Иш ҳақини тўламаслик ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари жиддий бузилишига киради. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Биринчи бор ушбу муаммо халқаро даражада 1949 йилда тилга олинди. Ўшанда Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Бош Конференциясида Иш ҳақини муҳофаза қилиш тўғрисида 95-сон Конвенция қабул қилинган эди (1952 йил 24 сентябрда кучга кирган).
95-сон Конвенцияда ўз ифодасини топган ХМТ нуқтаи назари кейинчалик Тадбиркор тўловга ноқобил бўлган тақдирда меҳнаткашларнинг талабларини ҳимоя қилиш тўғрисида ХМТнинг 173-сон Конвенцияси (Женева, 23.06.1992 йил) ва Тадбиркор тўловга ноқобил бўлган тақдирда меҳнаткашларнинг талабларини ҳимоя қилиш тўғрисида ХМТнинг 180-сон Тавсияларида (Женева, 23.06.1992 йил) ривожлантирилди.
Ўз вақтида ва тўлиқ иш ҳақи олиш ҳуқуқи Ўзбекистоннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари воситасида ҳам ҳимоя қилинади.
Меҳнат кодексининг (бундан кейин – МК) 161-моддасига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда 1 мартадан кам бўлиши мумкин эмас.
Бунда жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин.
Амалиётда мазкур меъёр доим ҳам ишламайди.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари ходимларга иш ҳақи тўламаганлик учун иш берувчиларга нисбатан турли хил юридик жавобгарлик турларини белгилайди.
Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар ходимларига иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун хўжалик юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор (19.03.2002 йилдаги 88-сон, бундан кейин – Қарор) қабул қилинган.
Қарорнинг 3-бандида белгиланишича, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасига хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг иш ҳақини ўз вақтида тўлашнинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибига қатъий риоя қилиши устидан назоратни кучайтириш ҳамда иш ҳақи бўйича муддати ўтказиб юборилган қарзлар ҳосил бўлган ҳолларда айбдор шахсларни жиноий жазолашгача жавобгарликка тортиш топширилган (Қарорнинг 4-банди).
Иш ҳақини тўламаслик мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортишга ҳам олиб келиши мумкин.
МК 161-моддасининг талабларини бажармаслик меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш сифатида баҳоланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасида назарда тутилган, иш берувчиларни текшириш боришида ёки давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан шикоятларни кўриб чиқиш чоғида энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солиш тарзида жавобгарликка олиб келади.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.