Norma.uz

Текширувдан ўтказув учун қўлланма

Газ ҳисоблагичларини текширувдан ўтказиш тартиб-таомили ниҳоят истеъмолчилар учун янада тушунарли ва очиқ-ошкор бўлади деб ишонгимиз келади. Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом («Ўзстандарт» агентлиги ва Ўзнефтгазинспекциянинг АВ томонидан 30.07.2014 йилда 2604-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) ушбу масала атрофида бир неча йилдан бери сўнмай келаётган зиддиятлар, низолар, тушунмовчиликларга нуқта қўйиши керак бўлган, узоқ вақтдан бери кутилаётган ҳужжатдир.

 

Аслида ҳам муаммо узоқ вақтдан бери авж олиб келган эди. Аниқ регламентнинг йўқлиги, қонун ҳужжатларидаги ноаниқликлар таъминотчилар томонидан суиистеъмолликларни туғдирди. Кишиларга текширувни ўз вақтида ўтказмаганлиги учун асоссиз жуда катта қарз суммалари ёзилган. Ушбу масалага бундай кескин ёндашганлик учун газ таъминоти ташкилотлари коммунал хизматларнинг «энг радикал таъминотчиси» деган номни олдилар. Газ таъминоти корхоналарига доир шикоятлар бемисл тус олди. Шу сабабли текширувдан ўтказиш механизмини белгилайдиган ҳужжатга эҳтиёж жуда юқори эди.

Низом текширувдан ўтказиш чоғида уйда яшовчиларнинг ҳаракатлари кетма-кетлигини батафсил тартибга солади. Текширувни ўтказиш тўғрисидаги огоҳлантиришнинг зарурлиги белгиланганлиги аҳамиятлидир. Бу нореал қарзлар ҳисоблаб ёзилганда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг талабидир. Тарафларнинг ихтилофларига йўл қўймаслик учун Низом истеъмолчиларни текширувдан ўтказиш, аризаларни кўриб чиқиш, асбобларни ўрнатиш, олиш, текширув ишларини ўтказиш муддатларини белгилади. Ҳужжатни ижро этиш амалиёти қандай бўлишини вақт кўрсатади. Муҳими, аҳолини унинг асосий қоидалари тўғрисида хабардор қилиш. Шу сабабли қуйида текширувчилар учун муфассал йўриқномани таклиф этамиз. Йўриқнома текширувдан ўтказиш тартиб-таомили оддий ва тушунарли бўлиши учун нималарни билиш, нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида фойдали кўрсатмаларни бериши мумкин.

 

1-қадам.

Газ ҳисоблагичларни текширувдан ўтказишни бошлашдан аввал нималарни билиш керак (Низомнинг 1-боби)

1. Истеъмолчи газни ҳисобга олиш асбобларини навбатдаги текширувдан ўтказиш аввалги текширувдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин амалга оширилишидан хабардор бўлиши керак. Текширувдан ўтказишлар орасидаги интервал жисмоний шахслар учун 4 йилда бир марта, юридик шахслар учун 2 йилда 1 мартани ташкил этади. Пломба шикастланганда, ҳисоблагични қайта созлаш зарурати юзага келганда навбатдан ташқари текширувдан ўтказиш амалга оширилади. Газни ҳисобга олиш асбобларининг бузилмаганлиги ёки уларнинг фойдаланишга яроқлилиги масалалари вужудга келганда, метрологик тавсифлар билан боғлиқ низолар туғилганда эксперт текширувдан ўтказиш зарур.

2. Газни ҳисобга олиш асбобларини текширувдан ўтказишни давлат метрология хизмати органлари амалга оширади.

 

2-қадам.

Текширувдан ўтказиш учун ҳисоблагич қандай ечиб олинади (Низомнинг 2-боби)

1. Газ таъминоти корхонаси яшовчиларни ҳисоблагични навбатдаги текширувдан ўтказиш лозимлиги тўғрисида аввалги муддат тугашидан 30 кун олдин ёзма равишда огоҳлантириши керак. Бунда ўз вақтида огоҳлантириш учун жавобгарлик газ таъминоти корхонаси зиммасига юкланади.

2. Бирор ҳолда истеъмолчи ҳисобга олиш асбобини ўзи мустақил равишда ечиб олиши ёки бунга бегона шахсларни жалб этиши мумкин эмас. Ҳисоблагични фақат газ таъминоти ҳудудий корхонаси мутахассислари ечиб олишлари керак.

3. Газ таъминоти ташкилотига текширувдан ўтказиш учун газни ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш тўғрисида ариза билан мурожаат этиш лозим.

4. Туман газ идораси ходими ариза берилган кундан бошлаб 5 иш куни давомида истеъмолчининг иштирокида текшириш учун ҳисоблагични ечиб олиши керак.

5. Ҳисоблагични ечиб олиш вақтида газ таъминоти ташкилоти ходими газдан фойдаланувчининг иштирокида ҳисобга олиш асбобида ўрнатилган пломбаларнинг бутлигини текширади.

6. Ҳисоблагич жойидан олингандан кейин 2 нусхада белгиланган намунадаги далолатнома тузилади. Улардан бири газни ҳисобга олиш асбоби билан биргаликда истеъмолчига берилади.

