Norma.uz

Ишлаб турса, лифтдан яхшиси йўқ

Шаҳри азим Тошкентнинг кўп қаватли уйларида 2010-2014 йилларда 785 та лифтни алмаштириш мўлжалланган. Бу 2010-2011 йилларда республика шаҳарларидаги ҳамда 2010-2014 йилларда Тошкент шаҳридаги кўп квартирали уйларда лифтларни янгилаш ва таъмирлаш дастурида (бундан буён матнда Дастур деб юритилади) назарда тутилган, Вазирлар Маҳкамасининг 29.08.2010 йилдаги 191-сон қарорининг (бундан буён матнда Қарор деб юритилади) 2-иловасида қайд этилган. Дастурда республика уй-жой фондининг кўп квартирали уйларида лифт ускуналарини янгилаш ва таъмирлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, уларни амалга ошириш минтақаларда икки йилга, кўп қаватли уйларнинг асосий қисми жойлашган пойтахтимизда эса тўрт йилга мўлжалланган.

Давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бамавридлиги кўп қаватли уйлардаги лифтларнинг ҳолати билан белгиланади. Лифтлар аллақачон шаҳар хўжалигининг оғриқли муаммосига айланган. Бундан чорак аср муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ ўрнатилган, асосан Россияда ва ўзимизда ишлаб чиқарилган кўтаргичлар аллақачон эскириб, таъмирталаб бўлиб қолган, янгиланишга муҳтож. Уларнинг техник ҳолати учун масъул хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг эса лифт ускунасини тиклаш билан боғлиқ, катта чиқим талаб этадиган ишларни бажаришга чоғи келмайди. Мамлакат ҳукумати Дастур қабул қилинишида ташаббускор бўлиш билан кўп квартирали уйларда аҳоли яшаши учун қулай ва хавфсиз шароит яратиш ҳақида, лифтларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ аварияли ҳолатларнинг олдини олиш ҳақида олдиндан тадорик кўрган эди.

Дастурни амалга оширишнинг якунловчи босқичи қандай бормоқда, иш асносида қанақа муаммолар келиб чиқди, катта шаҳарнинг лифт хўжалиги нима ўзи, бюджет маблағлари ҳисобидан ўрнатилган кўтаргичларни қандай сақлаб-асраб қолиш мумкин? Ана шу ва бошқа саволларига мухбиримиз жавобни Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал-фойдаланиш бирлашмасидан (ТШҲКФБ) олди. Бу бирлашма мамлакат пойтахтида Дастур доирасида кўп квартирали уйларда лифтларни алмаштириш билан боғлиқ ишлар юзасидан буюртмачи саналади.

 

 

 

       ИШЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Қарорда «Самарқанд лифтсозлик заводи» ОАЖ лифт ускуналари етказиб берувчи деб белгиланган. Бироқ Дастурни амалга ошириш мобайнида кўтаргичларни, бутловчи буюмларни, эҳтиёт қисмлар ва материалларни етказиб беришда иқтисодий йўсиндаги форс-мажор ҳолатлари келиб чиқди. Натижада белгиланган ҳажмлар ва муддатлар борасида қолоқлик юзага келди. Дастурнинг параметрлари энди-энди аниқлаштирилаётган 2010 йилда, гарчи 75 та лифт янгиланади деб режалаштирилган бўлса-да, биттаси ҳам янгиланмади. 2011 йили жадвал бўйича 177 та кўтаргич алмаштирилиши керак бўлса-да, 50 та кўтаргич ўрнатилди, холос. 2012 йилда яна 177 та лифтни алмаштириш назарда тутилган эди – 116 та ўрнатилди. 178 та кўтаргични алмаштириш назарда тутилган 2013 йилда... бор-йўғи 27 та кўтаргич ўрнатилди. 2010-2013 йилларда Тошкентда Дастур доирасида режадаги 607 лифт ўрнига 193 та лифт ўрнатилди – режа 33,4 фоиз адо этилди.

