Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 6 / Бизнинг лойиҳалар

Ҳисоб сиёсати текширувчи учун эмас, корхона учун керак

«NORMA» профессионал ривожланиш марказида бугунги кунда бухгалтерлар, молия ходимлари ва аудиторлар учун ниҳоятда долзарб мавзу – «2013 йил юзасидан йиллик молиявий ҳисобот» мавзусида семинар ўтказилмоқда. Иштирокчилар амалий семинар асносида йиллик молиявий ҳисобот тузишга доир малакали тавсияларга эга бўлдилар, ўз саволларига жавоб олдилар.

 

Семинарни олиб борувчилар ўтган йил юзасидан йиллик ҳисоботни тайёрлаш босқичлари, инвентаризация ўтказиш ва унинг натижаларини бошланғич ҳисоб ҳужжатларида расмийлаштириш тўғрисида 2014 йил учун ҳисоб сиёсатини қабул қилиш, шу аснода йўл қўйиладиган айрим хатолар ҳақида гапириб бердилар. Улар ўтган йили қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам муфассал шарҳлаб бердилар, негаки бу ҳужжатларнинг талаблари бухгалтерия ҳисобини юритишда ва 2013 йил юзасидан молия ҳисоботини тузишда инобатга олиниши зарур.

Бухгалтерия ҳисобига оид қонун ҳуж­жат­ларига киритилган ўзгартишлар ай­ниқ­са жонли қизиқиш уйғотди ва қизғин муҳокама этилди. Хусусан, «Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби» Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартига1 (22-сон БҲМС) киритилган қўшимчалар хўжалик юритувчи субъектларга валюта курсидаги тафовутларни баланс валюта сатрларининг ҳар хил турлари бўйича киритишнинг тегишли усулларини қўллаш имкониятини берди. Эндиликда уларнинг бир неча усулини қўллаш мумкин, ҳисоб сиёсатида акс эттириш унутилмаса бўлди. Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомга2 «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонунда (29.04.2004 йилдаги 611-II-сон) белгиланган тартибда электрон ҳужжатларни барпо этиш ва қўллаш мақсадида ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар киритилди. Кичик бизнесга бухгалтерия ҳисобини соддалаштирилган тартибда ёки комбинациялашган усулда юритиш имкониятини берадиган янги «Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан бухгалтерия ҳисобини юритишнинг соддалаштирилган тартиби» 20-сон БҲМС3 тасдиқланди.

Семинарда шу нарса таъкидлаб ўтил­дики, 8510-«Узоқ муддатли актив­ларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағи бўйича асосий фондларни қайта баҳолаш натижасини бухгалтерия ҳисобида акс эттиришда қўшимча баҳолаш бўлган тақдирда асосий воситалар объектининг дастлабки (қайта тик­лаш) қиймати билан жамғарилган эскириши суммалари ўртасидаги тафовут суммаси акс эттирилади. Объектларни арзонлаштириш суммасига қуйидаги ёзувлар қайд этилади:

асосий воситалар эскиришини ҳисобга олувчи ҳисобварақлар дебети (0200) – асосий воситалар, шунингдек молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситалар жамғарилган эскиришини арзонлаштириш суммасига;

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳи­соб­варағи дебети – илгари қайта баҳо­ланган асосий фондлар объектларининг қўшимча баҳолаш суммаси ёки аввалги қўшимча баҳолашлар суммаларининг асосий фондлар ушбу объектини аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошадиган суммаси доирасида арзонлаштириш суммасига;

9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағи дебети – ушбу объект­ни арзонлаштиришнинг илгари қайта баҳоланган асосий фондлар мазкур объектини қўшимча баҳолаш суммасидан ёки аввалги қўшимча баҳолашлар суммаларининг асосий фондлар ушбу объектини аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошадиган суммасига (яъни арзонлаштириш суммасининг, асосий фондларнинг мазкур объекти бўйича 8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағида ҳисобга олинадиган қолдиқ суммасидан ошишига);

асосий воситаларни (0100), молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни (0300), капитал қўйилмаларни (0800), ўрнатиладиган асбоб-ускуналарни (0700) ҳисобга олувчи ҳисобварақлар кредити – асосий фондлар объектларининг бошланғич (қайта тиклаш) қийматининг арзонлаштириш суммасига.

Ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишга каттагина эътибор қаратилди. Тадбирни олиб борувчилар қайд этиб ўтганларидек, бугунги кунда, таассуфки, корхоналарда бундай сиёсатни шакллантиришга ёндашувда етарлича жиддийлик кўринмаяпти, бухгалтерларнинг аксарияти бу ишни фақат текширувчи идоралар учун амалга оширадилар, холос. Бироқ ҳисоб сиё­сати, энг аввало, корхона манфаатлари учун амал қилади. Бу сиёсат корхонанинг ўзига хос жиҳатларини, фаолият хусусиятларини акс эттирмоғи лозим. Ҳисоб сиёсати молия-календарь йил мобайнида қайта кўриб чиқилмайди. Борди-ю, йил якунлари бўйича унда кўрсатиб ўтилган мезонлар маълум сабабларга кўра бухгалтерга ёки раҳбарга маъқул келмай қолса, келаси молия йилида уни қўллашни қайта кўриб чиқиш мумкин, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Экспертлар молия-бухгалтерия ахборотларини ўрганиб ва таҳлил этиб, ҳисоб сиёсатига ҳар йили ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб боришни тавсия қилдилар. Аммо ҳисоб сиёсатини муддатсиз қилиб шакллантирмаслик керак. Зотан, қонун ҳужжатлари ўзгариб туради. Раҳбарият келгусида, айтайлик, амортизациянинг пасайтирилган нормаларини қўллаш учун уларни ҳисоб сиёсатида мустаҳкамлаб қўймоғи лозим.

Семинарнинг кўпчилик иштирокчиларини молиявий ҳисоботдаги хатоликларни тузатиш тартиби қизиқтирди. Экспертлар таъкидлаб ўтганидек, Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларнинг4 15-бандига биноан, жорий ҳамда ўтган йил ҳисобот маълумотларидаги (улар тасдиқланганидан кейин) тузатишлар маълумотлар бузилганлиги аниқланган ҳисобот даври учун тузилган ҳисоботда амалга оширилади, бинобарин шу ҳисобот даври (йил чораги, йил бошидан) маълумотларига киритилади. Ўтган даврда йўл қўйилган жиддий хатоларни тузатиш суммаси йил бошидаги тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш ҳамда активлар, мажбуриятлар ва хусусий капиталнинг бошқа моддаларига тегишли тузатишлар киритиш йўли билан акс эттирилиши мумкин.

Кредиторлик қарзларини ҳисобдан чи­қариш мавзуси ҳам анчагина қизиқиш уйғотди. Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳақидаги ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомга5 биноан асосий фаолиятдан олинадиган бошқа даромадларга даъво билдириш муддати – 3 йил ўтган кредиторлик ва депонент қарзларини ҳисобдан чиқаришдан олинган даромадлар киради. Улар 9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар» ҳисобварағи кредитида акс эттирилади. Шу муносабат билан мунтазам равишда ҳисоб-китобларни инвентаризациядан ўтказиш, мавжуд қарзлар юзасидан солиштирма далолатномалар тузиш лозим.

 

Семинар иштирокчиларда шунчалик катта қизиқиш уйғотган эдики, тадбир тугаганидан кейин ҳам ҳеч ким кетишга ошиқмасди. Улардан баъзилари ўз таассуротларини биз билан ўртоқлашди.

 

«EL-MET» ишлаб чиқариш-тижорат фирмаси бош бухгалтери Э.АБАЕВА:

– Семинар менга жуда ёқди. Яхши ташкил этилган, мутасаддилари ҳам малакали. Ўзимни қизиқтираётган барча саволларга жавоб олдим, иш учун керакли тавсиялардан албатта фойдаланаман. Бухгалтерия ҳисобини 22-сон БҲМСга мувофиқ юритиш бўйича янгиликларни тушунтириб беришгани учун алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман.

 

«SPECIAL AVTO TRACK» бош бухгалтери З.ҒОФУРОВА:

– Семинар жуда соз бўлди. Ўзим учун керакли шунча нарсаларни билиб олганимдан беҳад хурсандман. Асосий воситаларни қайта баҳолашга оид янги проводкаларни ҳам, бу ишни амалга ошириш йўлини ҳам билиб олдим. «NORMA»га минг раҳмат!

 

«UZCarlsberg» МЧЖ бош бухгалтери Е.КОРЕНЧЕНКО:

– Тадбир барчага фойдали бўлганлиги тайин. Талайгина қизиқарли ва фойдали ахборотлар олдим, саволларимга берилган жавоблардан қониқиш ҳосил қилдим. Семинарни олиб борувчилар мавзуни яхши очиб беришди, барча керакли жиҳатларни муфассал ва аниқ равишда ёритиб беришди. Нимани мўлжал қилиб келган бўлсам, ҳаммасини ошиғи билан олишга муваффақ бўлдим.

 

Бош бухгалтер М.КОРНИЛОВА:

– Семинар менга ниҳоятда ёқди. Курсдаги тафовутларга оид бухгалтерия ҳисоби бўйича ўзгартишлардан, ижара билан боғлиқ янгиликлардан ва газетада ўқимаган, Интернетда танишишга муваффақ бўлмаган кўпгина бошқа нарсалардан хабар топдим. Тадбир мутасаддилари ўз ишининг чинакам устаси экан, ўқув жараёни ташкил этилишини эса ҳар қанча мақтасанг кам.

 

1Молия вазирининг АВ томонидан 21.05.2004 йилда 1364-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2Молия вазирининг АВ томонидан 14.01.2004 йилда 1297-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

3Молия вазирининг АВ томонидан 14.08.2013 йилда 2501-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

4Молия вазирининг АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғига 7-илова.

5ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган.

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 1405 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика