Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш чора-тадбирларини амалга ошириш истиқболлари мавзусида анжуман бўлиб ўтди.
Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Олий аттестация комиссияси вакиллари, мутахассислар, ёш олимлар иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Маматов, олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Б.Усмонов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ижро аппарати раҳбари О.Парпиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим ва илм-фан тизимини ислоҳ этишга йўналтирилган изчил ислоҳотлар ёшларга жаҳон андозалари даражасида таълим бериш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, замонавий технологияларни чуқур эгаллашига кўмаклашиш ҳамда илм-фан соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 24 июлдаги «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда дастуриламал бўлаётир.
Фармонга асосан мамлакатимизда илмий кадрларни аттестациядан ўтказишнинг халқаро миқёсда тан олинган талабларга мос келадиган, фан доктори илмий даражасини олиш учун тўғридан-тўғри докторлик диссертациясини ҳимоя қилишни назарда тутувчи олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими жорий этилди.
Олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган талабларга мувофиқ катта илмий ходим-изланувчи институти жорий этилди. Иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш мақсадида бакалавр дипломига эга бўлиб, камида 5 йил амалий иш стажига эга бўлган мутахассисларга мустақил изланувчи тартибида фан доктори илмий даражасини олиш учун илмий фаолият билан шуғулланишга имконият яратилди.
Тадбирда олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш, илмий тадқиқотлар сифатини ошириш ва ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш, иқтидорли ёшларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини намоён этишига шароит яратиш, инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, бу йўналишдаги ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.