Бугунги кунда ҳар бир кўп қаватли турар жойда кўплаб квартиралар ижарага бериляпти. Бироқ ижарага берувчиларнинг ҳаммаси ҳам буни қонуний асосда қиляпти деб бўлмайди. Баъзилар ушбу тартибни билмайдилар. Бошқалар таваккал қилиб, ортиқча ҳаракат қилишдан қочади, зеро ушбу таомил анча серташвиш. Айримлар белгиланган тартиб-қоидаларни очиқдан-очиқ назарга илмай, даромадларни декларациялаш ва солиқларни тўлашни хоҳламайди.
Менинг қўшним квартирасини қонуний асосда ижарага беради. У зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун қанча вақт ва куч сарфлаганлиги эсимда. Бироқ энди у хотиржам: ҳеч ким уни қонунни бузишда айблай олмайди. Унинг тажрибаси турар жойини белгиланган тартиб доирасида ижарага бериш ниятида бўлганлар учун фойдали бўлади.
Квартирани ижарага бериш учун битимни ҳужжат билан расмийлаштириш керак. Агар турар жойни ижарага бериш шартномаси бўлмаса ва у нотариал тасдиқланмаса, сизга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиш хавф солади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1591-моддаси). Шунда ҳам шартнома тузиш ва уни нотариал тасдиқлатишга мажбур бўласиз. Бундан ташқари, солиқ органини турар жойни ижарага беришдан олинадиган даромадлар тўғрисида хабардор қилиш мажбуриятини унутмаслик керак. Даромадларни яширганлик учун янада жиддий жавобгарлик назарда тутилган, шу боис солиқдан «тежамаган» маъқул.
НИМАДАН БОШЛАШ КЕРАК?
Квартирага мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжатни (квартира режасини) кўриб чиқинг. У қонун ҳужжатларининг охирги талабларига кўра қайта расмийлаштирилган бўлиши керак. Агар у эски намунада бўлса, уни қайта расмийлаштириш учун туман кадастр хизматига (илгари у техник инвентаризациялаш идораси – БТИ деб аталарди) мурожаат қилишга тўғри келади. Бу иш 10 кундан бир ойгача давом этиши мумкин. Бу ерда сиз кейинроқ нотариал идорага тақдим этишингиз учун зарур бўладиган маълумотномани олишингиз керак. Бироқ маълумотнома фақат 1 ой яроқли бўлишини ҳисобга олинг. Ушбу вақт ичида ижара шартномасини тасдиқлатишга улгурмасангиз, янги маълумотнома олиш учун мурожаат қилишга тўғри келади. Муддатларига кўра худди шу талаб бошқа зарур ҳужжатларга ҳам тааллуқлидир.
Сиз ижарага бермоқчи бўлган квартирада кимлар прописка қилинганлиги ва яшаётганлиги тўғрисида маълумотнома ҳам олишингиз керак. Прописка тўғрисида – туман ИИБ паспорт бўлимининг 17-сон шакли деб номланадиган маълумотнома керак. Яшаётганлар тўғрисидаги маълумотномани фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи беради. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати паспорт тартибига риоя қилиш, прописка, кўчирма ва яшаш билан боғлиқ ҳужжатлар бериш ҳуқуқига эга эмас.
Агар квартирада прописка қилинганлар ва яшаётганлар бўлмаса, бу маълумотномаларда кўрсатилади. Агар ижарага берилиши мўлжалланаётган квартирада кимдир яшаётган бўлса, у шартномани расмийлаштириш чоғида нотариал идорага келиши ва квартира ижарага берилишига ёзма розилик берилиши зарур.
Агар сиз квартиранинг бир қисмини ижарага бермоқчи бўлсангиз, фақат ушбу қисм алоҳида, туташ бўлмаган хона бўлсагина, уни ижарага бера оласиз.
Кейинги қадам – солиқ органига ташриф бўлади, у ердан кўчмас мулк бўйича солиқдан қарзингиз йўқлиги тўғрисида ҳужжат олиш керак.
НОТАРИАЛ ИДОРАГА БОРАМИЗ
Ҳаммаси тайёр бўлгач, эҳтиёт шарт сифатида паспорт ва ҳужжатларнинг, сизнинг ва бўлғуси квартирантнинг СТИР нусхаларини олиб, у билан бирга турар жойни ёллаш шартномасини тузиш ва тасдиқлатиш учун нотариал идорага бориш лозим. Агар сиз квартирани ташкилотга (юридик шахсга) эмас, балки жисмоний шахсга ижарага бераётган бўлсангиз, ижара шартномаси эмас, балки айни ёллаш шартномаси тузилади. Қонун ҳужжатларида «ижара» ва «ёллаш» тушунчалари ажратилади ҳамда улар алоҳида-алоҳида тартибга солинади. Хусусан, турар жойни ёллаш Фуқаролик кодексининг (ФК) 35-боби билан тартибга солинади. Квартирани ижарага берувчи ёллашга берувчи, квартирани ижарага олувчи эса ёлловчи деб номланади.
Шартнома тузиш чоғида шуни билиш лозимки, ФКнинг 612-моддасига кўра, унинг амал қилиш муддати 5 йилгача бўлиши мумкин. Агар у 1 йилдан кам муддатга тузилса, у қисқа муддатли бўлади ва ёлловчига нисбатан Фуқаролик кодексининг бир қатор меъёрлари амал қилмайди. Масалан, шартномада у билан бирга яшаши мумкин бўлган шахслар кўрсатилмайди ва улар турар жойдан фойдаланишга ёлловчи билан тенг ҳуқуқларга эга бўлмайдилар, ёлловчи шартномани янги муддатга тузишда устувор ҳуқуққа эга бўлмайди.
Нотариал идорада сизга турар жойни ёллаш шартномаси намунасини тақдим этадилар, унга ижарага (ёллашга) берувчи ва ижарага олувчи (ёлловчи) ўзаро келишиб, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эгалар.
Шартномани нотариал тасдиқлатиш учун сиз давлат божини тўлашингиз керак. У қуйидагича ҳисоблаб чиқарилади: қонун ҳужжатлари билан 1 кв метр учун белгиланган сумма миқдори турар жой майдони ва турар жой ижарага бериладиган ойлар сонига кўпайтирилади. Чиққан натижадан 1% олинади, айни у давлат божи миқдорини ташкил этади. Фақат ушбу миқдор энг кам ойлик иш ҳақининг 20%идан кам бўлиши мумкин эмас (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкалари 4-бандининг «д» кичик банди).
Ҳар қандай ҳолда ҳам, шартнома тузишнинг муайян оқибатлари сиз учун кутилмаган нохушликка айланмаслигини хоҳласангиз, ФКнинг 35-боби билан олдиндан танишиб чиқинг ва тажрибали юрист билан маслаҳатлашинг.
Умуман олганда турар жойни ижарага бериш шартномасини нотариал тасдиқлатиш ва тузиш учун ҳужжатларни йиғиш анчагина узоқ давом этадиган ва ҳоритадиган таомилдир. Айниқса маълумотномалар олиш учун идорама-идора юришга, навбатларда кутишга мажоли етмайдиган пенсионерлар, касал кишилар учун. У икки ҳафтадан бир ойгача чўзилиши мумкин. Бу эса кишилар ўз квартираларини расмий равишда ижарага беришни хоҳламасликларининг сабабларидан биридир, давлат эса бундан каттагина маблағ йўқотяпти. Пенсионерлар учун шартномани рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилган тизимини ўрнатиш мумкин эди. Бундан ташқари, БТИдан маълумотнома олиш зарурлиги кишини ҳайратга солади, бу ҳам анча чўзиладиган иш. У квартира майдонидан келиб чиқиб давлат божи миқдорини белгилаш учун зарур. Бироқ ушбу маълумотлар аслида худди шу БТИ берадиган квартирага мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжатда берилган бўлади.
Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.