Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 25 / Инвестициявий муҳит

Инвесторлар учун рағбат ва қулайликлар

Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида «Фақат ўзининг тор миллий қобиғида қолиб кетмаган бозоргина хорижий инвестицияларнинг катта оқимини жалб қилиб, минтақа мамлакатларининг барқарор ривожланиши ва фаровонлигини таъминлай олади» деб таъкидлаган эди.
Шу маънода Ўзбекистон хорижий инвестициялар, айниқса тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш борасида самарали сиёсат олиб бораётир. Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқилган пухта қонунчилик базаси қулай инвестиция муҳитини янада мустаҳкамлаш ҳамда хорижий капитал иштирокида ташкил этилган корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолатига айланган.
Қулай инвестициявий муҳит ҳақида сўз кетганда, бир қатор қонун ҳужжатларини ёдга олишга тўғри келади. Хусусан, «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида» (30.04.1998 йилдаги 611-I-сон), «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги (30.04.1998 йилдаги 609-I-сон) Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президентимизнинг «Хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган қўшимча рағбатлантириш омиллари ва имтиёзлар тўғрисида» (30.11.1996 йилдаги ПФ-1652-сон), «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» (11.04.2005 йилдаги ПФ-3594-сон), «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (10.04.2012 йилдаги ПФ-4434-сон) фармонлари ва бошқа қонун ҳужжатлари республика минтақаларига хорижий сармоялар ва замонавий технологиялар жалб этилиши рағбатлантирилишини кучайтириш, хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кафолатлар ва имтиёзлар тизимини янада мустаҳкамлаш, шу жумладан юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга тўғридан-тўғри қўйилмалар киритаётган хорижий инвесторлар учун максимал даражада қулай инвестиция муҳитини яратиш мақсадларини кўзлайди. Масалан, Солиқ кодексининг 59-боби «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар иштирокидаги солиқ тўловчиларга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари» деб номланади.
611-I-сон Қонуннинг 3-моддасида белгиланган меъёрга кўра, агар Ўзбекистон Республикасининг кейинги қонун ҳужжатлари инвестициялаш шарт-шароитларини ёмонлаштирса, унда чет эллик инвесторларга нисбатан инвестициялаш санасида амал қилган қонун ҳужжатлари инвестициялаш пайтидан бошлаб 10 йил мобайнида қўлланилади, чет эллик инвестор ўз хоҳишига кўра янги қонун ҳужжатларининг инвестициялаш шарт-шароитларини яхшилайдиган қоидаларини қўллаш ҳуқуқига эгалиги ҳам белгиланган.
ПФ-4434-сон Фармон билан ҳам хорижий инвесторларга муайян қулайликлар яратилди. Хусусан, унинг пул шаклидаги улуши 5 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат, мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўллаш ҳуқуқи берилди. Инвестицияни кўпроқ ҳажмда жалб этиш ҳам рағбатлантирилмоқда. Дейлик, қиймати 50 млн АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50 фоиз бўлган инвес­тиция лойиҳалари доирасида, ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш мамлакатимиз бюджети маблағлари ёки бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши бунинг яққол далилидир.
Хорижий инвесторларга бошқа қонун ҳужжатлари қатори Солиқ кодекси билан ҳам бир қатор имтиёзлар белгиланган. Масалан, Кодекснинг 377-моддасида имтиёзларнинг қўлланилиши тартиби, 378-моддасида имтиёзларни қўллаш бошланган сана ҳақида давлат солиқ хизмати органига билдириш юбориши масаласи тартибга солинади.
Инвесторларни мамлакатга жалб этишнинг энг самарали йўлларидан бири республикада улар учун махсус зоналарни ташкил этишдир. Шу маънода 2008 йилда 564 гектар майдон билан ташкил этилган «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси, «Ангрен», «Жиззах» махсус индустриал зоналарининг барпо этилиши юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий, юксак технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитларни шакллантириш, шунингдек жойларда ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш жойларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилганлиги сир эмас. Бу зоналар фаолият юритадиган муддат мобайнида уларнинг ҳудудида махсус солиқ тартиби ва божхона имтиёзлари амал қилиши назарда тутилди. Масалан, «Навоий» ЭИИЗ бўйича ҳукуматнинг «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида алоҳида божхона режими ҳамда алоҳида солиқ режимини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» қарори (23.04.2009 йилдаги 120-сон) қабул қилинди.
Ана шу яратилаётган барча шарт-шароит ва қулайликлар мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини ошириш, жаҳон молия бозорида юз бераётган ишсизлик, иқтисодий инқирозлар талафотини камайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Шерали ДЖАНИМОВ,
Олий бизнес мактаби тингловчиси.

Прочитано: 5109 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика