Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан norma.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
ҚИСТИРМАНИ УПАКОВКАДАН ТОПАСИЗ
Вазирлар Маҳкамасининг «Импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори (5.02.2014 йилдаги 22-сон) билан истеъмол упаковкасига (идишига) эга бўлган дори-дармонларни (ТИФ ТН бўйича коди 3004) импорт қилиш давлат тилида мажбурий маркировка қилинган ҳолда амалга оширилиши белгиланди.
ТИФ ТНга мувофиқ, кўрсатилган дори-дармонларга терапевтик ва профилактик мақсадларда фойдаланиладиган, чакана савдо учун дозаланган дорилар шаклида (шу жумладан трансдермал тизимлар шаклидаги дори-дармонлар) ёки шакллар ёхуд ўрамларда қадоқланган препаратлар киради.
Қарорда импорт қилинадиган дори-дармонларни маркировка қилиш истеъмол упаковкасига (идишига) истеъмолчи учун давлат тилидаги ахборотни қистирма варақа шаклида жойлаштириш йўли билан, упаковкасида қўшимча маркировкасиз амалга оширилиши кўрсатилган. Шу ўринда ишлаб чиқарувчи корхона томонидан қўйиладиган давлат тилидаги маркировкаси мавжуд бўлмаган тақдирда импорт қилинаётган дори-дармонларни улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилгандан кейин, божхона омборида сақлаш вақтида маркировка қилишга йўл қўйилиши тўғрисида аниқлик киритилди. Бунинг учун гуруҳли упаковкага давлат тилидаги қистирмаларнинг тегишли бирликлари жойлаштирилади.
Дори-дармонлар маркировкасининг давлат тилидаги матни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори-дармонлар ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланади.
Эслатиб ўтамиз, аввал дори-дармонлар Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (13.05.2013 йилдаги 127-сон) ва у билан тасдиқланган Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 2013 йил 1 июлдан бошлаб давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари рўйхатига мувофиқ маркировка қилинган.
Кўриб чиқилаётган Қарор билан Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш қоидалари ҳам тасдиқланган. Қоидаларга биноан юқорида номи келтирилган Рўйхатга (ВМнинг 13.05.2013 йилдаги 127-сон Қарорига 1-илова) киритилган товарлар ҳамда товарнинг бир қисми бўлган ва унинг қийматига кирувчи истеъмол упаковкасида бевосита чакана савдога тушадиган товарлар маркировка қилиниши шарт.
Қуйидагилар давлат тилида мажбурий маркировка қилинмайди:
юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ва ишлаб чиқариш ёки бошқа тижорат фаолияти учун мўлжалланмаган товарлар;
хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари, халқаро ва ҳукуматлараро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг ушбу ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан расмий тарзда (хизмат доирасида) фойдаланиш учун, шунингдек уларнинг ходимлари учун олиб кириладиган товарлар;
кўргазма намуналари, синаш, татбиқ этиш ва маркетинг учун намуналар сифатидаги товарлар.
Давлат тилидаги маркировканинг маҳсулотни стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини сертификатлаштириш бўйича аккредитация қилинган органлар текширади. Давлат тилидаги маркировка товарнинг асосий истеъмол хусусиятлари ва тавсифини ўз ичига олган ҳолда истеъмолчи учун тўлиқ ва ишончли бўлиши керак.
Қоидалар билан қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
давлат тилидаги маркировкага ишлаб чиқарувчи корхонанинг бошқа тиллардаги маркировкасида мавжуд бўлмаган қўшимча маълумотлар киритилишига;
давлат тилидаги маркировкада баён қилинган маълумотларнинг бошқа тиллардаги ишлаб чиқарувчи корхонанинг маркировкасига мувофиқлигини таҳлил қилиш имконини бермайдиган ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан қўйилган маркировка юзасига товарнинг упаковкасига стикерни елимлаш усули билан товарни давлат тилида маркировка қилишга.
Товарнинг асосий истеъмол хусусиятлари ва тавсифи, шунингдек ишлаб чиқарувчи корхонанинг маркировкасидаги бошқа маълумотлар ушбу Қоидаларга иловага мувофиқ маркировкада давлат тилида кўрсатилиши керак. Бундан ташқари, иловада давлат тилида маркировка қилишнинг мумкин бўлган қуйидаги усуллари келтирилган: истеъмол упаковкаси (идиши)да этикетка, бирка, лейбл, формуляр, паспорт ва қўллаш учун кўрсатма. Шу ўринда маркировка қилиш иловада келтирилган фақат битта ёки бир нечта усулларнинг жамламаси сифатида амалга оширилиши мумкинлиги аниқлаштирилди.
Импорт қилувчи давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган товар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилгунга қадар импорт қилиш юзасидан ўзи тузадиган контракт шартларида товарни давлат тилида маркировка қилиш талабини назарда тутиши керак.
Товар, у товардаги маркировка билан танлаб солиштиргандан кейин божхона органлари ходимлари томонидан «Эркин муомала (импорт) учун чиқариш» божхона режимида расмийлаштирилади. Зарур тартибда маркировка қилинмаган товарларнинг ушбу режимда божхонада расмийлаштирилишига йўл қўйилмайди.
Эркин индустриал (иқтисодий) зонага олиб кириладиган товарлар «Эркин муомала (импорт) учун чиқариш» божхона режимида расмийлаштирилган ҳолларда давлат тилида маркировка қилинади.
ХОРИЖГА ЧИҚМОҚЧИМИСИЗ? БИОМЕТРИК ПАСПОРТНИ КЎРСАТИНГ
2014 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши фақат биометрик паспортлар бўйича амалга оширилади. Ушбу мажбурий талаб Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (6.02.2014 йилдаги 24-сон) билан ўрнатилди.
2014 йил 1 июлдан бошлаб ҳаво ва темир йўл транспортида чет элга чиқувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг авиа- ва темир йўл чипталарини расмийлаштириш ва сотиш фақат биометрик паспортлар асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлигига чет элга чиқувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг биометрик паспортлари ўз вақтида ҳужжатлаштирилишини таъминлаш топширилди.
Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқишини белгиланган тартибда назорат қилади.
Хорижий давлатларда доимий яшовчи ва Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналарида ёхуд консуллик муассасаларида доимий консуллик ҳисобида турувчи Ўзбекистон фуқаролари ушбу Қарор қоидалари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиниши керак.
ИШДАН ТАШҚАРИ ВАҚТ ВА ЖОЙДА БОЖХОНА РАСМИЙЛАШТИРУВИ
Давлат божхона қўмитасининг Қарори (АВ томонидан 4.02.2014 йилда 925-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувини бунинг учун белгиланмаган жойларда ва божхона органларининг ишдан ташқари вақтларида ўтказганлик учун божхона йиғимларини йиғиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзгартиришларга мувофиқ эндиликда ишдан ташқари вақтда (18.00–9.00), дам олиш ва байрам кунларида амалга оширилган божхона расмийлаштируви учун йиғим ставкаси бир божхона органи ходимининг ҳар бир соат иши учун 10 евро миқдорида белгиланди (илгари 20 евро бўлган).
«Экспорт» божхона режимига жойлаштирилаётган товарларни белгиланган жойдан ташқарида божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун битта божхона органи ходимининг бир соатлик иши учун ЭКИҲнинг 10%и миқдорида йиғим ундирилади. Ушбу меъёр Вазирлар Маҳкамасининг 2.11.2011 йилдаги 294-сон Қарорига мувофиқ Божхона йиғимлари ставкаларида (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон Қарори билан тасдиқланган) белгиланган.
Божхона расмийлаштируви учун сарфланган вақт миқдори қайд этиладиган ва божхона йиғимини тўлаш учун асос ҳисобланадиган буюртма-наряд эндиликда икки нусхада (авваллари уч нусхада бўлган) тўлдирилади.
Божхона органлари томонидан «Экспорт» божхона режимида буюртма-нарядни тўлдириш тартибига ҳам тузатиш киритилди.
Бундан ташқари, манфаатдор (юридик ёки жисмоний) шахс товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувини бунинг учун белгиланмаган жойларда ва божхона органларининг ишдан ташқари вақтларида ўтказишни сўраб божхона органига ёзма мурожаат қилганда божхона пости бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахс божхона расмийлаштируви жойи бўйича тегишли хизматларни кўрсатиш учун ходим ажратиб бериши керак (авваллари бунинг учун унинг қарор қабул қилиши талаб қилинар эди).
Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 10.02.2014 йилдаги 6 (610)-сонида расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.
Ҳужжатларга шарҳларни юрист Елена ЕРМОХИНА тайёрлаган.
Ҳа, лекин шу меъёр киритиши масаласи хозирча биринчи ўқишда қўрилди. Тўлиқ равишда юкори палатаси тарафидан тасдиқланишидан кейин қучга қиради.