиқариб ташлаш керак. Бугунги кунда қарама-қаршилик бартараф этилгунга қадар СКнинг 11-моддасини қўллаш керак: «Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилинади». Яъни мазкур ҳолда қишлоқ хўжалигига ёрдам кўрсатиш харажатлари фойда солиғи ҳисоб-китобида солиқ солинадиган базани камайтиради.

 

ПЕНСИОНЕРЛАРГА ТЎЛОВЛАР ВА НАФАҚАЛАРГА ҚЎШИМЧА ТЎЛОВЛАР

Бу борада ҳам мураккабликлар мавжуд, улар бухгалтерларни чалкаштиради. Ишловчи ва ишламайдиган пенсионерлар бор. Ишлайдиган пенсионерларга корхона одатда улар «йўқотадиган» пенсиянинг 50%ини қўшимча тўлайди – бу пенсияга қўшимча тўлов деб номланади (СКнинг 175-моддаси 15-банди). Анъанага кўра ишлайдиган пенсионерларнинг пенсияларига қўшимча тўловлар ва ишламайдиган пенсионерларга тўловлар давлат улушига эга корхоналарда кенг қўлланди. Ушбу тўловлар одатда жамоа шартномасида қайд этилади ва касаба уюшмаси билан келишилади. Шунингдек СКда белгиланишича, юридик шахснинг маблағлари ҳисобидан тўланадиган пенсиялар ва нафақаларга қўшимчалар, стипендиялар ишланмайдиган вақт учун ҳақ тўлашга киради (СКнинг 175-моддаси 15-банди), шунингдек мазкур тўловлар жисмоний шахсларнинг бошқа даромадлари жумласига киради (СКнинг 178-моддаси 18-банди).

 

Иш берувчи пенсия ёшига етганлиги муносабати билан ходим билан шартномани бекор қилишга қарор қилган тақдирда корхона пенсияга чиқаётган меҳнат фахрийларига бир марталик нафақа тўлайди. Меҳнат фахрийсига бериладиган нафақани ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда тўланадиган ишдан бўшатиш нафақаси билан чалкаштириш ёки бирлаштириш керак эмас. 2 ой аввал огоҳлантиришсиз шартнома бекор қилинадиган пенсионерга иш берувчи иккала нафақани: фахрийга нафақани ҳам, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги ишдан бўшатиш нафақасини ҳам тўлаши шарт.

 

Амалиётда корхона ишламайдиган пенсионерларга пенсияга устама тўлайдиган ҳоллар учрайди (СКнинг 178-моддаси 18-банди). Кўраётганимиздек, турли хил тўловларда ўхшаш атамалар ишлатилади. Шу сабабли янада равшанлик киритиш учун Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакл­лантириш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган) 2.3-«Бошқа операция харажатлари» бўлимига мурожаат қиламиз:

 

2.3.9. Иш ҳақини ҳисоблашда ҳисобга олинмайдиган тўловлар ва харажатлар:

 

2.3.9.2. Пенсияларга устамалар, пенсияга чиқаётган меҳнат фахрийларига бирйўла тўланадиган нафақалар.

 

2.3.9.3. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлардан уларнинг қайта ташкил этилиши, ходимлар ва штатлар сонининг қисқариши муносабати билан бўшаб қоладиган ходимларга тўловлар.

 

Бундан ташқари, корхоналар баъзан нафақаларга қўшим­чалар тўлашади. Одатдаги амалиётда касаллик варақасига 100% миқдорида ҳақ тўлаш назарда тутилади, ҳолбуки меъёр бўйича 80% тўланиши керак.

 

Агар эътибор билан қарасак, СКда турли тўловлар, «нафақа» ва «устама» деган бир хилдаги атамалар қўлланишидан қатъи назар, турли моддаларга киритилган.

 

Корхонанинг штатдаги ходимларига юридик шахс маблағ­лари ҳисобидан тўланадиган пенсия ва нафақаларга қўшим­чалар, стипендияларга ЯИТ ва Пенсия жамғармасига ажратмалар со­ли­нади (СКнинг 175-моддаси 15-банди). Уларни чегирилмайдиган харажатлар таркибига киритиш ёки киритмасликка келсак, бунда:

 

вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақаларга ҳақиқатдаги иш ҳақигача қўшимча тўловлар чегириладиган харажатларга киради ва фойда солиғи ҳисоб-китобида солиқ солинадиган базани камайтиради (СКнинг 143-моддаси 7-«ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш» банди);

 

корхона штатдаги ходимларга тўлайдиган пенсияларга қўшимча тўловлар, нафақа ва стипендияларга қўшимчалар чегирилмайдиган харажатларга киради ва фойда солиғи ҳисоб-китобида солиқ солинадиган базани кўпайтиради (СКнинг 147-моддаси 27-«чегирилмайдиган харажатлар» банди).

