Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 6 / Божхона

Қимматли багаж

Газетамизда ушбу мавзу мунтазам ёритиб борилса-да, маданий-тарихий қимматга эга бўлган предметларни олиб чиқиш масаласи аввалгидек газетхонларимизни ташвишга солиб келяпти. Бугун биз улар берган саволларга жавоблар тўпламини тайёрладик.

 

Буюмни (менинг ҳолатимда – ҳунармандчилик буюми) хорижга олиб чиқиш учун у тарихий ва маданий қимматга эга эмаслиги тўғрисида сертификатни қаердан ва қандай олишим мумкин?

Вазира М.

 

Иккинчи жаҳон урушида қатнашганлик учун олинган мукофотларни Ўзбекистондан қандай олиб чиқса бўлади?

И.Т.К.

 

Чорсуда 300 минг сўмга сотиб олинган сўзанани муаммосиз олиб чиқса бўладими?

К.Комилов.

 

Картиналарни хорижга олиб чиқаётганда божхонада ­муаммо юзага келади дейишади. Дўстим мой бўёқда ишлаган полотнони олиб чиқишга рухсатномани қаердан ва қанча муддатда олиш мумкин?

Д.И.

 

ТАРТИБ ҲАММА УЧУН БИТТА

Газетхонларни қизиқтирувчи буюмларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш устидан назоратни Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирили­ши тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 23.03.1999 йилдаги 131-сон қарорига 1-илова, бундан ке­йин – Низом) тартибга солади. Унинг 5-бандида кўрсатилишича, 50 йил муқад­дам ва ундан ҳам олдинроқ яратил­ган маданий бойликлар Ўзбекистон­дан олиб чиқиб кетилмайди.

Бироқ айрим бундан «ёшроқ» буюмларни олиб чиқишга рухсат берилмаслигини ҳам билиш лозим. Уларнинг рўйхати ҳам Низомда назарда тутилган. Уларнинг маданий-бадиий ва тарихий жиҳатдан қанчалик ноёблигини Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳузуридаги Бадиий экспертиза бошқармаси ёки унинг минтақавий бўлинмалари экспертлари белгилайди.

 

ҲУНАРМАНДЛАРНИНГ МАҲСУЛОТЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Кейинги 50 йил ичида яратилган, олиб чиқиш ҳуқуқига сертификатлар талаб этилмайдиган маданий бойликлар рўйхатига (Низомга 5в-сон илова) халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий-безак санъати буюмлари ҳам киритилган. Уларга қуйидагилар киритилган:

l ганч ўймакорлиги – қан­диллар, деворий шамдон, кўзгулар, ҳай­калчалар;

l ёғоч ўймакорлиги – баландлиги 20 см гача бўлган оммавий ишлаб чиқариш буюмларининг барча турлари;

l суяк ўймакорлиги – эсдалик буюмлар, майда пластика, нэцке, қутичалар;

l тош ўймакорлиги – нақ­шинкор устунчалар, панжаралар; эсдалик буюмлари, майда плас­тика, нэцке, қутичалар; ёзув асбоблари; шамдонлар; геральдика ва давлат рамзлари; қимматбаҳо ва зеб-зийнат тошларидан ясалган тақинчоқлар;

l ёғочдан ясалган халқ ҳунар­мандчилиги буюмлари – ошхона анжомлари (жўвалар, туздонлар, нондонлар, мойжувозлар, ҳовончалар, тақсимлаш тахталари, чакичлар); беланчаклар, болалар аравачалари, бешиклар ва уларнинг анжомлари; токарлик жимжимадор буюмлари; нардлар; шахмат тахталари ва сипоҳлари;

l металл ва тунукадан буюм­лар – нақшинкор қувурлар ва новлар; қуйма буюмлар (эшик ва дераза дасталари, зулфинлар, занжирлар, қўнғироқлар, шамдонлар); ошхона анжомлари; эсдалик буюмлари (зираклар, ҳалқалар, билагузуклар, арзон тақинчоқлар);

l эгри қиличлар, ханжарлар ва миллий пичоқлар;

l зарб қилинадиган буюмлар – пиёлалар, тақсимчалар, патнислар, гулдонлар, гиламлар, шамдонлар, қандиллар, деворий шамдонлар, эшик ҳалқалари, эшик ва дераза новлари, дасталар, занжирлар, қулфлар; пичоқлар учун қинлар, ошхона анжомлари;

l чинни, фаянс, керамика – тандирлар; 20 см гача баландликка эга бўлган буюмлар;

l қўлда гиламдўзлик – намат буюмлар;

l қўлда тикиш ва тўқиш – атлас, беқасам, адрас, салла, табиий ипак, ип газлама, жун ва синтетик иплардан тайёрланган газмоллар; қўлда ёки механик усул билан тўқилган буюмлар (тивит ва жун рўмоллар, қўлқоплар, журабилар, пайпоқлар, бош кийимлари);

l шиша буюмлар – деворий шамдон, майда пластика, эсдалик буюмлари, бадиий пуфлаш техникасида бажарилган тақинчоқлар (туморлар, тасбеҳлар, мунчоқлар); шишага, ойнага нақш солиб тайёрланган буюмлар;

l зардўзлик буюмлари – елпи­ғичлар, чойнак қопқоқлари, бош кийимлар;

l каштачилик – қисман қўлда кашта билан тикилган майда ­буюмлар (50 х 50 см);

l гул босиб ва бахялаб тикиш – миллий кийимлар, миллий чойшаб ва кўрпачалар, ёстиқлар (лўла, болиш); белбоғлар; жияклар; сумкалар;

l миллий тўнлар ва бош кийимлари – чопонлар, яктаклар, нимчалар, болалар чопонлари, тўй чопонлари; дўппилар; қалпоқлар; саллалар; мўйна, қоракўл ва қўл тўқимачилиги материалларидан тикилган бош кийимлар;

l эсдалик учун мўлжалланган чолғу асбоблари;

l миниатюра, ранг тасвир, нақш­ли ва сирли безаклар – қовоқ, суяк, папье-машеда миниатюра, ранг тасвир ва нақшли безаклар;

l ҳажмли ва жимжимадор қу­йиш шаклларидан фойдаланиб табиий ва синтетик қурилиш материалларидан қуйиш техникасида ясалган буюмлар (муқарнаслар, фризлар, рамкалар, карнизлар, қандиллар, деворий шамдонлар; думалоқ, овал ва бурчак шаклли нақшлар; колонналар); меъморий безак элементлари, шунингдек мис, бронза, чўян, алюминийдан қўлбола усулда қуйилган буюмлар;

l майда ҳайкалтарошлик пластикаси – табиий ва сунъий мате­риаллардан (ганч, шамот, мис, бронза, алюминий, суяк, ёғоч, тош, керамика, чинни, фаянс) ясалган ҳайкалтарошлик шакллари, баландлиги 20 см дан катта ҳайкалтарошлик пластикасидан ташқари;

l ёғоч, металл, ганч, газмол, керамика ҳамда бошқа табиий ва сунъий материаллардан ясалган ўйинчоқлар ва қўғирчоқлар;

l тўқиш – ўсимлик материалларидан (қамиш, тол, сомон, турли дарахтларнинг новда ва шохларидан тўқилган буюмлар);

l чарм буюмлари ва пойабзал – аёллар маҳси ва ковушлари; эркакларнинг хром маҳси ва ковушлари; эгар ва узангилар, камарлар, қайишлар, миллий нимчалар;

l табиий ва сунъий материаллардан ясалган эсдалик ва совға буюмлари (туморлар, тасбеҳлар; мунчоқлар, зираклар, узуклар, билагузуклар, арзон тақинчоқлар, камарлар, нишонлар).

 

«ОЛИБ ЧИҚИШГА РУХСАТ БЕРАМИЗ...»

Маданий бойликларнинг Ўзбе­кистондан доимий ёки вақ­тинча олиб чиқилиши ҳуқуқини берувчи сертификат олиш учун уларнинг эгаси олдиндан Маданият ва спорт ишлари вазирлигига белгиланган шаклдаги ёзма ариза, олиб чиқиб кетиладиган ашёларнинг рўйхатини ва уларнинг ҳар бирига иккитадан фотосурат, шунингдек ашёларнинг ўзини тақдим этиши шарт. Оммавий ва серия­ли ишлаб чиқарилган ашёларни, шунингдек завод паспортига эга бўлган мусиқа асбобларини олиб чиқиш учун фотосурат талаб қилинмайди. Матбаа асарлари олиб чиқилиши учун рўйхат икки нусхада тақдим этилади.

Ариза Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг қуйидаги манзилда жойлашган Бадиий экспертиза бошқармасига (маданий бойликларни олиб чиқиш ва олиб кириш бўйича) тақдим этилади: Лашкарбеги кўчаси, 19 (мўлжал – «Ҳ.Олимжон» метро бекати, Латвия элчихонаси рўпарасида), тел. (+998 71) 237-07-38. Қўшимча телефонлар: Бошқарма бошлиғининг ўринбосари – 237-14-75, экспертиза бўлими – 237-07-38, назорат бўлими – 237-14-42.

Олиб чиқиладиган маданий бойликлар ваколатли санъатшунос – экспертлар томонидан кўриб чиқилади. Зарур ҳолларда экспертизага юқори малакали мутахассислардан иборат бўлган штатдан ташқари экспертлар шартнома асосида жалб қилиниши мумкин. Алоҳида ҳолларда экспертлар консилиуми чақирилади. Ашёларни кўриб чиқиш ва уларни олиб чиқиш имконияти тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлаш ашёнинг эгаси ҳозир бўлмаган ҳолда амалга оширилади, бироқ у юзага келган саволларни ойдинлаштириш учун чақирилиши мумкин. Зарурият бўлганда ашёлар экспертизаси улар турган жойда ўтказилиши мумкин.

 

ДЎСТНИНГ ҚАЛАМИГА МАНСУБ КАРТИНА ҲАҚИДА

Маданий бойликларга таал­луқли ашёлар тоифасига ҳар қандай асосда ва ҳар қандай материаллардан бутунлай қўлда ишланган расмлар ва суратлар киради. Тегишинча, хатда айтилган дўстингиз чизган картинага ҳам рухсат берувчи сертификат керак.

«Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 678-I-сон) 7-моддасига мувофиқ муаллиф ўзининг мулкида бўлган, ўзи яратган маданий бойликларни олиб чиқишни Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан бериладиган олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома асосида амалга оширади. Бошқа ҳолларда мазкур буюмни аввалги эгасидан бошқа шахсга ўтказишнинг қонун билан белгиланган шак­лини тасдиқловчи ҳамда унинг қийматини тасдиқлайдиган ҳуж­жатлар (чеклар, квитанциялар ва ҳоказо) тақдим этилади.

 

ЭКСПЕРТИЗА МУДДАТЛАРИ

Маданий бойликларнинг бадиий экспертизаси 10 кундан ошмайдиган муддатда амалга оширилади. У олиб чиқишга ариза берилган буюмларнинг сони, уларнинг ҳолати ва экспертизанинг мураккаблик даражасига боғлиқ. Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра уни ўтказганлик учун аризачи, олиб чиқиш имкониятидан қатъи назар, махсус йиғим тўлайди. Агар мутахассисларда эътирозлар туғилмаса, улар махсус сертификат берадилар, фотонусхаларда эса божхона учун махсус белгилар қўйишади, божхона сертификат айни ушбу ­буюм ёки ҳужжатга берилганлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Мамлакатимиздан олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома Вазирликнинг ваколатли ходими томонидан имзоланади ва берилган кундан бошлаб 3 ой мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.

 

МУКОФОТЛАР ТЎҒРИСИДА

«Давлат мукофотлари тўғри­сида»ги Қонуннинг (22.12.1995 йилдаги 176-I-сон) 20-моддасига мувофиқ республикадан чиқиб кетаётган Ўзбекистон фуқа­ролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларига қарашли бўлган давлат мукофотлари ва уларга ­доир ҳужжатларни ўзлари билан олиб кетиш ҳуқуқига эгадирлар. Шахсий мукофотларни олиб чиқишга рухсатномани расмийлаштириш талаб этилмайди. Низомнинг 23-бандига кўра улар кейинги 50 йил ичида яратилган, олиб чиқиш ҳуқуқига сертификатлар талаб этилмайдиган маданий бойликлар рўйхатига киритилган. Бироқ бунда кўкрак нишонини тақиш ҳуқуқини берадиган мукофот гувоҳномаси бўлиши шарт. Ушбу ҳужжат шахсий мукофот билан бирга божхона хизмати ходимларига чегарани кесиб ўтаётганда тақдим этилади. Ана шунда уларни олиб чиқишда ҳеч қандай ­муаммо юзага келмайди.

 

МАҚОЛА ХОТИМАСИДА

Агар фуқаро маданий ёки тарихий қимматга эга бўлиши мумкин бўлган буюмларни бадиий экспертизани четлаган ҳолда олиб ўтмоқчи бўлса, олиб чиқишга сертификат мавжуд бўлган ҳолат­дагидек, уларни Т-6 шак­лидаги божхона декларациясига киритиши шарт. Божхоначилар шубҳали ҳолларда товарни экспертизага берадилар. Агар бадиий экспертиза вакиллари бойликни хорижга олиб чиқиш мумкин эмаслиги тўғрисида хулоса беришса, у ўз эгасига ёки унинг қариндошларига қайтарилади. Бироқ агар тарихий ёки маданий қимматга эга бўлган буюмлар Т-6 шаклида кўрсатилмаган бўлса, улар мусодара қилинади. Ушбу далил контрабандага уриниш сифатида баҳоланади, бу эса маъмурий жазога ёки янада қаттиқ жазо чораларига олиб келади.

 

Интернетдан шарҳлар

Россияга кўчиб кетмоқчи бўлган қариялар билан танишиб қолдим. Уйларида XIX аср боши ва ўрталарида чизилган – кўринишига қараганда аслзодалар тоифасига мансуб эркак ва аёлнинг жуда катта иккита портрети илиғлиғ эди. Чол-кампирнинг айтишича, катта бобокалонларининг портретлари Санкт-Петербургдан XIX асрнинг иккинчи ярмида, улар Тошкентга кўчиб келишганда олиб келинган экан. Бироқ айни ушбу портретлар туфайли муаммо келиб чиққан – олиб чиқишга рухсатнома берилмаган, чунки улар 50 йилдан аввал яратилганлиги боис (аслида эса қарийб 200 ёшда) тарихий қимматга эга ҳисобланган. Тошкентда қариндошлари қолмагани боис, улар портретларни бирорта музейга совға қилишга уринганлар, бироқ музей ходимлари суратлардагилар бирорта машҳур тарихий шахслар эмас ва бадиий қимматга эга эмас деб ҳисоблаб, портретларга қизиқмаганлар. Кексалар умидсизликка тушишган, чунки улар оиласининг бир неча авлоди ардоқлаб келган оилавий ёдгорликларни ташлаб юборишга қўллари бормаган. Айтингчи, бундан кимга фойда бор?

Азиз Раҳимов.

 

Биз Чорсуда сотиб олинган эсдалик ҳайкалчаларни дўстларимизга юбормоқчи эдик. Бироқ уларга маълумотнома олишга тўғри келди. Агар йўлга кетган вақтни ҳисобга олмасак, бутун таомилга 15 дақиқа кетди ва 4 000 сўм сарфланди. Албатта, уларни багажга солиш мумкин, бироқ ҳар доим сизни тўхтатишлари ва маълумотнома кўрсатишни сўрашлари эҳтимоли бор.

Aziza Rakhimova.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз

Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 3566 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика