Мен Тошкентда, турмуш ўртоғим эса Самарқандда прописка қилинганмиз. Вояга етмаган боламиз учун эримдан алимент ундириш учун Тошкентдаги судга мурожаат қила оламанми? Айни қайси судга мурожаат қилишим керак?
Лариса К.,
бошланғич синфлар ўқитувчиси.
– Ҳа, мурожаат қила оласиз. Оила кодексининг (ОК) 96-моддасига мувофиқ ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
ОКнинг 136-моддасига кўра алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Олий суд Пленумининг «Буйруқ тартибида иш юритишни тартибга солувчи қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори (3.02.2006 йилдаги 4-сон) 2-бандига кўра суд буйруғи чиқариш ҳақидаги аризалар судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига амал қилинган ҳолда судга берилади. Фуқаролик процессуал кодексининг (ФПК) 145-моддасига мувофиқ аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади. Шу билан бирга алимент ундириш тўғрисидаги ариза ундирувчининг яшаш жойи бўйича берилиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак.
ФПК 241-моддасининг учинчи қисмига кўра даъвогар алимент ундириш тўғрисидаги даъволарни ўзи яшаб турган жой бўйича ҳам тақдим этиши мумкин.
Юқорида баён этилганлар асосида вояга етмаган болани таъминлашга алимент ундириш учун сиз Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига мурожаат қилишингиз мумкин.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.