Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан жавобгардан даъвогар фойдасига 640 000 000 сўм ундириш тўғрисида ҳукм чиқарилди. Сўнгра апелляция инстанциясининг қарори билан ундириладиган сумма 500 000 000 сўмгача камайтирилди. Ижро варақасини маърузачи судья ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида берди. Ижро этиш давомида даъвогар ва жавобгар суднинг ҳал қилув қарори ижросини бўлиб-бўлиб амалга оширишга келишиб олиб, қарзни сўндириш жадвалини имзоладилар.
Ижрони бўлиб-бўлиб амалга ошириш тўғрисидаги аризани ким кўриб чиқади? Биринчи инстанция ҳал қилув қарорини қабул қилган судьями ёки ундирув суммасини камайтирган апелляция инстанцияси судими?
А.Қудабекова, ЁАЖ бош бухгалтери,
Ж.Мираҳмедова, ЁАЖ юрисконсульти.
– Саволингизда баён этилганлардан аён бўлишича, иш бўйича охирги қарорни апелляция инстанцияси қабул қилган, у суммани 500 000 000 сўмгача камайтирган ва апелляция инстанциясининг қарорига асосан ижро варақаси берилган.
Хўжалик процессуал кодексининг 217-моддасига асосан хўжалик суди суд ижрочиси, ундирувчи ёки қарздорнинг аризасига кўра ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этишга, шунингдек ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартиришга ҳақли.
Шу муносабат билан ижрони бўлиб-бўлиб амалга ошириш тўғрисидаги аризани апелляция инстанцияси суди кўриши керак.
Павел СИЛЬНОВ,
адвокат