ФУҚАРОЛИК НИКОҲИДА ҲУҚУҚЛАР САҚЛАНМАЙДИ
30 йил фуқаролик никоҳида яшадик. Квартирамиз катта, анча миқдорда мол-мулк жамғарганмиз. Икковимизнинг ўғлимиз 23 ёшда. Эримнинг яна икки фарзанди бор. Мен квартирага ҳақлиманми? Васиятнома тузилмаган. Эрим вафот этганидан кейин биз биргаликда рўзғор қилиб яшаганимизни қандай қилиб исботлайман?
– Сиз меросхўр эмассиз, фуқаролик никоҳидаги эрингиздан кейин ушбу квартира ва мол-мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмассиз.
Агар васиятнома бўлмаса, мерос қонун бўйича белгиланади, бунда аввало биринчи навбатдаги ворислар: болалар (уларнинг қайси никоҳдан эканлиги муҳим эмас), ота-она ва эр (хотин) чақирилади. Агар эрингизнинг ота-онаси бўлмаса ва у расмий никоҳда қайд этилмаган бўлса, мерос бўйича фарзандлар – икковингизнинг ўғлингиз ва бошқа икки бола чақирилади (Фуқаролик кодексининг (ФК) 1134, 1135-моддалари).
Биргаликда рўзғор юритганликка келсак, у турли усуллар: гувоҳларнинг кўрсатмалари, коммунал хизматлар ва турар жой учун бошқа тўловлар тўланганлиги тўғрисида квитанциялар, уй хўжалигини биргаликда юритганлигингизни (масалан, маиший техника сотиб олинганлигини ва ҳоказо) тасдиқлайдиган квитанциялар, тўловномалар, чеклар ва бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланади. Биргаликда хўжалик юритиш далилининг ўзи суд орқали белгиланади. Расмий никоҳдан фарқ қилиб, фуқаролик никоҳи Оила кодекси нормалари билан тартибга солинмайди. Мазкур ҳолда сиз Фуқаролик кодексига амал қилишингиз керак. Фуқаролик никоҳи «биргаликдаги мулк» таърифини истисно этгани боис, ушбу ҳолда «умумий улушли мулк» таърифи ишлатилади. Умумий мулк борасида юзага келадиган муносабатлар ФКнинг 18-бобида тартибга солинади. Агар қуйидагилар исботланса, фуқаролик никоҳидаги мол-мулк умумий мол-мулк бўлиб ҳисобланади: 1. Биргаликда яшаганлик далили. 2. Умумий рўзғор юритилганлиги. Бундай муносабатлар оилавий муносабатларга жуда ўхшаш. 3. Биргаликда яшаганлик ва умумий рўзғорни юритиш далили фуқаролик никоҳида бўлган шахслар мол-мулки тақсимламаганлиги ва уни умумий мол-мулк деб ҳисоблаганлигини кўрсатади.
Одатда умумий мол-мулкни харид қилишга ким қанча суммани сарфлаганлигини аниқлаб бўлмаслиги қийинчилик туғдиради. Бунинг учун ФКнинг 217-моддаси қўлланади. Унга кўра агар умумий мулк иштирокчиларининг улушлари қонун асосида белгиланиши мумкин бўлмаса ҳамда унинг барча иштирокчилари келишуви билан белгилаб қўйилган бўлмаса, барча улушлар тенг деб ҳисобланади. Агар сиз мол-мулкка бўлган ҳуқуқларингизни суд тартибида ҳимоя қилишга қарор қилган бўлсангиз, даъво аризаси ёзишингиз керак бўлади, унда қуйидаги бандлар бўлиши лозим: 1. Мол-мулк харид қилинишининг барча ҳақиқатдаги ҳолатлари батафсил баёни. 2. Мол-мулкни харид қилиш далилларини тасдиқлаши мумкин бўлган ҳужжатларнинг рўйхати. 3. Биргаликда яшаганлик, умумий хўжалик юритганлик, йирик харидлар қилинганлик далилини тасдиқлаши мумкин бўлган гувоҳларнинг рўйхати (қариндошлар, танишлар, дўстлар). 4. Қийматини кўрсатган ҳолда сиз даъво қилаётган мол-мулкнинг рўйхати. Нарх ҳужжат билан тасдиқланиши керак. 5. Сиз низолашилаётган мол-мулкни муайян сабабларга кўра (биргаликдаги пулга, биргаликда фойдаланиш учун харид қилинган ва ҳоказо) умумий деб ҳисоблаётганингиз албатта кўрсатилиши керак.
НАВБАТДА БИРИНЧИЛАР ЈАТОРИДАСИЗ
Эримнинг биринчи никоҳидан ўғли бор. Биз уй сотиб олдик ва уни менинг номимга расмийлаштирдик. Эрим ва икковимизнинг қизимиз ушбу уйга прописка қилинган. Эримнинг ўғли отаси вафот этган тақдирда унинг улушига ҳақли бўладими?
– Қонун бўйича мерос олишда меросхўрлар навбат тартибида меросхўр бўлишга чақириладилар. ФКнинг 1135-моддасига кўра мерос қолдирувчининг болалари, эри (хотини) ва ота-онаси қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.
Шу тариқа, эрингизнинг биринчи никоҳдан ўғли қонун бўйича биринчи навбатдаги ворис ҳисобланади ва отасининг мол-мулкига бошқа ворислар билан баравар ворис ҳисобланади. Эрингиз васиятнома тузиб, ворислар сифатида фақат ўзининг хотини ва қизини кўрсатиши мумкин.
ЈОНУН Б¤ЙИЧА МУМКИН ЭМАС
Онамнинг акаси вафот этди. Унинг хотини бор. Болалари ва ота-онаси вафот этиб кетган. Аёл тоғамнинг меросига эга бўлиш ҳуқуқига эгами?
– Қонун бўйича меросга эга бўлганда меросхўрлар мерос олишга навбат тартибида чақирилади. ФКнинг 1135-моддасига кўра қонун бўйича биринчи навбатдаги меросхўрлар бўлиб мерос қолдирувчининг болалари, хотини ва ота-онаси ҳисобланади.
Афсуски, онангиз қонун бўйича ўз акасининг вориси бўлиш ҳуқуқига эга эмас, чунки биринчи навбатдаги ворис – унинг хотини бор. Тоғангиз мол-мулкини онангизга васият қилиб қолдирган васиятнома бўлганда – бошқача иш юритилган бўларди.
ЈОНДОШ Б¤ЛГАН ЈАРИНДОШ ДОИМ ҐАМ ЈАРИНДОШ ҐИСОБЛАНАВЕРМАЙДИ
Мен 3 ёшга тўлганимда ота-онам ажрашиб кетишган. Отам мени тарбиялаб катта қилмаган ва алимент тўламаган. Мени онамнинг янги эри фарзанд қилиб олган. Мен онамнинг фамилияси ва ўгай отамнинг ота исмини олганман. Яқинда ўз отам вафот этди. Унинг квартираси қолди. Мен меросда улуш олишим мумкинми?
– Қонун бўйича фарзандликка олинганлар ва фарзандликка олувчилар туғишган қариндошларга тенглаштириладилар, шу сабабли фарзандликка олинган шахс (ва унинг авлодлари) ўзининг фарзандликка олувчилари ва уларнинг шундай дея эътироф этилган қариндошлари вафот этганидан кейин қариндош каби мерос олади. Фарзандликка олиш (умумий ҳолатда) туғишган қариндошлар билан юридик алоқага барҳам бериши боис, фарзандликка олинган шахс ўзининг қондош ота-онаси ва уларнинг қариндошлари вафот этганидан кейин мерос олмайди, улар эса бошқа шахслар фарзандликка олган ўз боласи (ва унинг авлодлари) вафот этганидан кейин мерос олмайдилар (ФКнинг 1134-моддаси).
Қондош отангиз васиятнома қолдирган ва квартирани сизга васият қилган бўлса, бошқа масала, чунки фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга васият қилиши мумкин (ФК 1120-моддасининг учинчи қисми).
ЁШЛИК ЈИЛИБ СОВ¢А ЈИЛДИ,
ЭНДИ УЛУШНИ СОТИБ ОЛИШИ КЕРАК
2012 йилда онам вафотидан кейин (отам аллақачон вафот этган эди) опам менга меросдан унинг фойдасига воз кечишни таклиф қилди, шундай қилсам сансалорлик кам бўлишини, вақти келиб у ҳадяномани қайтадан менинг номимга ёзиб беришини ваъда қилди. Ёш ва соддалигим туфайли, етим бўлиб қолгач опам бирдан-бир қондошим дея ишониб, унинг илтимосини бажардим. Ҳозирда опам ўз улушини сотиб олишни таклиф қиляпти. Ахир бу адолатсизликку, мен совға қилгандим, уни қайтадан сотишга ундашяпти. Меросдан воз кечганим хусусида низолашсам бўладими?
– ФКнинг 1147-моддасига мувофиқ меросхўр қонун бўйича ва васиятномага кўра мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали меросдан воз кечишга ҳақли. Қонунда мерос очилгандан кейин бундай ариза билан мурожаат қилиш мумкин бўлган вақт чегараланмаган (Олий Суд Пленумининг 20.07.2011 йилдаги 5-сон қарорининг 19-банди).
Меросдан воз кечиш тўғрисида ариза берган меросхўрнинг кейинчалик уни бекор қилиши ёки қайтариб олиши мумкин эмас. Бундай воз кечиш фақат суднинг ҳал қилув қарори ва қонун томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун белгиланган асослар бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин (ФКнинг 113–128-моддалари).
Сизнинг меросдан воз кечишингиз нотариус томонидан тасдиқланган бўлса керак, демак ўша пайт нотариус меросдан воз кечиш хоҳиши айни сизнинг хоҳишингиз эканлигини аниқлаган. Бинобарин, судда кимнингдир таъсирида ва янглиштириш йўли билан воз кечганингизни исботлаш ғоятда қийин бўлади.
Юқорида айтилганидек, фақат суд тартибида меросдан воз кечиш хусусида низолашиш мумкин. Бироқ бунинг учун жиддий далил-исботлар ва воз кечиш тўғрисидаги ариза алдаш ёки янглиштириш йўли билан ёки таҳдид остида ёзилганлигини тасдиқлайдиган гувоҳларни тақдим этиш керак. Фақат ана шундай жиддий далиллар меросдан воз кечишни ҳақиқий эмас деб топиш учун салмоқли ҳисобланиши мумкин. Ёш ва содда бўлганингиз, оғзаки келишиб олганингиз сингари, афсуски, воз кечишни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўла олмайди.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.