Бизнинг МЧЖ хўжалик судига 60 000 000 сўм миқдорида қарз ва 12 000 000 сўм миқдорида пеня суммасини ундириш даъвоси билан мурожаат қилди. Даъво берилган кундан бошлаб ишни кўриш бошланишига қадар жавобгар қарзни қисман сўндирди ва унинг қарзи ишни кўриш бошланишигача 35 000 000 сўмни ташкил этди.
Биз судда қандай иш тутишимиз керак, зеро асосий қарз камайган, қарзни қисман сўндириш ундириладиган пеня суммасига қандай таъсир кўрсатади?
Г.Болтабоева,
МЧЖ бош бухгалтери.
Самарқанд вилояти.
– Хўжалик процессуал кодекси 40-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ даъвогар хўжалик низоси бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ёхуд даъводан воз кечишга ҳақли.
Бунинг маъноси шуки, хўжалик судида иш кўрилаётганда сиз ёзма шаклда даъво талаблари миқдорини 35 000 000 сўмгача камайтириш тўғрисида ариза беришга ҳақлисиз. Пеняга келсак, унинг миқдори Фуқаролик кодекси (ФК) 260 ва 325-моддаларининг қоидалари бўйича белгиланади. Шу билан бирга суд неустойкани камайтиришга ҳақли эканлигини ҳисобга олиш керак. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак (ФКнинг 326-моддаси). Шу билан бирга шуни эътиборга олиш лозимки, неустойканинг энг кам миқдори ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизлар миқдоридан, яъни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкаси миқдоридан1 кам бўлмаслиги лозим (ОХС Пленумининг 15.06.2007 йилдаги «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 163-сон қарори 4-бандининг иккинчи хатбошиси).
1ЎзР МБнинг қайта молиялаш ставкаси миқдори 2014 йил 1 январдан 10%ни ташкил қилади.
Павел СИЛЬНОВ, адвокат