Жамиятимиз ветеринария дори-дармонларини улгуржи ва чакана сотиш билан шуғулланади. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан лицензия берилган. Корхонамиз фаолияти учун ушбу лицензиянинг мавжуд бўлиши етарлими ёки МЧЖ жойлашган ҳокимият органларидан улгуржи ва чакана савдога алоҳида лицензия ҳам олишимиз керакми? МЧЖда улгуржи савдо 10%ни, чакана савдо 23%ни, ишлаб чиқариш эса 7%ни ташкил қилади. Андижон шаҳрида ветеринария дори-дармонларини чакана сотиш бўйича иккита савдо дўконимизга ҳам алоҳида лицензия берилган.
МЧЖ бош бухгалтери.
– Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган) 1-бандига кўра қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа лицензиялар асосида товарларнинг айрим турлари билан улгуржи савдо қилувчи юридик шахсларнинг улгуржи савдо фаолиятини амалга ошириш лицензиясини олишлари талаб этилмайди. Шунингдек, Президентнинг 21.09.2005 йилдаги ПҚ-186-сон қарори асосида 2005 йил 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар томонидан чакана савдо ҳуқуқи учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинган (алкоголли ичимликлар чакана савдоси бундан мустасно).
Демак, сизда ветеринария фаолиятини амалга ошириш, хусусан ветеринария мақсадлари учун доривор воситаларни сотиш учун лицензиянинг мавжудлиги сабабли ушбу товарларни улгуржи ва чакана сотиш учун маҳаллий ҳокимиятдан алоҳида лицензия ва рухсатнома олишингиз шарт эмас.
Жавобни экспертимиз
Сардор Жумашов тайёрлади.