Янги иш берувчи ишга тушаётган шахсдан аввалги иш жойидан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни келтиришни талаб қилиш ҳуқуқига эгами?
Х.К.
Ангрен шаҳри,
Тошкент вилояти.
– Меҳнат кодексининг 80-моддасига кўра ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни:
паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, 16 ёшгача бўлган шахслар эса – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва турар жойидан маълумотнома ҳамда меҳнат фаолияти билан шуғулланишига ўсмирнинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахсларнинг розилигини;
меҳнат дафтарчасини, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;
ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;
қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни тақдим этади.
Ишга қабул қилиш чоғида иш берувчи ходимнинг СТИР (солиқ тўловчининг идентификация рақами)ни ва ШЖБПҲ (шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи) тўғрисидаги маълумотларни ҳам талаб этиши мумкин, бу ходимнинг манфаатларини кўзлаб қилинади.
Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Ишга кираётган шахсдан аввалги иш жойидан у билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисидаги буйруқ нусхасини талаб қилишга иш берувчи ҳақли эмас.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.