7. Ҳисоблагич ечиб олинганидан кейин газ таъминоти корхонаси ходими истеъмолчининг хоҳишига кўра уни газ тармоғига ҳисобга олиш асбобисиз улаши ёки тармоқдан вақтинча узиб қўйиши мумкин, бу ҳол далолатномада акс эттирилиши керак.

8. Газ тармоғига газни ҳисобга олиш асбобисиз уланган тақдирда газдан фойдаланганлик учун ҳақ қонун ҳужжатлари билан белгиланган қоидага мувофиқ тўланади.

 

3-қадам.

Ҳисоблагич текширувдан ўтказишга қандай қилиб топширилади (Низомнинг 3-боби)

1. Газни ҳисобга олиш асбоби уни ечиб олиш далолатномаси билан бирга давлат метрология хизмати органига топширилади.

2. Метрология хизмати ходими ҳисоблагични тегишли журналда рўйхатдан ўтказиши керак.

3. Агар газ ҳисоблагичида текширувдан ўтказиш учун зарур маълумотларни (ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, тури, маркаси, рақами ва ҳоказо) кўришнинг имкони бўлмаса, метрология хизмати органи истеъмолчидан ҳисобга олиш асбобини текширувдан ўтказиш учун қабул қилишни рад этади.

4. Ҳисоблагични қабул қилиш чоғида истеъмолчи билан метрология хизмати органи ўртасида шартнома тузилади.

 

4-қадам.

Ҳисоблагични текширувдан ўтказиш ва таъмирлаш чоғидаги ҳаракатлар (Низомнинг 4-боби)

1. Газ ҳисоблагични давлат метрология хизмати органи 3 кун давомида текширувдан ўтказади.

2. Текширувдан ўтказиш натижаси ижобий бўлганда ҳисобга олиш асбоби фойдаланишга яроқли деб эътироф этилади. Метрология хизмати истеъмолчига текширувдан ўтказилганлиги тўғрисида сертификат беради.

3. Ҳисоблагични метрология хизмати органи пломбалайди.

4. Текширувдан ўтказиш натижаси салбий бўлганда ҳисоблагич фойдаланишга яроқсиз деб эътироф этилади, худди шу куни метрология хизмати ходими бу ҳақда истеъмолчига хабар беради.

5. Газ ҳисоблагичи фойдаланишга яроқсиз деб эътироф этилганда истеъмолчи уни таъмирлаш учун «Ўзстандарт» агентлиги аккредитациялаган ташкилотга топшириши ёки Ўлчов воситалари давлат реестрига киритилган ва текширувдан ўтган бошқа газни ҳисобга олиш асбобидан фойдаланиши мумкин.

6. Газни ҳисобга олиш асбобларини таъмирловчи ташкилот ҳисоблагични техник текширувдан ўтказиш натижалари бўйича 2 нусхада далолатнома тузади, уларнинг бирини истеъмолчига топширади.

7. Метрология хизмати ходими шу ернинг ўзида таъмирланган ҳисоблагични текширувдан ўтказиши мумкин.

8. Текширувдан ўтказиш натижаси ижобий бўлганда шу куннинг ўзидаёқ у ҳисоблагични текширувдан ўтказиш сертификатини расмийлаштиради ва уни пломбалайди.

 

5-қадам.

Текширувдан ўтказилган ҳисоблагич қандай қилиб ўрнатилади (Низомнинг 5-боби)

1. Истеъмолчи ҳисоблагич ўрнатиш тўғрисида ариза билан газ таъминоти ташкилотига мурожаат қилади. Туман газ идораси вакили ариза қабул қилингандан кейин 2 кун давомида уни ўрнатиши керак.

2. Ҳисоблагични ўрнатиш олдидан у текширув ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатнинг мавжудлиги ва пломбаларнинг бутлигини текширади. Истеъмолчи унга сертификат нусхасини тақдим этиши керак.

3. Ҳисоблагич ўрнатилганидан кейин газ таъминоти ташкилоти вакили газ тармоғига улаш штуцерларини пломбалайди ва 2 нусхада тегишли шаклда далолатнома тузади, улардан бирини истеъмолчига беради.

4. Ҳисоблагич рўйхатдан ўтказилади. Газ истеъмоли ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларига кўра ҳисобланади.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 2507 раз(а)

Комментарии к статье (2)

2016-01-22 21:52:36, Гость_xolbux@mail.ru:
Электр токини хисоблагич тугрисида хам шундай маълумот берсангизлар нур устига аъло нур булар эди!
2016-01-24 15:28:36, Гость_tohir123@umail.uz:
Жуда хам керакли ва зурур маълумот.Рахмат исьтемолчиларни уйлайдиганлар хам бор экан.
Энда навбат иссик сув ва совук сувларни хисоблаш тартиби тугрисида маълумот берсангиз барака топган булардингиз!Сабаб  юкоридаги хисоблаш тартибини мьеёрий хужжатларда акс эттирилмаган. Мисол учун мен совук сувни хатини хисоблагич буйича хисоблаб туласам, таъминчининг маълумотига кура бошкача килиб хиоблашган!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика