Тошкентда квартирам бор. Мен унга кўп болали ва оила ташвишларидан чарчаган туғишган синглимни прописка қилмоқчиман, у бошқа вилоятда доимий пропискага эга. Бироқ уни прописка қилишдан бош тортишди. Нимага? Ахир Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхатида қариндошликнинг биринчи ва иккинчи даражаларидаги тўғри шажараси бўйича уларнинг қариндошлари доимий прописка қилинган турар жойга қариндошларини прописка қилишга рухсат берилиши кўрсатилган. Биз ҳам туғишган ака-сингилмизку.
А.Боровиковский, меҳнат фахрийси.
– Бу ҳолатда муайян аниқлаштириш киритиш лозим.
Гап шундаки, Оила кодексининг 57-моддасига кўра болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи; невара бобосига, бувисига нисбатан иккинчи; эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан – учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади.
Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифалари рўйхатининг (14.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган) 2-бандига мувофиқ тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлар, яъни ота-она фарзандларининг, фарзандлар ота-оналарининг, бобо ва бувилар невараларининг, неваралар бобо ва бувиларининг уй-жой майдонига прописка қилинади (Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома1).
Юқорида баён этилганлардан келиб чиққанда вилоятда пропискаси бўлган синглингизни Тошкент шаҳридаги квартирангизга прописка қилиб бўлмайди.
Маълумот учун
Юқорида кўрсатилган Рўйхатнинг 4-бандига кўра Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ота-онаси бўлмаган вояга етмаган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз бўлган ҳамда ўз оиласи бўлмаган вояга етган туғишган ака-ука ва опа-сингилларни – ўзларининг туғишган ака-ука ёки опа-сингиллари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига доимий прописка қилишга рухсат берилади.
Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидаларининг (ВМнинг 11.02.2005 йилдаги 60-сон қарорига 1-илова) 26-бандига асосан қуйидаги вояга етмаган шахслар меҳнатга лаёқатсиз ҳисобланади:
● болаликдан ногиронлар;
● 60 ёшга тўлган эркаклар ҳамда 55 ёшга тўлган аёллар;
● белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногирони деб эътироф этилган шахслар.
1Ички ишлар вазирининг АВ томонидан 4.05.2012 йилда 2358-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.