Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 50 / Бизнинг лойиҳалар

Меҳнатга ҳақ тўлаш теварагидаги гаплар

«Нормал меҳнат шароитларидан четланишга тўғри келган ҳолларда меҳнатга ҳақ тўлаш» мавзуидаги семинар етакчиси, «NORMA» эксперти Наталья КЛЕВЦОВА шуни эслатиб ўтдики, Меҳнат кодексининг (бундан буён матнда МК деб юритилади) 115-моддасига кўра, иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига кў­пи билан 40 соатни ташкил эта­ди, норма доирасидан четга чи­қилган тақдирда, фойдаланилган иш вақти юзасидан ҳақ тўлаш алоҳида тартибда амалга оширилади. Иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги ишлар бунга мисолдир. Ишнинг ана шу тури тушунчаси МКнинг 124-моддасида тавсиф этилган, МК 157-моддасига муво­фиқ, бундай ишга камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқ­дори жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ка­саба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан компенсацияланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш учун ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Иш вақтидан ташқари бажарилган ишлар иш вақтидан фойдаланишни ҳисобга олишнинг К-13 ёки К-12 шаклидаги табели, нарядлар, ҳисоб-китоб маълумотномаси асосида бухгалтерияда расмийлаштирилади. Иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун ҳақ тўлашга раҳбарнинг буйруғи (фармойиши) асос бўлади.

Эксперт иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ қандай ҳисоб-китоб қилинишини ҳам аниқ мисол билан тушунтириб ўтди. Ходим бир соатлик тариф ставкаси 1 875 сўм бўлгани ҳолда бир ой мобайнида иш вақтидан ташқари 6 соат ишлади дейлик. Бундай вазиятда ходимнинг иш вақтидан ташқари бажарган иш соатларининг минимал ҳақи 22 500 сўмни (6 х (1 875 + 1 875) ташкил этади. Маърузачи Солиқ кодексининг (бундан буён матнда Кодекс деб юритилади) 307-моддасига биноан ходимнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари суммаси (Кодекснинг 172-175-моддалари) давлат ижтимоий суғуртасига мажбурий ажратмалар объекти эканлигини ҳам айтди. Иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун тў­ланадиган қўшимча ҳақлар компенсация тў­ловлари сирасига киради. Бинобарин буларга ягона ижтимоий тўлов ва мажбурий суғурта бадаллари ҳисоблаб чиқарилади, шунингдек улар ходимнинг жами даромади таркибига киритилиб, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади (Кодекс 174-моддасининг 3-банди). Мазкур суммалар ходим­нинг со­лиқ солинадиган жами дарома­дига киритилгани сабабли уларга фуқароларнинг жамғариб бо­риладиган шахсий пенсия ҳисобварағига мажбурий ажратмалар объекти деб қаралади. Ажратмалар ходимнинг солиқ солинадиган даромади 1 фоизи миқдорида амалга оширилади, жисмоний шахслардан олинадиган ва бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ эса худди шу суммага камайтирилади.

Тунги вақтдаги ишга ҳақ тўлаш масаласи ҳам семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Наталья Клевцова муфассал ту­шунтириб ўтганидек, МК 122-мод­дасига кўра соат 22.00 дан то соат 6.00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади. Агар ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, тунги иш вақти муддати бир соатга, иш ҳафтаси муддати ҳам шунга мувофиқ равишда қисқартирилади. Ишлаб чиқариш шароитларига кўра зарур бўлган ҳолларда, хусусан, ишлаб чиқариш узлуксиз бўлган жойларда, шунингдек бир кун дам олинадиган 6 кунлик иш ҳафтаси шароитида смена бўлиб ишланаётган жойларда тунги иш муддати кундузги иш муддатига тенглаштирилади. Қўшимча ҳақ суммаси ходимнинг жами даромади сирасига киритилади ҳамда унга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади, ундан ижтимоий суғуртага ажратмалар ажратилади ҳам. Тунги вақтда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ ва устамалар фойда солиғини аниқлашда чегириб ташланадиган меҳнат ҳақи харажатлари ҳисобланади (Кодекс­нинг 143-моддаси).

Таътиллар муддатини ҳисоб­лашга тааллуқли масала ҳам кўп­чилик­ни қизиқтириши маълум бўл­ди. МК 139-моддасига биноан таътилларнинг муддати 6 кунлик иш ҳафтаси юзасидан, тақвим бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилажа­гини маърузачи ало­ҳида таъкидлаб ўтди. Таътил даврига тўғри ­келиб қолган ва МК 131-моддаси­га мувофиқ ишланмайди­ган кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди. Таътилнинг муддати йиллик асосий ва қўшимча таътилларни жамлаш йўли билан аниқланади, бироқ таътилнинг умумий муддати, МК 140-моддасида белгиланганидек, 48 иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас.

Эксперт қимматли амалий тавсиялар ва маслаҳатлар берди, шунингдек тингловчиларнинг қатор са­волларига жавоб қайтарди.

 

l Меҳмонхонада кундузги ва тунги маъмурлар ишлашади. Улар­нинг иш ҳақи бир хил. Қонун ҳуж­жатлари нуқтаи назаридан бу тўғ­рими? Агар шу йўналишда қо­нунга хилоф иш тутилган бўлса, компания раҳ­бари жавобгар бў­ладими?

– Сиз айтган маъмурларга нисбатан бир хил ҳақ тўланиши тўғри эмас. МК 158-моддасига биноан тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади. Гарчи уларнинг иши бир малакадаги иш бўлса-да, иш ҳақи бир хил бўлиши мумкин эмас. Юқорида ­айтилган ҳолатда меҳнат тўғрисидаги қо­нун ҳужжатлари бузилаётган кўри­нади, бинобарин мазкур компания раҳбари Маъмурий ­жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-модда­сига кўра энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқ­дорда жарима тўлашига тўғри келиши турган гап.

 

l Корхона йил мобайнида ходимларни жамланганда 120 соатдан ортиб кетадиган йўсинда иш вақтидан ташқари ишларга жалб этиш ҳуқуқига эгами?

– Йўқ. Бундай қилиш ҳуқуқбу­зарлик саналади. Зотан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида иш вақтидан ташқари ишнинг муддати йилига 120 соатдан ошмаслиги белгилаб қўйилган.

 

l Нормаланмаган иш куни учун устама ҳақ белгилаш мумкинми?

– Йўқ, мумкин эмас. Меҳнат тўғри­сидаги қонун ҳужжатларида «нормаланмаган иш куни» деган тушунча йўқ.

 

l Футбол жамоасининг ўқув-машқ жараёни суткасига 20 соатдан ҳам кўпроқни ташкил этади. Бундай иш вақти қай тартибда расмийлаштирилади?

– Компаниянгизнинг ички ма­ҳаллий (локал) ҳужжатлари билан иш вақти режими белгилаб қўйилмоғи керак, ҳақиқий иш вақтининг ҳисоби эса табелларда акс эттириб борилади. Ҳар кунги ишнинг (сменанинг) муддати 12 соат­дан ошиши мумкин эмас.

 

l Ходимлар билан ишлаш бў­ли­ми табелни тайёрлаш ва рас­мийлаштириб боришга мажбурми?

– Қонун ҳужжатларида бу хусусда аниқ бир нима дейилмаган, шу боис ҳар бир корхона бу борада керакли қоидаларни ўзи ишлаб чиқади. Одатда, бу иш табелни юритувчи табелчи, ҳужжатни имзолайдиган табелчи ишлаётган бўлинма бошлиғи ва ходимлар билан ишлаш бўлими учун мажбурийдир.

 

l Микрофирма ходимнинг шах­сий ҳисобварақасини юритиши зарурми?

– Ҳа, зарур. Мулкчиликнинг ҳар қандай шаклидаги фирмалар қонун ҳужжатларига риоя қилмоғи керак. Бундан ташқари шахсий варақа ходимга тааллуқли бирламчи ҳужжат бўлиб, ходимлар билан ишлаш бў­лими ишини у анчагина енгиллаштиради.

 

l Корхонада иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима жазоси назарда тутилган. Жарима­ни расмийлаштиришни нимадан бошлаш керак?

–         Одатда жарима унга сабаб бўлган ҳуқуқбузарлик содир бўлган биринчи ойда солинади. Албатта буйруқ чиқариш ва унда жарима қайси даврда, қанчага белгиланаётганлигини аниқ акс эттириш лозим.

 

Прочитано: 5867 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2013-12-23 20:50:11, Гость_:
Мен олий укув юртида укитувчи лавозимида 1 ставкада ишлайман. мени факультет деканатига декан муовини лавозимига ишга чакиришди. аризани эса юрист куйидаги тарзда ёздирди: менга хх.хх.2013 й.дан ХХ факультети 0,5 ставка декан муовини лавозимини 30% хак тулаш шарти билан юклатишингизни сурайман.
Юристнинг айтишича укитувчига декан муовини лавозими совмешение асосида юклатилиб, ВМ нинг 297-карорига кўра, бюджет корхонаси булганлигимиз учун 30% микдорда хак тулашмокда. ШУнинг учун мен 36 соат иш кунимдан ташкари 20 соат ишлаётганим йук. чунки буйрук шуни такозо килмокда. аслида эса 20 соат ишлашим керак, чунки иш куп. маош эса етарлича эмас. бу ишнинг сифатига салбий таъсир курсатмокда. Шу масалага ойдинлик киритиб берсангиз. Рахмат.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика