Norma.uz

Фермерларга янги рағбат

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрда қабул қилинган «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ЎРҚ-359-сон Қонуни билан амалдаги Солиқ кодексига бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Қонуннинг 1-моддаси 37–38-бандла­рига асосан Солиқ кодексининг 312 ва 316-моддаларига тегишли ўзгартишлар киритилди. Хусусан, 312-модда билан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар тўловчиларининг ҳуқуқий ҳолати белгиланса, 316-модда Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўловчилари ҳуқуқий ҳолатини белгилаб беради. Янги киритилган ўзгартишларга асосан 2014 йил 1 январдан бошлаб ягона ер солиғи тўловчилари ҳам бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ҳамда Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўловчилари бўлиб ҳисобланмайдилар.

Ушбу ўзгартишлар киритилгунига қадар ягона ер солиғи тўловчилари (асосан фермер хўжаликлари) ягона ер солиғидан таш­қари, бюджетдан ташқари пенсия ва рес­публика йўл жамғармаларига ҳамда бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлаб келган. Шуниси аҳамиятга моликки, амалдаги Солиқ кодексига янги XVI-1 бўлим қўшимча сифатида киритилиб, у «Бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар» деб номланди. Ушбу бўлим билан мазкур турдаги мажбурий ажратмаларнинг тўловчилари, солиқ солиш объекти, базаси, уни тўлаш тартиби белгиланди. Эътиборлиси шуки, ягона ер солиғи тўловчилари ҳам эндиликда ушбу мажбурий ажратма тўловчиси бўлиб ҳисобланишмайди. Ягона ер солиғи тўловчиларининг давлат мақсадли жам­ғармаларига мажбурий ажратмалар тўлов­чиси бўлиб ҳисобланмаслиги тўғ­рисидаги аниқлаштирувчи норма Солиқ кодексининг 349-моддасига киритилди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу янгиланишлар натижасида мамлакатимизда фао­лият юритаётган 66 000 дан зиёд фермер хўжаликлари1 2014 йил 1 январдан бошлаб давлат мақсадли жамғармаларига йўналтирилган 3 турдаги мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади. Бу эса, ўз навбатида, фермер хўжаликлари зиммасига тушадиган солиқ юкини анча енгиллаштиради. Чунки 2013 йилда фер­мер хўжаликлари маҳсулотлар (товарлар, ишлар, хизматлар) реализацияси ҳажмидан Пен­сия жамғармасига 1,6 %, республика йўл ҳам­да бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаларига тегишлича 1,4% ва 0,5% мажбурий ажратмалар тўлаб келганлар2.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сон Қонуни билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда сувни тежайдиган суғориш технологияларидан фойдаланувчи ягона ер солиғи тўловчиларига яна бир имтиёз тақдим этилган эди. Юқоридаги қонун билан киритилган ўзгартишларга мувофиқ, юридик шахслар ягона ер солиғини тўлашдан ер участкасининг қайси қисмида томчилатиб суғоришдан фойдаланилаётган бўлса, майдоннинг ўша қисмида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ойдан бошлаб 5 йил муддатга озод этилади3. Ушбу солиқ имтиёзини жорий этишдан асосий мақсад қишлоқ хўжалиги маҳ­сулотлари ишлаб чиқарувчиларининг мавжуд сув ресурсларидан оқилона фой­да­ланишларини рағбатлантиришга йўналтирилгандир.

Солиқ назариясидан маълумки, со­лиқларнинг функцияларидан бири улар­нинг рағбатлантириш хусусиятига эгалигидир. Солиқнинг рағбатлантириш функ­цияси ишлаб чиқаришни ривожлантиришга, моддий хом ашё ресурсларидан самарали фойдаланишга ижобий таъсир кўрсатади. Солиқ юкининг камайтирилиши ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳамда солиқ тўловчиларни инвестиция фаолиятига кўпроқ жалб этишга ёрдам беради.

Ягона ер солиғини тўловчиларнинг давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилиши ҳамда улар томонидан томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган ер майдонларидан ягона ер солиғи тўлашдан озод этилиши бўйича имтиёзлар асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари бўлган фермер хўжаликларини солиқ юкини камайтириш орқали уларнинг фаолиятини ривожлантиришни ҳамда мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланишларини рағбатлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Фермер хўжаликларига берилган мазкур солиқ имтиёзлари ер эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантиришда янада кучли омил бўлади, деб умид қилсак бўлади.

 

1http://www.gazeta.uz/2013/03/06/farmers/.

2Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-1887-сон Қарори 3-банди.

3Солиқ кодексининг 367-моддаси.

 

Ихтиёр ТЎРАБОЕВ,

ТДЮУ «Молия, банк ва солиқ ҳуқуқи» кафедраси мудири.

Прочитано: 4685 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика