Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 50 / Бизнинг лойиҳалар

Ишнинг оқибати хайрли бўлсин

«NORMA» профессионал ривожланиш марказида ўқув семинарлари изчил ўтказиб келинмоқда. Иштирокчиларнинг айтишича, ҳар бир семинар ҳаётдан олинган реал мисоллар билан ўз тасдиғини топувчи назарий билимлар мужассам топган бағоят қизиқарли ва мароқли лекциядир. Муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ энг мураккаб масалаларга ҳам бу ерда ҳамиша жавоб топиш мумкин. Солиқ солиш масалалари, паспорт тизими, меҳнатга оид муносабатлар – машғулотлар мавзусининг рўйхатини шу зайил давом эттиравериш мумкин. Мухбиримиз Наталья СПИРИДОНОВА баъзи машғулотларда қатнашиб, иштирокчилар билан бирга меҳнат ҳақи суммасини қай йўсинда тўғри аниқлаш ва устама ҳақларни қай йўсинда билимдонлик билан қўллаш мумкинлиги, меҳнатга оид муносабатлар ҳуқуқ доирасида қандай тартибга солиниши-ю меҳнат таътили муддатини тўғри ҳисоблаб чиқиш мумкинлигини билиб олди.

 

 

Йигирма йиллик иш стажига эга бўлган юрист, «Меҳнатга оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш амалиёти» мавзусидаги семинар етакчиси Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ иштирокчиларни Ўзбекистоннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кейинги пайтларда киритилган ўзгартишлар билан таништирди. Ходим билан тузиладиган меҳнат шарт­номасини тўғри расмийлаштириш, меҳнат дафтарчасига ёзувларни тўғри киритиш, ходимга қонун бўйича тўланадиган меҳнат таътили пуллари ва бошқа тўловларни тўғри ҳисоблаб чиқариш хусусида сўзлаб бергач, тингловчиларнинг саволларига ҳам муфассал жавоб қайтарди.

Семинардан кейин маърузачи хусусан қуйидаги саволларга жавоб берди.

– Абдусалом Абдувалиевич, бухгалтерлар кўп йўл қўя­диган, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан боғлиқ хатолари, сизнингча, нималардан иборат?

– Амалиётимда бухгалтерия кирим-чиқим китобини юритмаётганлиги билан боғлиқ ҳоллар кўп учрайди. Кўпчилик бу иш билан ходимлар бўлими инспектори шуғулланмоғи керак деб ҳисоблайди. Бу ҳужжатга беписандлик билан қарайдиганлар ҳам оз эмас. Ҳолбуки, у Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) назарда тутилган.

Тез-тез учраб турадиган хатоликлардан яна бири ходим ишдан бўшаётганда у билан нотўғри ҳисоб-китоб қилишдир. Айтайлик, ишдан бўшаш нафақаси, меҳнат таътили пули тўланмайди. Штат қисқартирилаётганда тўловлар билимсизлик билан амалга оширилиши ёки тўлиқ тўланмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учраб туради. Буларнинг ҳаммаси ходимларнинг ҳуқуқларини камситиш ҳисобланади ва ҳуқуқбузарлик саналади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси). Бундай пайтларда ходимларнинг шикоят бериши, қолаверса, шундай ҳолатлар назорат қилувчи ва текширувчи идоралар томонидан аниқланиши корхона раҳбари, бухгалтери, мансабдор шахслари учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

– Бухгалтер меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини билиши шарт эмас, бу соҳадаги масалаларни ҳал этиш ва тартибга солиш учун ходимлар бўлими ходимининг ўзи етарли деган гаплар юради.

– Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, баъзи масалаларда бухгалтерия ва ходимлар бўлимлари биргаликда ишлашлари лозим. Хусусан, ходимни ишдан бўшатишда ёки унинг иш жойини қисқартиришда шундай қилиш керак. Ходимлар бўлими инспектори табель асосида буйруқ чиқаради, бухгалтер вазиятга қараб табелга ва қонун ҳужжатларига мувофиқ керакли ҳисоб-китобларни амалга оширади. Ёки шартнома тузиш ҳолларини олайлик. Бир қараганда, бу ходим билан иш берувчи ўртасидаги ўзаро муносабат, лекин бу муносабатлар кадрлар бўлими ходимлари билан бухгалтерлар томонидан тартибга солиб борилади. Бунда Меҳнат кодекси бўйича муайян даражадаги билим ҳар иккала мутахассисга ҳам жуда зарур.

– Ходимлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя этиш учун тегишли инстанцияларга тез-тез мурожаат қилиб туришадими?

– Ҳаммаси вазиятга боғлиқ. Кўпчилик масалаларни тинч йўл билан ҳал этишни афзал кўради. Аксарият ходимлар ҳуқуқлари бузилганлигини билмайдилар ҳам. Аммо бу ходимлар ўз ҳуқуқлари камситилаётганлиги ҳоллари аниқланганидан кейин, айтайлик, прокуратура ёки судга мурожаат эта олмайдилар дегани эмас. Битта мисол келтираман. Чоғроқ бир корхонада ишлайдиган қиз турмушга чиқиб, ҳомиладор бўлган пайтида ундан ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришни сўрашган. Ишдан бўшашни истамаса ҳам қонунларни билмагани ҳолда жувон ариза ёзиб берган. Ишдан бўшаганидан кейин таниш-билишлари унга яшаш жойидаги Бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилишни маслаҳат беришган. Ўша ерга борганидагина у ўз ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилганлигини билган. Аёл прокуратурага мурожаат қилиб, уни ариза ёзишга мажбур қилганларини исботлаб бера олди. Корхонанинг инсофсиз раҳбари тегишли жазосини олди. Шуни ёдда тутиш керакки, қонун ҳужжатларимиз ходимларнинг, айниқса ҳомиладор аёлларнинг, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларнинг, ногиронларнинг ва пенсионерларнинг ҳуқуқларини ҳамиша ҳимоя қилади.

Шуни ҳам қўшимча қилишни истардимки, қонун ҳуж­жатларини, унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни билиш ҳамда фаолиятни ҳуқуқ нормаларига қатъий мувофиқ ҳолда амалга ошириш салбий оқибатли вазиятлардан халос этади.

 

Прочитано: 2348 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика