Нотурар жойлар мулкдорлари билан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўртасида тез-тез низо ва ихтилофлар юзага келади. Нотурар жойларнинг мулкдорлари ХУМШ аъзоси ҳисобланмаслиги зиддиятларнинг асосий сабаби ҳисобланади. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан кейин – Қонун) 3-моддасига мувофиқ ушбу ташкилотлар кўп квартирали битта ёки яқин, зич жойлашган, ободонлаштириш элементлари бўлган умумий ер участкаси билан қамраб олинган бир нечта уйдаги хусусий турар жойлар мулкдорларининг бирлашмасидир. Уй-жой кодексининг 128-моддасида белгиланишича, ХУМШ хусусий турар жойлар мулкдорларининг бирлашмасидир. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати» таърифининг ўзи унинг аъзолари турар жойларнинг мулкдорлари эканлигини кўрсатади.
Шундай бўлса-да, баъзилар нотурар жойларнинг мулкдорлари ҳам ХУМШ аъзоларига киради деб уқтирадилар. Бунда улар Қонуннинг 13-моддаси биринчи қисмини асос қилиб келтирадилар, унда айтилишича: «Жой мулкдорлари – юридик ва жисмоний шахслар ширкат аъзолари бўлади». Бироқ, биринчидан, у мажбур этувчи меъёр эмас, унда буюриш сўз бирикмаси мавжуд эмас (унда «мажбурлар, албатта, мажбурий тартибда» ва шу каби сўзлар йўқ), Қонун билан тўғридан-тўғри ва бевосита назарда тутилмаган мажбуриятни юклашга эса ҳеч ким ҳақли эмас. Иккинчидан, юқорида ҳам айтилганидек, ХУМШ таърифининг ўзидан турар жойларнинг мулкдорлари тўғрисида сўз бораётганлиги англашилади.
Юридик шахслар – турар жойларнинг мулкдорлари ўзининг кўчмас мулкини белгиланган тартибда нотурар жойларга қайта расмийлаштирмаган шахслардир. Улар – ҳокимликлар, идоралар, фирмалар балансидаги квартиралар бўлиб, улар ўз ходимлари учун турар жойни сотиб олишлари мумкин.
Қонун турар жой ва нотурар жой мулкдорларини умумий мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқида, шунингдек ХУМШ аъзолари билан бир қаторда уни сақлаш харажатларини амалга ошириш мажбуриятида тенглаштиради (Қонуннинг 6, 29 ва 30-моддалари). Шундай бўлса-да, Қонунда нотурар жой мулкдорларининг ХУМШ аъзолари умумий йиғилишларида, ширкат фаолияти билан боғлиқ қарорларни қабул қилишда иштирок этишини белгилайдиган меъёр мавжуд эмас. Нотурар жой мулкдорлари ширкат аъзолари деб ҳисобланмаслиги боис Қонунда уларни умумий мол-мулкни сақлаш бўйича ишлар режалари, даромад ва харажатлар сметалари, уларни ижро этиш ҳисоботлари, ХУМШга бадаллар миқдорлари ҳисоб-китоблари билан олдиндан таништириш мажбурияти ҳам белгиланмаган. Қонунда нотурар жой мулкдорларини ХУМШ аъзолари умумий йиғилишини ўтказиш жойи, санаси, вақти, унинг кун тартиби тўғрисида хабардор қилиш меъёри ҳам мавжуд эмас (Қонуннинг 20-моддаси). Бошқарув аъзолари нотурар жой мулкдорларини умумий йиғилишга таклиф қилишлари мумкин, бироқ бу уларнинг мажбурияти эмас, балки хоҳишидир.
Қонунда турар жой мулкдорлари учун ҳам, нотурар жой мулкдорлари учун ҳам харажатларда иштирок этиш улушини тенг белгилаш ўрнатилган. Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ нотурар жой мулкдорининг умумий харажатлардаги иштироки улуши уйнинг умумий майдонидаги мулкдорга қарашли яшаш учун мўлжалланмаган жой майдонига мутаносиб равишда белгиланади. Худди шу тартиб турар жой мулкдорлари учун ҳам белгиланган (Қонуннинг 30-моддаси). Бироқ «иштирок улуши» ва «бадаллар миқдори» бир нарса эмас.
Нотурар жой мулкдорларининг ширкат билан муносабатлари мажбурий тарзда тузиладиган шартнома билан тартибга солинади (Қонуннинг 6-моддаси). Ширкат ва унинг аъзолари ўртасидаги муносабатлар эса Қонун ва ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг қарорлари билан тартибга солинади (Қонуннинг 20-моддаси). Бундан турар жой ва нотурар жой мулкдорлари ўзларининг ХУМШ билан муносабатларида турли хил ҳуқуқий мақомларга эгалиги келиб чиқади. Мазкур ҳолда шартнома, бошқалар билан бир қаторда, ХУМШ фаолиятида, биринчи навбатда уларнинг ширкатга бадаллари миқдорини белгилашда нотурар жойлар мулкдорларининг иштироки тўғрисида битимга келиш имконияти ҳамдир.
Хусусан, Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг намунавий устави (ВМнинг 30.05.2006 йилдаги 100-сон қарорига 1-илова) 5.1-бандида назарда тутилишича, агар нотурар жойлардан ўз вазифасига кўра фойдаланиш ширкатнинг умумий мол-мулкнинг лозим даражадаги техник ва санитария ҳолатини таъминлаш ва уни таъмирлаш харажатларини кўпайтирса ва (ёки) турар жойлардан фойдаланишда ноқулайлик яратса, ширкат нотурар жой мулкдорига ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг қарори асосида пул ёки бошқа моддий ифодадаги тегишли компенсацияни тўлашга доир асосли талаблар қўйишга ҳақлидир.
Шу тариқа, умумий мол-мулкдан фойдаланишда тенгҳуқуқлилик ва уни сақлаш харажатларини кўтаришда умумий мажбурият ўрнатилган шароитда Қонун кўп квартирали уй-жойда умумий мол-мулкни сақлаш масалаларини ҳал этишда турар жой мулкдорларининг устуворлигини белгилайди. Бундай аҳвол турар жой ва нотурар жой мулкдорлари ўртасида ихтилофларни туғдиради ва баъзан ХУМШ томонидан суиистеъмолликларга йўл қўйилишига олиб келади, зеро у мулкдорларга асоссиз юқори миқдордаги бадалларни белгилаши мумкин.
Ширкат билан нотурар жой мулкдорлари ўртасидаги зиддиятни бартараф этиш учун улар ўртасида тузиладиган шартномага тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ-равшан белгилайдиган бандларни киритиш кифоядир. Унда нотурар жой мулкдорлари учун ХУМШга мажбурий бадаллар миқдорини белгилаш тартибини, хусусан уни оширишни албатта асослаш зарурлигини белгилаш лозим. Шунингдек уларга ишлар режаларининг, уларни бажариш харажатларининг лойиҳаларини танишиш учун, тақдим этиш умумий йиғилишда маслаҳат берувчи овоз билан иштирок этиш, уларни йиғилишни ўтказиш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш имконияти тўғрисидаги бандларни, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартларни киритиш мумкин.
Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.