Синов натижаси қониқарсиз бўлганда ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш мумкинми?
Б.Шодиева,
икки боланинг онаси. Қоракўл тумани.
– Меҳнат кодексининг (МК) 84-моддасига мувофиқ ҳомиладор аёллар, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда, шунингдек ходимлар билан 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.
Бинобарин, ҳомиладор ёки 3 ёшга тўлмаган боласи (болалари) бўлган аёл билан тузилган меҳнат шартномасида, ҳатто аёлнинг ўз розилиги билан, дастлабки синов тўғрисидаги шартнинг меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари юридик кучга эга бўлмайди.
Ҳатто агар аёл тарафлар томонидан меҳнат шартномаси имзоланганидан кейин, яъни дастлабки синов мобайнида ҳомиладор бўлганда ҳам, синов тўғрисидаги шарт бекор қилиниши керак. Ушбу шарт бекор қилинмаса ҳам, ҳар қандай ҳолда у ўз кучини йўқотади.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.