 

Ишламайдиган пенсионерларнинг пенсияларига устамалар, пенсияга чиқаётган меҳнат фахрийларига бирйўла тўланадиган нафақалар, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақалари СКнинг 178-«Бошқа даромадлар» моддаси бўйича классификацияланади. Қуйидагиларга ЯИТ ва Пенсия жамғармасига ажратмалар солинмайди:

 

ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бериладиган ишдан бўшатиш нафақаси ва бошқа тўловлар (СКнинг 178-моддаси 15-банди);

 

ишламайдиган пенсионерларга юридик шахс томонидан тўла­надиган тўловлар (СКнинг 178-моддаси 18-банди).

 

Иш берувчининг ташаббусига кўра, шу жумладан пенсия ёшига етганлик муносабати билан ишдан бўшатишда ишдан бўшатиш нафақаси СКнинг 145-моддаси 50-банди бўйича классификацияланади ва тегишинча чегириладиган харажатларга киради. Қуйидагилар фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани камайтиради:

 

қонун ҳужжатларига мувофиқ қайта ташкил этилиши, ходимлар (штатлар) сонининг қисқариши муносабати билан озод этиладиган ходимларга тўловлар (СКнинг 145-моддаси 29-банди);

 

пенсияларга устамалар, пенсияга чиқаётган меҳнат фахрийларига бирйўла тўланадиган нафақалар чегирилмайдиган харажатлар таркибига киради ва фойда солиғи ҳисоб-китобида солиқ солинадиган базани кўпайтиради (СКнинг 147-моддаси 12-банди).

 

ТАВСИЯЛАР

ЯИТ ва Пенсия жамғармасига ажратмалар ҳисоб-китобида, шунингдек уларни чегириладиган ёки чегирилмайдиган харажатлар таркибига киритишда қўшимча тўловлар ва турли рағбатлантирувчи тўловларни классификациялаганда солиқ солинадиган базанинг тўғри белгиланиши ходимларга тўловларни тўлаш ҳақидаги буйруқлардаги формулировкалар ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантирувчи тўловлар тўғрисидаги ички низомлардаги формулировкаларнинг аниқ-равшанлигига боғлиқдир. Шу тариқа, ишни меҳнатга ҳақ тўлаш ва ходимларни рағбатлантириш тўғрисидаги эскирган низомларни ўзгартиришдан бошлаш керак. Биз меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомга қуйидаги бўлимларни киритишни таклиф қиламиз:

 

I. МҲТФга кирмайдиган ва жисмоний шахсларнинг даромади деб ҳисобланмайдиган тўловлар.

 

II. Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар.

 

III. Рағбатлантирувчи тусдаги тўловлар.

 

IV. Компенсация тўловлари (компенсация).

 

V. Ишланмаган вақт учун тўлов.

 

VI. Моддий наф тарзидаги даромадлар.

 

VII. Бошқа даромадлар.

 

Юқорида келтирилган, жисмоний шахсларнинг тўловлари ва даромадлари турларини классификациялайдиган бўлимларни меҳнатга ҳақ тўлаш ва уни рағбатлантириш тўғрисидаги низомга тўлиқ ҳажмда ва СКда қабул қилинган атамалар билан киритиш тавсия қилинади, чунки ушбу тўловлар одатда барча йирик корхоналарда мавжуд бўлади. Тўғри, кичик бизнес учун рўйхатни қисқартириш мумкин. Давлат унитар корхоналари учун эса – тариф сеткаси ва коэффициентларни мувофиқлаштириш, уларни қонун ҳужжатларига мувофиқ юқори ташкилот билан мослаштириш зарур.

 

Маъмурий, бошқарув ва хизматдаги ходимларни меҳнатининг самарадорлиги ва унумдорлигига берилган баҳо натижалари бўйича мукофотлаган мақбул. Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомга илова – йўриқнома ишлаб чиқиш лозим, унда меҳнатда иштирок этиш коэффициенти ҳисоб-китоби услубияти ва мукофотлаш учун меҳнатнинг самарадорлиги ва унумдорлигини баҳолаш услубияти; батафсил шаклда чегириладиган ва чегирилмайдиган, солиқ солинадиган ва солинмайдиган тўловлар; тўловларни тўлаш учун ҳужжатларни (масалан, моддий ёрдам учун – ариза, касаба уюшмаси қўмитасининг қарори, директор буйруғи) расмийлаштириш тартиби келтирилади. Бундай ички ҳужжатларга эга бўлган корхона кўплаб хатоларга йўл қўйишдан сақланган бўлади.

 

Наталья КОНДРАТОВА,

«Marikon Audit» МЧЖ молиявий директори.

Прочитано: 2553 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика