Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 7 / Жиноятга жазо муқаррар

Банкир ва унинг ҳамтовоқлари

Жиноят содир этиб, суднинг қора курсисидан жой олиш ҳолларида, бундай қараганда, эътиборни тортадиган нарса йўқдек туюлади. Одатда бундай кезларда қилмиш-қидирмиш деган ҳикматли гап беихтиёр одамнинг кўнглидан ўтади. Бойликка ҳирс қўйиб, очкўзлик тузоғига илинган шахслар ҳақида сўз борганида ҳам шундай. Суд амалиётида шу йўсин панжара ортига тушиб қолганларга оид мисоллар оз эмас. Қуйида шулардан бири ҳақида сўз боради.

 

Мамлакатимиздаги таниқли тижорат банкларидан бирининг Навоий бўлими бошқаруви раиси, илгари судланмаган А.Тукановни* Жиноят кодексининг бир эмас, тўртта моддаси – «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш» деб номланган 167, «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» деб номланган 205, «Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш» деб номланган 206 ва «Мансаб сохтакорлиги» деб номланган 209-моддалари бўйича айблов суднинг қора курсисига олиб келди. Қора курсида у билан ёнма-ён ўтирган икки шериги эса рецидивистлик ва фирибгарликда донг таратган шахслар эди. Жиноий ўзандаги бизнесда унга ҳамтовоқлик қилганлардан бири – «Т.Ч.» фермер хўжалиги раҳбари ва айни бир вақтда ўриндошлик йўли билан «Т.К.С.» хусусий корхонаси бухгалтери Т.Жакенов иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлари учун олти марта (!) судланган экан.

Дастлаб у 1997 йили Жиноят кодексининг 167-моддаси билан ҳукм қилинган, кейинги сафар – 2004 йил декабрида яна ўша 167-модда, шунингдек «Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш» деб номланган 184-модда ва 205-модда билан суд қилинган. Орадан бир йилча ўтмай, 2005 йил октябрида Жиноят кодексининг 167 ва 184-моддалари билан айбланувчи сифатида судга рўбарў бўлди. Шундан кейин, унинг жиноят бобидаги фаолиятида танаффус бўлди. Суд ҳокимиятига унинг галдаги ташрифи 2009 йилда бўлди. Яна солиқ бобидаги ғирромлиги учун Т.Жакенов 184-модда бўйича айбдор деб топилди. Суд уни 2012 йилнинг октябрида Жиноят кодексининг 167 ва 209-моддалари билан, 2013 йилнинг январида эса «Фирибгарлик» деб номланган 168-моддаси бўйича айбдор деб топди.

Учинчи ҳамтовоқ ишсиз А. Камолов беш марта (!) судланган бўлиб, буларга тасодифан қўшилиб қолибди. Кейинги жиноят иши бўйича унга Жиноят кодексининг 168 ва «Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш» деб номланган 228-моддалари бўйича эълон қилинган айбловлар рўйхати ҳам шуни тасдиқлаб турибди.

Жакенов билан «оғайнигарчилик» уни доғда қолдирди. Жиноят кўчасига кирган банкир қилмишларини тергов қилиш асносидагина Жакенов билан алоқаси маълум бўлиб қолди. Ҳуқуқ-тартибот посбонлари бу жиноятни очгунга қадар Камолов Тукановни билмас ва танимас эди. Тергов мобайнида аввал икки жиноятчининг қонунга хилоф қилмишлари исботлаб берилди. Сўнгра учаласининг айби битта жиноят иши юритувига бирлаштирилди. Шу зайил бу тўда битта қора курсидан жой олди ва содир этган қилмиши учун жавоб берадиган бўлди.

Бир гап. Сўз юритилаётган воқеада икки иштирокчининг судланганлик рўйхати узундан-узоқ эканлиги улар янги жиноятга қўл ургунга қадар аввалги қилмишлари доғини қачон ювиб улгурдилар экан, деган хаёлга олиб боради кишини. Сири жуда жўн экан. Фирибгарлар давлатимизнинг инсонпарварлигидан, суд қарорлари талаб даражасида ижро этилишига улгурмаётган амалдорларнинг ўта сусткашлигидан фойдаланиб қолган эканлар.

Натижада иш баъзан кулгули даражага етган. Айтайлик, ўша Т.Жакенов 2012 йили суд олдида навбатдаги жавоб беришга тўғри келган кезлари тавба-тазарру қилиб, гуноҳидан ўтишларига умид қилаётган бир алфозда ҳам янги фирибгарлик режаларини пишитган ва амалга оширишга киришган. У суд ҳукмини тинглаб бўлгач, содда одамларни лақиллатиб кетишга тўғри йўл олган бўлса эҳтимол. Суднинг қарорига кўра, у икки йил ахлоқ тузатиш ишлари билан банд бўлиши ва қарийб 12,6 млн сўм жарима тўлаши керак. Т.Жакенов деганлари қўлига бир кун ҳам белкурак ёки супурги ушлагани йўқ, бир тийин жарима тўламади ҳам. Агар у бошқа қилмиш содир этмаганида суд қарори қоғозда қолиб кетганлигини ҳеч ким билмаслиги ҳам мумкин эди.

Якка тартибдаги уй-жой қуриш учун олти сотих жой олиш истагидаги содда, ишонувчан фуқароларга ўрни-таги йўқ ер участкаларини пуллаш Т.Жакенов билан А.Камолов учун нақ хазина бўлди ҳисоб. Ҳақиқий, нақд пул эвазига одамлар ер участкасига оид қалбаки ҳужжатларга эга бўлдилар. Фирибгарлар шу алдам-қалдам савдо-сотиқдан мўмайгина ишлаб олдилар. Жабрдийдаларнинг сонига қараганда фирибгарлик уларга камида 30–40 млн сўм келтирган.

А.Камолов 2004 йили Кармана туманидаги ширкатлардан бирида ишлаган пайтида аҳолидан ер участкаси сўралган аризаларни қабул қилувчи ва туман маъмурияти қарори билан ер майдонларини тақсимловчи маҳаллий комиссия таркибига аъзо бўлган эди. Ана шунда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш билан боғлиқ барча расмиятчиликларни яхшигина ўзлаштириб олган экан. 2008 йилга келиб аҳвол тубдан ўзгарганидан, навбатда туриш, комиссиялар ва ерни бепул тақсимлаш ўтмишга айланиб, ер участкаларига эга бўлишлик ҳам бозор қамровига ўтганидан хабардор. Турар жой қуриш учун ажратиладиган ер участкалари кимошди савдосига қўйилишини, нархи жорий талаб ва таклиф билан белгиланишини ҳам у яхши билади.

Мана йигирма йилдан ошдики, эркин тадбиркорлик иқтисодиётининг қо­нунлари асосида яшамоқдамиз. Аммо кўпчиликнинг кўнглида ҳамон давлат бизга ниманидир бериши керак, деган қатъий ишонч бор. Одамлар уй-жой қуриш учун ер ажратилишини сўраб, ҳануз туман ва шаҳар маъмуриятига ариза кўтариб бормоқдалар. Улар эса ўз навбатида арзгўйлар оқимини ер участкалари кимошди савдосини ташкил этиш билан шуғулланувчи Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш вилоят бошқармаси тузилмаларига йўлламоқдалар. Бефойда бўлса ҳам аксарият фуқаролар ер масаласини ҳал этиш йўллари ҳокимликда ечим топади, дея қатъий ишонадилар.

Навоий шаҳар ҳокимлигининг фойесида, фуқаролардан ариза ва мурожаатлар қабул қилиш бўлимига кираверишдаги деворда ер участкаси олиш учун навбатда турганларнинг рўйхатлари осиғлиқ. Рўйхатдагилар сони 300 кишидан ортиқ, бу миқдор янада ошса керак. Гап шундаки, вилоят маркази маъмурлари ихтиёрида якка тартибда уй-жой қуриш учун фуқароларга таклиф этадиган ва шу мақсадда кимошди савдосига чиқара оладиган ер ресурслари йўқ. Вазият шундайлигига ҳадемай беш йил бўлади.

Бундай ҳолат Жакенов ва Камолов сингари «сеҳргарлар»га қўл келмоқда, улар ер участкасига эга бўлиш орзусидаги фуқароларнинг «ҳожатини чиқариш» па­йида. 2011 йил ноябрида тақдир тақозоси билан Нуриддин Эргашев уларга рўбарў бўлди. Нуриддин ака узатган қизига уй-жой қуриш учун ер участкаси олмоқчи экан. Икки фирибгар 2 млн сўм эвазига унга Кармана туманидаги Фарҳод шаҳарчасидан 6 сотих ер таклиф этди. Келишилган шарт Н.Эргашевга шунчалик ёқиб тушдики, у бошқа бир қанча қариндош-уруғларини ҳам жойли бўлиб қолишга ундади. Эргашев ўзи билмаган ҳолда яқинларини фириб тўрига тортгани сайин анавиларнинг иштаҳаси орта борди. Уларга Эргашевнинг куёви ва қудаси 2,5 млн сўмдан, жияни эса 3 млн сўм берди.

Дарвоқе, йўқ участка савдоси Т.Жа­кенов жиноий фаолиятидан бир кўриниш, холос.

2009 йилда қишлоқларда намунали шинам уй-жойлар қуриш юзасидан мамлакатимизда кўламдор дастур бўйича иш бошлангач, Т.Жакенов миллиард-миллиард сўм айланадиган бу бизнесга ўзини урди. Ўша йили рафиқасининг номига Кармана туманида хусусий фирма очди, шу фирмада у бухгалтер саналади. Ҳисоб-китоб варағини юқорида зикр этилган тижорат банкининг вилоят бўлинмасида очди. Ана шунда бухгалтер билан банк бошқарувчиси танишиб қолишди. Танишув кейинчалик «банк–мижоз» тизимидаги анъанавий ҳамкорлик муносабатлари доирасидан анчагина четга чиқди.

Банк вилоят бўлими бошқарувчисининг ноқонуний фаолияти тафсилотларини эшитиб, шундай идора етакчилиги ишониб қўйилган шахс омонатчиларнинг жамғармаларини баайни ўз пулидек тасарруф этиш ҳамда идоравий нормативларни бузган ҳолда шубҳали одамларга кредит бериш билан шунчалар пасткашлик қилаётганлигини наҳотки банкнинг бош офиси билмаса-я деб ўйлайсан киши. Таассуфки, суд муҳокамаси материалларидан бу саволга жавоб топиш қийин.

Омонатчи М.Бекназаров қишлоқда янги типдаги шинам уй олиш учун банкдаги ўз депозитига 40 млн сўм қўйган. А.Ёрқулов ва А.Муҳаммадалиевлар эса тегишинча банкка 27 млн ва 5 млн сўмни ишониб топширганлар. Омонатлар бўйича белгиланган тузуккина фоизли ставкалар жисмоний шахсларни ҳаракатга солиб қўйган, улар шу йўл билан пулларига пул қўшиш мақсадида жамғармаларини банкка элтганлар. Аммо кейинчалик негадир айрим омонатчилар кредитлашга хоҳиш билдиришган ва банкка берган аризаларида ўз ҳисобварақларидаги муайян миқдордаги суммани бошқа фуқароларнинг депозитига ўтказишни сўрашган.

Табиийки, кейинчалик аниқланишича, банк бошқарувчиси ҳужжатларни қалбаки­лаштириб, бир ҳисобварақдаги пулларни бошқасига ўтказиши – пул бобида ўйин қилиши омонатчиларнинг етти ухлаб тушларига кирмаган бўлса керак. Бировнинг дўпписини бошқасига кийдириш қабилида иш тутган А.Туканов омонатчиларнинг пулларини найрангбоз мисол ўйнатиш, ўзлаштириш ва шахсий мақсадларда фойдаланишга одатланиб қолди. Натижада 28 нафар омонатчи қарийб 258,3 млн сўмдан маҳрум бўлди.

Банкнинг асосий фаолияти – қарз­дорларга кредит бериш бобида ҳам бошқарувчи ўзини «кўрсата олди». У 2001 йили «С.С.» хусусий фирмасига 400 млн сўм миқдорида кредит ажратиш тўғрисида қарор чиқарилишига бош-қош бўлди. Қарзни вақтида узишмади. А.Туканов яна «дўппи кийдириш» усулини қўллаб қарзни ёпишга уринди. Банкнинг 5–6 та «қадрдон» мижоз-корхоналари унинг режаси бўйича иш тутди – банк бошқарувчисининг юзидан ўта олмай, «С.С.» фирмасига 50–60 млн сўмдан ўтказишди ва қарз узилди. Бу йўсин мададкор бўлганлар орасида Т.Жакенов ҳам бор экан – унинг фирмаси ношуд фирмага 60 млн сўм ўтказган экан.

Т.Жакенов ўзининг «дўстона» қўллаб-қувватлаб юборгани эвазига банк бошқарувчисидан 150 млн сўм кредит олишда ёрдам беришни талаб қилди. Бошқарувчи шундай мижознинг раъйидан ўта олмади ва фирма бир йил муддатга сўралган суммани олди (18% устама тўлаш шарти билан).

Судлов материалларида бу кредит қандай ишлатилганлиги, бинобарин қу­рилиш материаллари олди-сотдиси билан боғлиқ турли операцияларда нақд пулга айлантирилганлиги, ҳамтовоқлар қай йўсинда бўлишиб олганликлари етарлича муфассал тавсиф этилган. Банк оқибат натижада кредит бўйича ўз фоизларини ололмаганидан ташқари 80 млн сўм зарар кўрганлиги ҳам табиий бир ҳолдир.

...Суд бу қилмишларга узил-кесил чек қўйди. Банк бўлими бошқарувчиси А.Туканов айбини тўла-тўкис бўйнига олди ва қилмишидан пушаймон эканлигини билдирди. Уни жазони умумий тартибдаги колонияда ўташ шарти билан олти йилу олти ойга ҳукм қилдилар, аммо у амнистия амал қилиши доирасига тушди.

Т.Жакенов мўмайгина миқдорда пул жаримаси тўлайдиган бўлди. Унга нисбатан узил-кесил ҳукм чиқарилаётганда бирмунча юмшоқроқ жазони қаттиқроқ жазо билан қамраб олиш ёки тайинланган жазоларни тўлиқ ёки қисман қўшиш амалиёти татбиқ этилмади. Т.Жакенов ҳар бир жинояти учун алоҳида-алоҳида жазо олди. У Жиноят кодексининг 167-моддасига кўра энг кам иш ҳақининг 150 баравари миқдорида жарима билан жазоланди (бу ўша кезлари қарийб 8,6 млн сўмни ташкил этади). Кодекснинг 205, 209 ва 168-моддалари бўйича ҳам унга шундай жазо чоралари тайинланди. «Суд ҳужжатини ижро этмаслик» деб номланган 232-модда бўйичагина энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима тўлайдиган бўлди.

Суд ҳукми билан А.Камолов икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига мустаҳиқ этилди, ундан иш ҳақининг 30%и давлат фойдасига ушлаб қолинадиган бўлди.

*Мақолада жиноят иши иштирокчиларининг фамилиялари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг номи ўзгартириб берилмоқда. Ҳар қандай мос ёки тўғри келиб қолиш ҳоллари тасодифий деб саналмоғи лозим.

 

 

Амир МАҲМУДОВ, ўз мухбиримиз. Навоий шаҳри.

 

Прочитано: 3302 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика