Norma.uz

УЖКХга шикоятлар рейтингда етакчилик қилади

Уй-жой-коммунал хўжалиги соҳаси хусусидаги шикоятлар Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг (бундан кейин – Қўмита) реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармасига келаётган мурожаатлар орасида етакчи ўринларни эгаллашда давом этмоқда. 2014 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича улар 60%дан ортиқни ташкил этди. Бу шикоятларнинг энг кўпи – 56,4%и газ таъминоти ташкилотлари, 13,5%и электр таъминоти, 7,9%и иситиш тизими, 6,9%и иссиқ сув таъминоти, 8,4%и ХУМШ, 0,9%и маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари устидан қилинган шикоятлардир.

Яқин вақт ичида ушбу рақамлар яхши томонга ўзгариши мумкин. Бунга коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари1 (бундан кейин – Қоидалар), шунингдек Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг2 тасдиқланиши умид бағишлайди. Янги ҳужжатлар илгари таъминотчилар билан истеъмолчилар ўртасида жиддий зиддиятларни вужудга келтирган кўп масалаларни тартибга солади. Қўмита ходимлари Қоидалар лойиҳасининг экспертизасини амалга оширдилар, газ ҳисоблагичларини текширувдан ўтказиш механизмини тартибга солиш учун саъй-ҳаракат қилдилар. Истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриш давомида улар уй-жой-коммунал хўжалиги корхоналари фаолиятини яхшилашга доир амалий таклифлар билдиришди.

 

 

ҲУҚУҚ БОР ЖОЙДА МАЖБУРИЯТ ҲАМ МАВЖУД

Фуқаролар коммунал хизматлар соҳасида аниқ нималар устидан шикоят қиладилар? Қўмитанинг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Дилшод АЗИМОВнинг айтишича, иссиқлик таъминоти соҳасида кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақни асоссиз ундириш бобида шикоятлар кўп.

Сўз иситишнинг мавжуд эмаслиги хусусида боряпти. Бизнинг асосий ёндашувимиз қуйидагича: истеъмолчи кўрсатилган хизмат учун ҳақ тўлаши керак. Бироқ мурожаатларни ўрганиш чоғида савол туғилади: аҳволни ўзгартириш учун унинг ўзи қандай қадамларни қўйди? Кўпчилик ҳолларда – ҳеч қандай. Биринчидан, фуқароларнинг аксарияти бундай вазиятларда ўзини қандай қилиб тўғри тутишни: қаерга мурожаат қилиш; далолатномани қандай қилиб тўғри тузиш; унда иссиқлик қувватининг қандай параметрлари қайд этилиши кераклиги; уни ким имзолаши кераклиги; бир тараф буни қилишдан бош тортганда қандай йўл тутиш; истеъмолчилар ва таъминотчилар қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгалиги ва ҳоказоларни билмайди. Бундай ҳаракатларнинг аниқ қонун-қоидаларини янги Иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 1-илова) ўз ичига олган.

Иккинчидан, мурожаатлар устида ишлаганда биз амалда таъминотчилар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг биргаликдаги фаолиятини кўрмадик. Иситиш йўқ бўлса, иссиқлик таъминоти ташкилотларининг ходимлари барча муаммолар уй ичидаги тармоқларга бориб тақалади, бунга эса ХУМШ жавобгар дейишади. Ширкатлар эса айбни таъминотчиларга юклаб, уйдаги тармоқларга белгиланган параметрларга мувофиқ келмайдиган иссиқлик қуввати юборилади деб таъкидлашади. Янги Қоидалар истеъмолчиларга энг яқин турувчи тузилма сифатида ХУМШ ролини, шунингдек тақдим этилаётган хизмат учун таъминотчининг жавобгарлигини кучайтиради.

Учинчидан, иссиқлик бўлмаслигига кўпинча истеъмолчиларнинг ўзлари айбдор бўладилар, зеро таъмирлаш ишлари вақтида ўз орзуларига эрк бериб, бу ишларининг қўшнилар учун оқибатлари хусусида ўйлаб ҳам ўтирмасдан иситиш тизимининг жойини ўзгартирадилар. Бу эса, албатта, уй ичидаги тармоқларнинг ишига салбий таъсир кўрсатади ва бунинг устидан назорат кучайтирилиши керак.

 

ДЕМОНТАЖ ҚИЛИШ АВВАЛГИДЕК ТАҚИҚЛАНГАН

Қоидалар истеъмолчиларнинг иссиқлик ускуналарини демонтаж қилиш масаласини тартибга солиш билан боғлиқ умидларини оқламади. Янги ҳужжат ҳам, худди аввалгидек, бундай қилишни тақиқлайди. Таъминотчилар демонтаж қилинган ускунани тиклашни ва у йўқ бўлган бутун давр учун, ҳатто квартира ёки бутун уйда иссиқлик бўлмаганлигига қарамай, ҳақ тўлашни талаб қиладилар. Бу – асосланмаган талаблар. Иссиқлик таъминотчилари шундай далил келтиришади: ширкат тимсолида мулкдорлар уй ичидаги тармоқларнинг бузилмай ишлаши, уларни сақлаш тўғрисида ғамхўрлик қилишлари керак. Бу, албатта, тўғри. Бироқ агар уйда яшовчиларга бир неча йил мобайнида хизмат кўрсатилмаган бўлса, улар нимага ҳақ тўлашлари керак? Биз иссиқлик таъминоти ташкилотларига, уларнинг талаблари лоақал истеъмолчига демонтаж қилинган ускунани тиклаш зарурлиги тўғрисида кўрсатма берилган кундан бошлаган даврга татбиқ этилиши кераклиги ҳақида хатлар юборяпмиз.

Бир-икки квартира эгасининг қарздорлиги туфайли бутун уйда яшовчиларга иссиқлик қувватини узиб қўйишганлиги тўғрисида шикоятлар бор. Бу ҳол истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларини қўпол бузиш ва ҳалол тўловчиларнинг ҳуқуқларини камситиш учун асос бўлолмайди. Бундай ҳолларда ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисида хатлар ва кўрсатмаларни юборамиз. Иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларининг 71-бандига кўра, етказиб берувчи тўлов шартномада назарда тутилган муддатларда амалга оширилмаганда; истеъмолчилар иссиқлик таъминоти тизимларига ўзбошимчалик билан уланиб олганда; етказиб берувчининг вакиллари ҳисобга олиш асбобини кўздан кечириш ва уларнинг кўрсаткичларини ёзиб олиш учун ҳисобга олишнинг умумий ва индивидуал ҳисобга олиш асбобларига сабабсиз қўйилмаслиги ҳолларида иссиқлик энергияси беришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиш чора-тадбирларини кўриш ҳуқуқига эга. Зеро у етказиб бериш тўхтатилиши хусусида камида 2 сутка олдин истеъмолчини ёзма равишда огоҳлантириши керак.

Мавсумий мурожаатлар жумласига ёз даврида иссиқ сув ҳароратини пасайтириш хусусида шикоятлар бор. Бу ҳол мавсумлар ўртасида кўп қаватли уйларнинг иссиқ сув таъминоти тизимларида циркуляция линиясининг йўқлиги билан изоҳланади. Натижада иссиқ сув ортиқча сарфланади, бу ҳисобга олиш асбоблари бўйича уни истеъмол қилишга ҳақ тўлашда ўз аксини топади. Ушбу муаммони иссиқлик таъминоти корхоналари ҳал қилади. Ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозланган квартираларда иссиқ сув таъминоти учун ҳисоб-китобларда иссиқ сувнинг совиш коэффициенти қўлланади.

 

КВАРТИРА КЕНГАЙДИ

Яна бир қизиқ масала. Кўп истеъмолчилар иситиш учун қарзлари уларнинг квартиралари ... тўсатдан кенгайганлиги сабабли пайдо бўлганлигини билиб жуда ҳам ҳайратландилар. Гап шундаки, 2002 йилда Тошиссиқликқуввати ва ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати (бундан кейин – ТТБ) билан ҳамкорликда ўтказилган инвентаризация натижасида турар жойлар майдони аниқлаштирилди ва иситиш учун ҳақ буни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб ёзила бошланди. Натижада кўпгина яшовчиларда квартиранинг дастлабки режасида бир уй-жой майдони белгиланган бўлса, кейингисида бошқа майдон пайдо бўлди. Бунда тафовутлар кўпайди ҳам, камайди ҳам. Иссиқлик таъминотчилари шартномаларни тузишда ТТБнинг охирги маълумотларидан фойдаландилар. Майдон кўпайганда 6–10 йил учун фарқ қўшимча ҳисобланди. Таъминотчиларнинг исботлашларича, иссиқлик қуввати ТТБнинг охирги маълумотларини ҳисобга олган ҳолда тўлиқ ҳажмда етказилган, шу сабабли истеъмолчилар қўшимча тўлашлари шарт. Бу масала албатта низоли. Биз ТТБга гап нимадалигини, турар жойлар майдони нимага асосан ўзгартирилганлигини тушунтириб беришларини сўраб мурожаат қилдик. Таъминотчилар истеъмолчиларни маълумотларни солиштириш, шартномаларни қайта тузиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилишлари керак эди. Биз истеъмолчиларга нисбатан асосланган даъволарни 3 йилни ташкил этадиган даъво муддати доирасида изҳор қилишларини талаб қиламиз. Яна бир жиҳат. Таъминотчилар талабларини фақат квартира майдони кенгайган тақдирда қўядилар. У камайган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида сўз бормайди. Бундай бир тарафлама ёндашув истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузади. Биз қайта ҳисоб-китоб иккала ҳолда ўтказилиши хусусида кўрсатмалар юборамиз.

 

УЗИЛ-КЕСИЛ ҲАЛ ҚИЛАЙЛИК

Минтақалардаги муаммолар маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш билан боғлиқдир. Кўпинча бу ҳол чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали кўрсатилиши керак бўлган шартномаларнинг йўқлиги туфайли вужудга келади. Бунда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишидан ташқари, сўз нарх белгилашдаги бузилишлар тўғрисида ҳам боряпти. Зеро хизмат кўрсатиш нархига автотранспорт харажатлари ҳам киритилади. Агар тегишли транспорт воситаси жадвал бўйича белгиланган ҳафтасига уч марта ўрнига бир мартадан келса, демак ёнилғи-мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар, ҳайдовчи ҳақи тежалмоқда, бу нарса нархда ўз аксини топиши керак.

Электр таъминоти борасида аҳоли тез-тез ўчириб қўйишлар, назоратчилар томонидан электр ҳисоблагичларидан пломбаларнинг олиниши хусусида шикоят қилади. Бунда ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини абонент ҳозирлигида қайд этишнинг аниқ тартиби бўлиши керак. Ҳисоблагич бегоналардан ҳимояланиши керак.

Агар ҳисоблагичлар йўлакларда эмас, балки истеъмолчиларнинг квартираларида бўлганда муаммолар вужудга келмаслиги мумкин эди, бироқ буни Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари3 тақиқлайди.

Мурожаатларнинг гувоҳлик беришича, истеъмолчилар учун газ таъминоти корхоналари билан муносабатлар ўрнатиш мушкулроқ. Бунда сўз нореал қарзларни ҳисоблаб ёзиш тўғрисида боряпти. Биз реал суммага чиқиш ва муаммоларни узил-кесил ҳал этиш, сохта қарзларни инвентаризациялаш, улар таркибини ўрганишни талаб қилдик. Ҳозир таъминотчилар шу йўналишда ишлашяпти, ҳар бир уйнинг паспортини тузишяпти. Унинг якунларига кўра қарз нималардан ташкил топганлиги аниқ-равшан бўлади. Нореал қарзларни ўрганамиз, улар ҳисобдан чиқарилишини талаб қиламиз. Газ ҳисоблагичларини текширувдан ўтказиш тарафлар ўртасида зиддиятларни вужудга келтирадиган муҳим муаммолардан биридир. Яқин вақтгача ушбу жараённи тартибга солувчи пухта механизм йўқ эди. Агар истеъмолчи газ ҳисоблагични ўз вақтида текширувдан ўтказмаса, таъминотчилар ўз-ўзидан унга 4 йил учун тўлов ҳисоблаб ёзардилар. Бироқ агар истеъмолчини текширувларни ўтказиш орасидаги интервал тугаганлиги ва ҳисоблагични текширувдан ўтказиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилмаган бўлишса, демак тўловни ҳисоблаб ёзишга ҳам асос йўқ. Ушбу масала «Ўзтрансгаз» АК билан бирга бир неча марта муҳокама қилинди. Биз ушбу идорага истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда муаммони бартараф этиш бўйича таклифларни тақдим этдик. Бир неча ой аввал тасдиқланган Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тарафлар ўртасидаги ихтилофларни бартараф этишга имкон беради.

 

1ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарори билан тасдиқланган.

2«Ўзстандарт» агентлиги ва Ўзнефтгазинспекциянинг АВ томонидан 30.07.2014 йилда 2604-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3ВМнинг 22.08.2009 йилдаги 245-сон Қарорига 1-илова.

 

Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 1195 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика