Ходима турмушга чиқиб, фамилиясини ўзгартирди. Шу муносабат билан унинг меҳнат дафтарчасидаги аввалги фамилиясининг устига чизиб, унинг устига янги фамилиясини ёзиб қўйдим. Энди ходима эри билан ажрашиб, қизлик фамилиясини қайтарди. Унинг фамилияси устига яна чизиқ тортишим керакми ёки меҳнат дафтарчасига қистирма варақ очишим лозимми?
С.Губайдуллина,
ИЧБ кадрлар бўлими бошлиғи.
Наманган вилояти.
– Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (Меҳнат вазирлиги ва Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2.11-бандида аниқ кўрсатилишича, меҳнат дафтарчасидаги фамилия, исм-шариф ва туғилган кун тўғрисидаги ёзувларга ўзгартиришлар меҳнат дафтарчасининг биринчи бетига киритилади. Илгариги фамилия, исм, отасининг исми ёки туғилган кун тўғрисидаги ёзув устидан бир чизиқ чизилиб, янги маълумотлар ёзиб қўйилади. Тегишли ҳужжатларга ҳаволалар муқованинг ичкари бетига ёзилиб, корхона раҳбарининг ёки у томонидан махсус ваколат берилган шахснинг имзоси ҳамда корхона ёки ходимлар бўлими муҳри билан тасдиқланади.
Шу сабабли сиз меҳнат дафтарчасидаги ходиманинг аввалги фамилияси устидан яна чизиқ тортиб, унинг қизлик фамилияси тўғрисида ёзувни қайд этишингиз керак. Шу тариқа, ходиманинг меҳнат дафтарчасида иккита фамилия устидан чизиқ тортилади ва битта фамилия устидан чизилмайди. Масалан, Алиева турмушга чиқиб, фамилиясини Валиевага ўзгартирди, кейин ажрашиб, яна қизлик фамилиясига қайтди. Унинг меҳнат дафтарчасидаги ёзув тахминан қуйидагича бўлади:
Familiyasi Алиева Валиева Алиева
Ismi Салима
Otasining ismi Абдуллаевна
Меҳнат дафтарчасида тегишли бўлимларнинг барча саҳифалари тўлган ҳолларда меҳнат дафтарчасига қистирма варақ қўйилади. Яъни агар, масалан, меҳнат дафтарчасининг биринчи бетида ўзгартиришлар киритиш учун жой бўлмаса, меҳнат дафтарчасига қистирма варақ қўйиш керак.
Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.