– Бу Дастур бўйича ишлар тўхтаб қолганли­гини англатмайди, албатта, – деди бизга ТШҲКФБ коммунал объектлардан фойдаланиш мониторинги ҳамда ислоҳ қилиш бошқармаси бошлиғи Алимжон Раҳимов. – Дастурга, табиийки, тузатишлар киритилади. Зотан Дастурни амалга ошириш мамлакатимиз уй-жой сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозир кўтаргичларни бошқа ишлаб чиқарувчилардан олиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Таклиф этилаётган замонавий лифт ускуналарининг техник параметрлари, баҳолари ўрганилмоқда, ишни давом эттириш учун керакли йўналишда бошқа ишлар назарда тутилмоқда. Мамлакатимизда Самарқанд заводидан ташқари кўтаргичларни ишлаб чиқаришни «TOSHAFUS» ҚК ва «Электроаппарат – Электрошчит» ОАЖ ҚК ўзлаштирмоқда. Ишлаб чиқарувчиларда баҳолар борасида фарқ катта, шу сабабли ҳам сифат кўрсаткичларини ўрганиш билан бир қаторда баҳони камайтириш резервлари ҳам изланмоқда. Агар ҳозир Самарқанд заводининг лифти тахминан 40 млн сўм турса, «TOSHAFUS»ники 55,6 млн сўм, «Электроаппарат»ники эса 79 млн сўмга тушадиган кўринади. Хитойлик ишлаб чиқарувчилар уни 53 млн сўмга етказиб бермоқчилар.

ТШҲКФБ туман бўлинмалари, ХУМШлар уюшмалари ва ширкатлар билан биргаликда пойтахтдаги лифт хўжалигини инвентаризациядан ўтказди, – деб сўзида давом этди Алимжон Раҳимов. – Инвентаризация натижалари асосида кўтаргичларнинг паспортлари тайёрланди, унда лифтнинг ишлаб чиқарувчиси кимлиги, лифт қайси йили ўрнатилганлиги, ундан қанча муддат мобайнида фойдаланилаётганлиги, нималарини алмаштириш кераклигини, реконструкция ёки капитал таъмирлашга муҳтож-муҳтожмаслиги қайд этилди. Нормативларга кўра лифтлар 25 йил ишлатилганидан кейин махсус комиссия экспертизасидан ўтказилиши керак. Экспертиза уни бундан буён ишлатиш мумкинлиги ёки алмаштириш зарурлиги хусусида ўз хулосасини беради. Пойтахт уй-жой фондининг лифт хўжалиги 1 435 та кўп квартирали уйдаги 4 750 кўтаргичдан иборатдир. Шулардан каттагина қисми – 1 753 лифт биринчи навбатда тикланишга муҳтож эканлиги аниқланди. Булар Дастурга киритилди ҳам. Пойтахтда кўтаргичларни монтаж қилиш билан ТШҲКФБ танлов асосида саралаб олган 6 та ихтисослаштирилган ташкилот шуғулланмоқда. Лифтларни алмаштиришдан ташқари лифт ускуналарини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш назарда тутилган. Дастурга уни амалга ошириш жараёнида тегишли тузатишлар киритилди. Таъмирлаш ишларини ўтказиш ХУМШларни жалб этган ҳолда туман ҳокимликлари зиммасига юклатилди. 2013 йилда пойтахтда 546 та лифтни таъмирлаш режалаштирилган эди, асосан ширкатлар маблағлари ҳисобидан 689 лифтда тегишли ишлар амалга оширилди.

 

ХУСУСИЙ МУЛККА ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ЁРДАМ

Уй-жой кодекси ҳамда «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунга (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон) биноан лифтлар кўп қаватли уйлардаги квартира эгаларининг умумий мулки саналади. Уларни техник жиҳатидан соз ҳолатда сақлаб туриш, улардан фойдаланиш, уларни алмаштириш ва таъмирлаш моҳият эътибори билан тамомила ХУМШларнинг ишидир. Тўғри, лифт ускуналарини тиклашга қаратилган Давлат дастури хусусий мулкдорлар қўлидаги кўп квартирали уй-жой фондига кўрсатилаётган улкан амалий ёрдамдир. Уй-жой мулкдорларининг умумий мулкини алмаштиришга ҳукумат йўли билан бунчалик катта маблағ ажратган бошқа биронта мамлакатни топиб бўлмаса керак. Бугунги кунда битта кўтаргич баҳоси тахминан 55 млн сўм. Битта уйда тўртта лифтни алмаштириш зарур бўлса, демак кўп қаватли ана шу уйнинг ўзига давлат 200 млн сўмдан кўп маблағ сарфламоқда. Бу ҳазилакам маблағ эмас! Бошқа мамлакатларда бунақа ишлар ё мулкдорларнинг маблағлари ҳисобидан, ёки қарз маблағларини жалб этиш асосида амалга оширилади. Давлат квартира эгалари умумий мулки таъминотига аралашмайди. Шу сабабли ҳам кўп қаватли уйда яшайдиганлар давлатимизнинг ёрдами кўламини тўғри баҳолашлари, замонавий қимматбаҳо ускуналарни асраб-авайлашлари, қадрлашлари ва яхши сақланишини таъминлашлари керак.

Бу хусусий мулкдорлар қўлида бўлган кўп квартирали уй-жой фондига давлат йўли билан ёрдам кўрсатишга қаратилган иккинчи дастурдир. Вазирлар Маҳкамасининг 1.03.2002 йилдаги 74-сон қарори билан 1991 йилгача қурилган уй-жойларни мукаммал таъмирлаш дастури бўйича ишлар бошланган эди. Дастурнинг амал қилиши мамлакат Президентининг 25.07.2006 йилдаги ПҚ-425-сон қарори билан узайтирилди. Дастурда уйларнинг капитал таъмирланиши қийматининг 70 фоизини бюджетдан молиялаштириш назарда тутилган, квартира мулкдорлари 30 фоизини ўз маблағлари воситасида амалга оширадилар. Битта уй мисолида давлатнинг кўмаги 25-30 млн сўмга боради. Лифтларни алмаштиришда эса кўтаргичлар қийматининг 100 фоизи давлат ажратган маблағлар ҳисобидан бўлади.

 

БОРИНИ АСРАБ ҚОЛАЙЛИК

Лифт ускунасининг техник ҳолатини қай йўсинда лозим даражада сақлаб қолса бўлади, кўтаргичлар учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар борасидаги ишлар қай аҳволда деган масалалар, Раҳимовнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Пойтахтдаги лифтларнинг аксарият қисми Самарқандда ва Россия корхоналарида ишлаб чиқарилган. Самарқанд заводи ўз кўтаргичлари учун кафолат муддатини беради, эҳтиёт қисмлар билан таъминлайди. Дастур доирасида бу завод билан эҳтиёт қисмлар билан савдо қилувчи ихтисослаштирилган дўкон очиш имконияти муҳокама қилинди, аммо уни амалга ошириш муаммо бўлиб турибди. Тадбиркорлар  кам ҳажмда бўлса-да, Россиядан нималарнидир олиб келишмоқда, жойларда маҳаллий усталар кучи билан нималардир тайёрланмоқда. Бутловчи буюмлар етишмай турган бир шароитда ўғирлик ҳолатлари ҳам учраб қолмоқда. Нопок таъмирчилар деталларни бир лифтдан олиб, бошқасида фойдаланмоқдалар ёки сотмоқдалар. Бу йўналишдаги жиноятчиликни бартараф этиш ва бутловчи буюмлар захирасига эга бўлиш учун айирбошлаш фондини барпо этиш ғояси туғилган эди. Лекин иш кутилганидек бўлмади. Биз ХУМШга бориб, эски лифтни бузиб, бўлаклаб олдик, янгисини ўрнатиб, уни ширкат тимсолида квартира эгалари мулки қилиб бердик. Эски кўтаргични ихтисослаштирилган ташкилотга беришни сўрадик, ташкилот уни керакли қисмлар учун саралаб, ниманидир таъмирламоқчи, ниманидир реставрация қилмоқчи эди. Аммо одамлар бу ғояни тушуниб етмадилар. Эски лифт бизники, у – умумий мулкимиз, шундай экан уни ҳеч кимга бермаймиз деб ўзларида қолдиришди. Уларга эски лифт нимага керак? Давлат кўтаргичлар учун маблағини аямаяпти, ХУМШ эса эски темир-терсакларни қизғаняпти. Алмашув фондимиз бўлганида борми, бузилиб қолган двигатель ёки бошқа нарса учун эҳтиёт қисмни қаердан топамиз деб бош қотириб ўтирилмасди. Қисм реставрацияси учун ҳақ тўланарди, холос. Квартира эгалари узоқни кўра билмаслик ўзларига зиён эканлигини тушуниб етмаяптилар.

Лифт ускунасининг авайлаб сақланиши учун жавобгарлик ўша уйда яшовчилар зиммасида. Лифт тугмачалари куйдирилганлиги, лифт деворлари одам қараб бўлмайдиган ҳолатга келтирилганлиги, лифтда боғланиш алоқаси йўқлиги, лифтдан фойдаланиш қоидалари суғуриб ташланганлиги сингари яқин ўтмишга хос ҳолатлар ҳозирги кунда ҳам баъзи кўп қаватли уйларда учраб қолмоқда. Айрим тепса-тебранмас мулкдорлар ихтиёридаги кўтаргичлар бир неча кунлаб ишламайди. Ҳукумат лифтларни тиклаш ва алмаштиришга улкан маблағлар сарфламоқда, жой мулкдорлари эса ўзларига қарашли умумий мулкни сақлаш ҳақида ўйламаяптилар ҳам.

Дастурда лифтларга талаб даражасида хизмат кўр­сатишни ташкил этиш, уни асраш, бехатар фойдаланиш юзасидан комплекс тадбирлар ишлаб чиқиш назарда тутилган. ТШҲКФБ кўп қаватли уйларда яшовчиларга лифтлар жуда мураккаб ва қимматбаҳо ускуна эканлиги, уларни асраб-авайлаш зарурлиги ҳақида мурожаатнома тайёрлади. Бундай қараганда мурожаатнома арзимаган нарса, аммо унинг одамлар кўз ўнгида туриши квартира мулкдорларини огоҳлантириб туради. Кўтаргичларнинг техник ҳолати устидан назоратни «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси амалга оширади. Кўп қаватли уйлардаги лифтларнинг ҳолати мониторинги ҳар йили ўтказилади. Кўтаргичларга хизмат кўрсатиш иши билан тегишли лицензияси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ёки юридик шахслар шуғулланади. Лифтларга хизмат кўрсатувчи ходимларнинг, ХУМШлар ва уларнинг уюшмалари раҳбарларининг ахборот савияси ва профессионал даражасини ошириш учун семинарлар, курслар ўтказиш назарда тутилган.

Ширкатларда лифтга хизмат кўрсатувчи ташкилотларни танлаш борасида узоқ вақт муқобиллик бўлмади. Бир неча йил муқаддам аҳвол ўзгариб, бу соҳада эндигина иш бошлаган дастлабки хусусий фирмалар пайдо бўлди. Эндиликда лифт ускуналарига хизмат кўрсатиш хизматлари бозори пойтахтда шаклланиб бўлди де­йиш мумкин. Бу борада ҳозир ХУМШлар билан шартнома асосида кўтаргичларга хизмат кўрсатиб келаётган қирқдан ортиқ ихтисослаштирилган ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Яқин-яқинларгача кўп қаватли уйлардаги лифтларга хизмат кўрсатишни «Тошкентлифт» трести монополия қилиб олган эди. Унинг ширкатлар билан муносабати кўнгилдагидек эмас эди. Трест тугатилгач, «Тошкентлифтхизмати» унитар корхонаси барпо этилди ва у эндиликда бозор принциплари асосида 1 000 дан ортиқ кўтаргичлардан фойдаланиш билан шуғулланмоқда. Кўп қаватли уйда яшовчилар лифт ускуналарига хизмат кўрсатиш бозоридаги рақобатни ҳис этмоқдалар. Демак, ширкатларнинг ихтиёрида танловда муқобиллик юзага келди. 2013 йилдаги мониторинг бу соҳадаги хўжалик юритувчи субъектлар орасида қонун ҳужжатлари талабларини бузиб, лицензиясиз ишлаётганлар ҳам борлигини кўрсатди. Ана шундай бизнес тузилмаларидан 14 тасига рухсат берувчи ҳужжатлар олмагунга қадар кўтаргичлардан фойдаланиш билан шуғулланиш ман этилди.

Бизга мактуб йўллабсиз...

ЛИП ЭТИБ ЛИФТГА ЧИҚМАСАК ҲАМ...

Ширкатнинг умумий йиғилишида мажбурий бадал нималардан таркиб топажагини айтишди, лифтларга хизмат кўрсатиш ҳақи ҳам унда назарда тутилган экан. Мен биринчи қаватда яшайман, табиийки, лифтдан фойдаланмайман. Шундай экан, нима учун унга ҳақ тўлашим керак? Уйимиздаги биринчи-иккинчи қаватларда яшайдиган бошқа одамларнинг ҳам шундай саволлардан боши қотган. ХУМШдан мажбурий бадал таркибидан қуйи қаватларда яшайдиган одамлар учун лифтдан фойдаланиш ҳақини чиқариб ташлашни талаб қилишимиз мумкинми? Ана шу саволлар билан ширкатга мурожаат қилган эдик, улар бундай қилиб бўлмайди дейишди. Фойдалансак-фойдаланмасак барибир тўлаш керак эмиш. Бу адолатданми?

О.Панченко.

Тошкент шаҳри.

 

 

        – «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 28-моддасида белгиланишича, лифтлар кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг умумий мол-мулки ҳисобланади. Квартира эгалари умумий мол-мулкни, шу жумладан кў­таргичлар­ни сақлаш бў­йича умумий харажатларни биргаликда

зиммага олишлари шарт (Қонуннинг 30-моддаси). Бу мол-мулк уларга умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли эканлиги боис ҳам бундай улуш асл ҳолида ажратиб берилиши мумкин эмас (Қонуннинг 29-моддаси).

Шундан келиб чиқиладиган бўл­са, квартира эгалари фойдаланмаганлари тақдирда ҳам, лифтларни сақлаш ҳақини тўлашдан бўйин товлай олмайдилар. Бу гап тўққиз қаватли уйнинг биринчи қаватида яшайдиган ва том билан боғлиқ ишлар бизга тааллуқли эмас, шу сабабли томни сақлаш ёки уни жорий таъмирлаш харажатига алоқамиз йўқ дейдиганларга ҳам, тўққизинчи қаватда яшаб, ертўланинг сув тўлиши жабридан ўзларини холи деб ўйлайдиганларга ҳам тегишли. Бир сўз билан айтганда, умумий мол-мулк хусусий мулк – квартираларга қўшимча қилиб берилган ва бўлинмасдир. Истасак-истамасак, уни биргаликда сақламоғимиз шарт. Менга бу нарсанинг алоқаси йўқ ёки мен ундан фойдаланмайман деганлар буни ёддан чиқармасинлар.

2007 йили Тошкентнинг Сергели туманида қизиқ бир тажриба ўтказишди. Лифтга хизмат кўрсатиш харажатлари ҳақини мажбурий бадал таркибидан чиқариб, шартномани ширкат билан эмас, балки ҳар бир квартира мулкдори билан якка тартибда тузишди. Туманда «Санам-лифт» МЧЖ тузилди ва у кўп квартирали уйлардаги кў­таргичларга хизмат кўрсатиш билан шуғуллана бошлади.

Бу ХУМШга ёрдам тариқасидаги мажбурий чора бўлиб, қонун ҳуж­жатлари талабига монанд эмасди. Ширкат умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш ишларига шартнома асосида пудратчиларни жалб этиши мумкин. Тажриба ўтказилаётган жойда эса шартномалар ХУМШнинг ҳар бир аъзоси билан бевосита тузилди: мақсад лифтларга хизмат кўрсатиш ишини ва лифтлар ҳолатини яхшилаш эди. Ўшанда кўпгина ХУМШларда кредиторлик қарзлари, шу жумладан лифтчилар олдидаги қарзлар кўпайиб, жуда катта суммани ташкил этди. Квартира эгаларининг аксарияти тўловдан қочиб юрди ҳам. Натижада «Лифтремонт» трести кўтаргичларни тўхтатиб қўйди, одамлар норози бўлиб, турли жойларга шикоят ёза бошладилар.

Тажриба доирасида зиддиятлар ҳам келиб чиқди. Бир қанча уйларнинг биринчи, иккинчи ва учинчи қаватларида яшайдиганлар лифтдан фойдаланмаймиз деган важ билан шартнома тузиш ва ҳақ тўлашдан бош тортдилар. Лифт хўжалиги уларнинг умумий мол-мулки эканлигини, бу мол-мулкни ўз ҳисобларидан сақлашлари шарт эканлигини компания ходимлари уларга қайта-қайта тушунтиришга мажбур бўлдилар. Вазият юқори қаватларда яшовчилар ҳаракати билан ечим топди. Улар қуйи қават тўловларини ҳам ўз зиммаларига олишди, лифт иккинчи ва учинчи қаватларда тўхтамайдиган қилиб қўйилди. Юқори қаватдагилар тўғ­ридан-тўғри биринчи қаватга тушаверишар, пастки қаватда яшайдиганлар лифтдан фойдаланмаслигини ҳам кузатиб туришар эди. Бунинг оқибати нима билан тугади, бир нарса дейиш қийин. Тажриба бошқа жойларга ёйилмади. Лекин кўп қаватли уйлардаги кўпгина кўтаргичларнинг ҳолати профессионал хизмат кўрсатганлик самарасида анча яхшиланганлиги бор гап.

 

 

Прочитано: 3622 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2015-04-03 16:57:21, Гость_БЕЛИСС:
Куп каватли уйларнинг лифтлари хакида макола езганилар жудаям яхши, лекин буни ечимини кандай хал килишни езсангизлар ундан хам яхширок буларди, яъни ТСЖ вактида таъмирламаса, ойлик квартира туловидан ташкари яна кушима равишда пул йигса кимга мурожаат килиш керак ва лифларнинг техник эксплуатацияси буйича кандай Низом ва тартиблар бор. Илтимос шу хакда хам тулик маълумот берсанглар. Олдин рахмат.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика