Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида» ҳамда «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Интеллектуал мулк агентлиги тизимидаги ижроси бўйича ўтказилган назорат-таҳлил якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Маматов, Интеллектуал мулк агентлиги бош директори вазифасини бажарувчи З.Ғиёсов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда илмий-техник ижодкорликни ҳар томонлама рағбатлантириш, инновация фаолиятини ривожлантириш, интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизми ва ташкилий асослари яратилган. Интеллектуал мулк агентлиги томонидан мазкур йўналишдаги ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш мақсадида 20 га яқин қонуности ҳужжати, 50 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
2011–2013 йилларда интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида асарлар ва турдош ҳуқуқлар ҳамда саноат мулки объектлари ҳисобланган ихтиро, фойдали модель ва саноат намуналарига 3 мингга яқин талабнома қабул қилинган. 1 500 дан зиёд интеллектуал мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилган.
Агентликда рўйхатдан ўтказилган интеллектуал мулк объектлари бўйича маълумотлар базаси шакллантирилган. Улар тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда расмий ахборотномада нашр этилади ва ташкилот веб-сайтида эълон қилиб борилади. Айни вақтда ушбу маълумотлар базасидан интерактив усулда фойдаланишни таъминлаш бўйича замонавий ахборот тизимлари ишлаб чиқилмоқда.
Интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш бўйича тегишли давлат органлари билан биргаликда бозорлар, савдо мажмуалари, гавжум жойларда ноқонуний фонограмма ва аудиовизуал маҳсулотлар савдосини аниқлаш бўйича тизимли мониторинг олиб борилмоқда. 2011–2013 йилларда ўтказилган бундай тадбирлар давомида 1 200 дан ортиқ қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, уларга тегишли чоралар кўриш юзасидан ваколатли органларга маълумотлар тақдим этилган.
Интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилаётир. Мамлакатимиз бу йўналишда 15 та халқаро шартномага қўшилган. Интеллектуал мулк агентлиги манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ушбу халқаро шартномалардаги талаблар бажарилишида фаол иштирок этмоқда.
Йиғилишда мамлакатимизда муаллифлик ҳуқуқи ва интеллектуал мулкни муҳофазалаш соҳасида эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда ечимини кутаётган долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишдаги иштирокини кучайтириш, ихтирочилик салоҳиятини, айниқса, ёшларнинг бу борадаги фаоллигини оширишга қаратилган имтиёзларни, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш борасидаги илмий-амалий ишлар кўламини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
ЎзА материали асосида.