Марҳамат қилиб айтсангиз, жиноят иши бўйича гувоҳ қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга? У ўзига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқига эгами?
Б.А.,
Избоскан пахта заводи ходими.
– Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 65, 66-моддаларига асосан жиноят иши бўйича гувоҳ:
● адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш;
● тергов ҳаракатларида адвокат билан бирга иштирок этиш;
● сўроқ юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида кўрсатувлар бериш ва бу ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш;
● унинг сўроқ қилинишида иштирок этувчи таржимонни рад қилиш;
● кўрсатувларини ўз қўли билан ёзиб бериш;
● ўзига қарши кўрсатув бермаслик;
● сўроқ баённомаси билан танишиш, унга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш;
● кўрсатувлар беришда ёзма белгилар ва ҳужжатлардан фойдаланиш;
● ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар келтириш ҳуқуқига эга.
Гувоҳ суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши; иш бўйича ўзига маълум ҳамма нарса ҳақида ҳаққоний сўзлаб бериши; берилган саволларга жавоб қайтариши; иш бўйича ўзига маълум бўлган ҳолатларни сўроқ қилувчининг рухсатисиз ошкор этмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.
Гувоҳ узрсиз сабабга кўра келмаган тақдирда мажбурий равишда олиб келиниши мумкин.
Гувоҳ кўрсатув беришдан бош тортганлик, шунингдек била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўлади.
Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари гумон қилинувчига, айбланувчига тааллуқли ҳолатлар ҳақида гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат ўзларининг розиликлари билан сўроқ қилинишлари мумкин (ЖПКнинг 116-моддаси).
Олий суд Пленумининг «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарорининг (24.09.2004 йилдаги 12-сон) 3-бандига мувофиқ, агар гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи яқин қариндошларининг ЖПК 116-моддаси талабларига хилоф равишда ўз розилигисиз гувоҳ ёки жабрланувчилар сифатида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчига тегишли ҳолатлар юзасидан сўроқ қилинса, бундай далиллар номақбул деб топилади.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.