Norma.uz

Ширкатда нима гаплар?

ДЕЙДИЛАРКИ, ШАҲРИМИЗДА «ДЎСТЛИК САРИ» ДЕГАНЛАРИ БОРМИШ

 

 

        Тошкентдаги олтита тўрт қаватли, 264 та квартирадан иборат уйларни ўз бағрига олган «Дўстлик сари» ХУМШ аъзолари берган бадаллари қайта тақсим этилиб, бошқа уйларнинг эҳтиёжлари учун ишлатилаётганлигидан норози бўлиб юрардилар. Бир неча кўп қаватли уй квартира мулкдорлари бир ширкатга бирлашганда шунақаси ҳам бўлиб туради. Одамлар доим нима учун пул тўлаяпмиз, пулларимиз қаерга кетаяпти, нега пулларимизни қўшни уйга сарфлашмоқда, бадаллар миқдори бунча кўп деган саволлар беришади.

Бундай кезлари ХУМШ бошқаруви нима қилмоғи лозим? Бу саволга ширкат қандайлигига қараб ҳар хил жавоб олиш мумкин. Айтайлик, уй аҳли рисоладагидек яшаши учун самарали ишлаётган ширкат жавоби бошқача, қўл учида ишлаётган, аъзоларининг манфаатларига беписанд қараётган ширкатники эса бутунлай бошқача бўлади. Баъзилар одамларнинг норозилигига эътибор ҳам қилишмайди, бошқалар эса кўнгил тўлмаётганлик сабабларини аниқлаб, муаммони ҳал этишга ҳаракат қилади. «Дўстлик сари» ширкати ана шу, кейинги айтилган йўлни маъқул топди. Тўрт қаватли уйларнинг ҳар бирини сақлаш, қараб туришда ижтимоий адолат негизларига рахна етмаслиги учун ширкат бошқаруви уч йил муқаддам олти уйнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиб, иш режаларини ҳам алоҳида белгилашга қарор қилди.

Биттадан кўпроқ уйлардан ташкил топган ширкатларда умумий мол-мулкни асраш ва сақлаш бадалларини сарфлашда келишмовчилик, ҳар хил фикрлар бўлиши кўпчиликка яхши маълум. Бундай ҳолларда квартира эгаларининг бадаллари бир жойга жамланади. Бир тарафдан олганда, маблағларнинг жамланиши ХУМШга харажати катта ишларни бажариш имконини беради. Бошқа тарафдан қараладиган бўлса, бу нарса зиддиятларга сабабчи бўлади, негаки бир уйда яшайдиган одамларни қўшни уйнинг муаммолари мутлақо қизиқтирмайди. Улар ўз пуллари ўзлари яшайдиган уйнинг ободлиги ва кўркам бўлишига сарфланишини истайдилар. Ахир бир уйдагилардан кўпроқ, бошқасидагилардан камроқ миқдорда бадал тўпланиши сир эмас-ку. Қолаверса кўринишидан бир хил бўлган тўрт қаватли уйларнинг ҳатто иккитасини олганда ҳам уларнинг техник ҳолати бир хил бўлмайди.

 

 

 

ҚОНУН НОРМАСИ ИШЛАМАСА

«Дўстлик сари» ширкатидагиларнинг алоҳида-алоҳида ҳисоб олиб бориш тизими асосида ишлаши аслида янгилик эмас. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан буён матнда Қонун деб юритилади) ҳар бир уйнинг таъминотига, сақлаш-асралишига якка тартибда ёндашув белгилаб қўйилган. Хусусан, ХУМШ биттадан кўпроқ кўп қаватли уйлардан иборат бўлса, Қонуннинг 23-моддасида белгиланганидек, ширкат аъзоларининг ҳар йилги умумий йиғилиши ўтказилгунига қадар ширкатдаги ҳар бир уйнинг жой мулкдорлари йиғилишлари ўтказилиши шарт. Улар ҳар бир уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режаларини ҳамда умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар сметасини қабул қиладилар. Ана шу ҳужжатлар ширкатнинг умумий сметаси ва умумий иш режасининг бир қисми бўлиб қолади. Қонунда ҳар бир уй режалари ва сметалари ижросига оид ҳисоботларни тасдиқлаш ҳам назарда тутилган. Шундай қилиб, мазкур Қонун ХУМШ таркибида бир неча кўп қаватли уй бўлган тақдирда ҳам ҳар бир уйдаги умумий мол-мулк мулкдорларининг манфаатларини ҳимоя этади.

Қонуннинг мазкур нормаси ширкатдаги қатор зиддият ва ихтилофларни бартараф этишга қодир бўлса ҳам, амалда у ишламаяпти. ХУМШ бошқарувлари қўшимча ҳисобот тайёрлаш, ҳар бир уй учун режа ва сметаларни алоҳида-алоҳида ишлаб чиқишни ўзлари учун ортиқча юк деб биладилар. Улар ҳисоб ва режалаштиришни алоҳида-алоҳида олиб боришнинг афзалликларини кўрмаяптилар ҳам. Аслида эса бу, энг аввало, ХУМШ ишидаги очиқ-ошкораликни, уй аҳлининг ширкат бошқарувига бўлган ишончини таъмин этувчи омилдир. Қолаверса, бу йўсинда иш тутиш йирик ширкатни кичикроқ ширкатларга айлантириш йўлидаги ўзига хос тайёргарликдир.

«Дўстлик сари» ширкати раиси Феруза Бердникованинг айтишича, ширкатда, ҳисоб ишларини алоҳида-алоҳида олиб боришга ўтилгач, психологик муҳит яхшиланган. Одамларни хабардор этиб туриш илгари уларда норозилик келтириб чиқарган, вазият чигаллашувига сабаб бўладиган кўпгина савол ва масалаларга чек қўйди. Тўлов интизоми ошди. ХУМШ идорасидаги ахборот стендида ҳар бир уйга тааллуқли ахборотлар алоҳида-алоҳида туркумлаб териб қўйилган бўлиб, одамлар қандай ишлар режалаштирилганлигини, бунга қанча пул зарур бўлишини, нима ишлар қилинганлигини, яна нималар қилиш жоизлигини, умумий мол-мулкни сақлашга оид мажбурий бадал нималардан ташкил топишини бу ахборотларга қараб дарров билиб оладилар. Ширкатда умумий йиғилишлар ҳар бир уй бўйича алоҳида-алоҳида ўтказилади. Тўғри, квартира мулкдорларининг барчасини бир жойга тўплаш қийин, аммо тўрт қаватли уйларнинг ҳар бирида фаоллар бор, улар ахборотларни қўни-қўшнилар эътиборига етказадилар.

 

ҲИСОБ АЛОҲИДА ЮРИТИЛГАЧ, БАДАЛЛАР МИҚДОРИ ҲАМ ҲАР ХИЛ БЎЛАДИ

Ширкатда ишларни алоҳида режалаштириш ва маблағлар ҳисобини алоҳида юритиш тизими муайян уйдаги мулкдорлар учун мажбурий бадаллар миқдорини ҳар хил белгилашни назарда тутади. Уйларда ҳар хил ишлар олиб боришга тўғри келгач, табиийки, улар билан боғлиқ харажатлар ҳам бир хил бўлмайди. Демак, бадалларни ҳам ҳар хил белгилаш лозим. «Дўстлик сари» ширкатида эса умумий йиғилиш қарори билан барча уйлардаги квартира мулкдорлари учун бадалнинг бир хил миқдори белгиланди. Бадалларнинг тенглаштириб қўйилиши ҳисобни алоҳида юритиш билан уйғунлик касб этармикан, умуман нега бундай қилинди деган саволлар ўз-ўзидан туғилиши табиий.

– Ҳар бир уй аҳли тўлаган пуллари ўзлари яшайдиган уйда қолишини одамлар билиши ва хотиржам бўлиши учун шундай қилинди, – дейди раис. – Ҳар бир уйнинг ишлар режаси аниқ, даромадлар ва харажатлар сметаси ҳам. Шундай экан, одамлар ўзлари яшайдиган уйдаги ишлар бажарилишини, маблағлари сарфиёти билан боғлиқ ҳаракатларни назорат қилиб ва кузатиб боришлари мумкин. Моҳиятан олганда, ҳар бир уй учун ҳозирнинг ўзидаёқ ҳар хил бадаллар белгилаш мумкин, уларнинг миқдори унча фарқ қилмайди ҳам. Жой эгалари умумий мол-мулкни сақлашга виждонан ёндашмоқдалар, бажонидил ҳақ тўлаб келмоқдалар. Бизда ашаддий қарздорлар йўқ. Аммо уч йил олдин ҳали бу йўсиндаги ишга тайёр бўлмаган кезлари улар битта ХУМШ таркибидаги уйлар учун ҳар хил миқдорда бадаллар белгиланишига оғриниб қарар эдилар. Бир жиҳати, тўрт қаватли уйларимизнинг техник ҳолати ўша кезлари бир хил эмаслиги сабабли ҳам бу йўсин иш тутишга ботинмадик. Ҳисобни алоҳида-алоҳида олиб бориш тизимини йўлга қўйиш, одамларда тўлаган бадаллари ўзлари яшаётган уйга сарфланаётганига ишонч ҳосил қилиш муҳимроқ эди.

 

 

 

       ТАЪМИРЛАШГА ПУЛ ЕТМАСА, ҚЎШНИЛАРДАН ОЛИБ ТУРИШ МУМКИН

Ширкат секин-аста томларни тартибга келтирди, муҳандислик коммуникацияларини созлаб олди. 2012 йили ширкат бошқаруви олтита уйнинг ҳаммасида томларни капитал таъмирлаш дастурини ишлаб чиқди ва умумий йиғилиш ҳукмига ҳавола этди. Умумий йиғилиш тасдиқлаб берган мазкур дастурда беш йилга мўлжалланган улкан ишлар белгиланган. Катта ХУМШнинг яхши тарафи шундаки, унинг таркибидаги уйлар серчиқим ишларни амалга оширишда бир-бирига ёрдам бериши мумкин. Томни капитал таъмирлашга бир уйдан ташкил топган ширкатнинг чоғи келмайди, қийналиб қолади. Ҳисобни алоҳида-алоҳида юритиш бизга бир уй иккинчисига ўзаро ёрдам кўрсатиши, киритилган маблағлар кейинчалик қайта ҳисоб-китоб қилиб, жойига қўйилиши тизимидан фойдаланиш имконини берди.

Квартира мулкдорлари умумий йиғилишда ана шундай тизим жорий этилишига рози бўлишди. Натижада бу йил 24 квартирали уйнинг томини шифер билан ёпдик. Эътиборли жиҳати бадаллар 100 фоиз тўланди, битта ҳам қарздор йўқ. Турар жойнинг ҳар квадрат метри учун 300 сўм қилиб белгиланган бадалларнинг йиллик йиғими 5,137 млн сўмни ташкил этади. Томни таъмирлаш ишлари эса 14 млн сўмга тушди. Бошқа уйлар ёрдам беришди, маблағдан қарашиб юборишди. Йилнинг охирида ширкат бошқаруви ким қанча қарз берганлигини кўриб чиқади, қарздор уй қўшнилар пулини қайтариб беради ёки ширкат қарз берган уйларга берган пули ҳисобидан қандайдир ишларни шартнома асосида бажариб беради.

Хўш, бунинг нимаси янгилик дерсиз? Биттадан кўп уйдан ташкил топган ХУМШда илгарилари ҳам катта чиқим билан боғлиқ ишларни бажаришда масалалар бадалларни умумлаштириш йўли билан ҳал этиларди. Пул бошқа уйга сарфлаб юбориларди-ю, аммо ҳеч ким уни қайтаришни ўйламасди. Турли уйларда яшовчиларнинг бадаллари умумий  қозонга тушгач, кимнинг пули қаердалигини ҳисобга олиб бўлмасди ҳам. «Дўстлик са­ри» ширкатида эса бадаллар сер­чиқим ишларни бажариш учун қайта тақсимланган тақдирда ҳам, пуллар алоҳида уйнинг ўзига қайтарилади ва унинг жамламасида қолади ҳамда ундан мазкур уйнинг ўзигагина тегишли ишлар учун фойдаланиш режалаштирилиши мумкин. Алоҳида-алоҳида ҳисоб олиб боришнинг моҳияти ҳам шунда.

 

Прочитано: 3439 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика